АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Аёллар футболи атрофида янги можаро кўтарилди.
Аниқроқ айтсак, Замбия аёллар терма жамоаси сардори Барбра Банда Африка чемпионатидан четлатилди. Чунончи, унинг асл жинси бўйича шубҳа-гумонлар бор. Қисқаси, Банда хоним аслида эркак эмиш... «СЭ» нашри ушбу мураккаб вазият тафсилотлари ва энг муҳим жиҳатларни тўплашга уринди.
Ўғил болалар билан ўйнаган ва Хитойда энг яхши тўпурар бўлган. Расмий маълумотларга қараганда, Барбра Банда 2000 йилнинг 20 март куни Замбия пойтахти Лусакада туғилган. У болалигидан спортга меҳр қўйиб, маълум муддат футбол баробарида бокс билан ҳам шуғулланган. Якунда отасининг қатъий кўрсатмасига биноан, футболни танлаган, барибир. Банданинг футболчилик фаолияти Bauleni United Sports Academy марказида бошланган. Эътиборли томони, у бу даргоҳда ўғил болалар даврасида ўйнаган. Шунчаки, ўша пайт академия тизимида Барбранинг ёшига тўғри келадиган қизлар гуруҳи бўлмаган. Банда 17 ёшга тўлгач, Замбия армияси тасарруфидаги Green Buffaloes («Яшил Буффало») клуби сафига қўшилади. Уни кейинчалик ҳарбий хизматга ҳам жалб этишади.
Барбра қизлар ўртасидаги қатор халқаро турнирларда яхши таассурот қолдириб, 18 ёшида Испаниянинг «Логроньо» клубига ўтади ва дебют ўйинидаёқ «Уэльва» дарвозасини ишғол қилади. Бироқ испанлар орадан атиги 6 ой ўтгач, Бандани Хитойнинг «Шанхай Шэнли» жамоасига жўнатишади. Шу тариқа Барбра Чин юртида аёллар ўртасидаги миллий чемпионатнинг 13та ўйинида 18та гол уриб, энг яхши тўпурарга аталган совринга эга чиқади.
Уни аёллар ўртасидаги Африка чемпионатига нега қўйишмади? Замбиялик футболчининг жинсига боғлиқ шубҳа-гумонлар анча олдин пайдо бўлган. Бандага нисбатан эътирозлар ўз-ўзидан туғилмаган, албатта. Биринчидан, у эркакларга хос гавда тузилишига эга. Иккинчидан, бу борадаги тиббий кўрик натижалари ҳам Барбранинг чиндан ҳам, эркак бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни янада қувватлантирди. Mundo Deportivo нашри маълумотига кўра, таҳлилда Банда қонида тестостерон (эркак гормони) миқдори ғайритабиий даражада юқори эканлиги маълум бўлган. Аслида тестостерон барча аёллар қонида мавжуд, лекин минимал миқдорда. Якунда Африка футбол конфедерацияси Барбрани вақтинча дисквалификация қилди ва унинг аёллар ўртасидаги Африка чемпионатида иштирок этишига рухсат бермади. Қизиғи, замбиялик яна икки аёл футболчи - Рэйчел Начула ва Рэйчел Кунанажига нисбатан ҳам худди шундай чора кўрилди.
Банданинг шахсий натижалари ҳайратни янада оширади. Дейлик, у Токио-2020 Олимпиадасида аёллар футболи йўналишида биринчи «хет-трик»ни расмийлаштирди. Ўшанда Барбра Нидерландия термаси дарвозасини 3 марта нишонга олган, аммо замбиялик аёллар якунда 3:10 ҳисобида мағлубиятга учрашганди. Атиги бир неча кундан сўнг Барбра Хитой термаси дарвозасига ҳам 3та гол уриб, ўз ютуғини такрорлади ва ўйин 4:4 ҳисобида якунланишини таъминлади.
Жаҳон спортида шунга ўхшаш ҳолатлар кўп. Шунга нисбатан яқин охирги можаро Жанубий африкалик енгил атлетикачи Кастер Семеня атрофида кузатилди. Бу - фаолиятининг бошидан шубҳалар орасида қолган аёл. Семенянинг рақиблари унинг аслида эркаклигини айтиб, шикоят ёзишди. Семеня эса HBO нашрига берган интервьюсида шубҳаларда заррача асос йўқлиги, у табиий аёл эканлигини қатъий оҳангда таъкидлади. Текширувлардан маълум бўлишича, икки карра Олимпиада чемпиони ва халқаро мусобақаларда кўп бора ғалаба қозонган Семеняда жинсий ривожланиш бузилган экан. Лекин унда эркакликнинг асосий белгилари йўқ. Якунда Кастерни четлатишмади, шунчаки, олдига тестостерон миқдорини пасайтирадиган гормонал дорилар қабул қилиш шартини қўйишди. Семенянинг охирги катта ютуғи - бу 2017 йили 800 метр масофага югуриш бўйича жаҳон чемпиони бўлгани. Унинг сўзларига кўра, гормонал дорилар саломатлигига жиддий путур етказган. Энди Барбра ҳам худди шундай муаммога дуч келиши мумкин. Айтиш керак, замбиялик футболчи яқинда «Реал» аёллар жамоаси эътиборига тушганди. Энди эса унинг бутун фаолияти катта сўроқ остида қолмоқда...
РАВШАН ИБРОҲИМ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789