НАТИЖА: Испанча қатъият билан...

НАТИЖА: Испанча қатъият билан...

Испания футболи 23 йилдан буён бошқа мамлакатлар вакилларига қарши асосий финалларда фақат ғалаба қозонмоқда...

…Хоҳ Европа ва жаҳон чемпионатлари, хоҳ еврокубокларнинг ҳал қилуви ўйинларида мағлубият нималигини билмаяпти. Оддий айтганда, Испания клублари ва мамлакат миллий жамоаси 2002 йилдан буён йирик турнирлар финалида бирор марта ютқазгани йўқ «бегона» рақибга. Гап ЖЧ, Европа чемпионати, ЧЛ ва ЕЛ ҳақида кетмоқда. Бу орада Испания терма жамоаси ва клублари бошқа мамлакатлар вакилларига қарши кечган жами 23та финалнинг барчасида ғалаба қозонди!

Испания терма жамоаси|клубларининг ўзга мамлакатлар вакилларига қарши финалларга боғлиқ ғолибона серияси 2002 йили бошланганди. Ўшанда «Реал» ЧЛ финалида «Байер»ни 2:1 ҳисобида доғда қолдирган. Испания жамоаларининг «бегона» рақибга қарши финалдаги охирги мағлубияти 2001 йилги ЧЛда кузатилган - «Валенсия» Милан шаҳрида «Бавария»га пе-нальтилар серияси бўйича ют­қазганди (1:1дан кейин 4:5). Бундан олдинроқ эса «Алавес» УЕФА кубоги финалида «Ливерпул»га имкониятни бой берган (4:5). Умуман, 2002 йилдан буён Испания вакиллари нақ 27та финални ўз фойдаларига ҳал қилишди. Шундан 4таси «испанча дерби» мақомида ўтганини алоҳида айтиш керак. Хуллас, Испания футболи ўз иштирокидаги охирги 27та финалда 4 марта мағлубликка юз тутган бўлса, уларда ҳам соврин Пириней мамлакатига кетган, барибир. 

Тўғри, ушбу статистикага расмий равишда финалга эга Европа суперкубоги, Клублар ўртасидаги ЖЧ ва Миллатлар Лигаси турнирлари кўрсаткичлари киритилмаган. Лекин испанлар ушбу мусобақаларга оид статистика бўйича ҳам бемалол мақтанишлари мумкин.

Европа суперкубоги. Испания клублари 2001 йилдан буён аслида 1та ўйиндан иборат мавсумолди турнири саналган суперкубок баҳсида 17 марта иштирок этди ва 13 марта ғалаба қозонди. Хусусан, бу орада 5та ўйин соф испанча дуэлга айланди. Шундай экан, Европа суперкубогига боғлиқ статистика ҳам жойида. Ҳа, Испания жамоаларининг бу борадаги кўрсаткичи сўнгги 4  йилда кескин ёмонлашди. Бинобарин, шу оралиқда суперкубок учун Испания номидан 3 марта ЕЛ ғолиби сифатида майдонга тушган «Вильярреал» (2 марта) ва «Севилья» клублари ЧЛ ғолиблари («Бавария», «Челси» ва «Манчес­тер Сити»)га бас келолмади. Бунгача эса испанлар 19 йил ичида суперкубок учун баҳсда атиги 1 марта мағлуб бўлишганди - 2007 йили «Севилья» Италиянинг «Милан» жамоасига 1:3 ҳисобида ютқазган.

Европа Миллатлар Лигаси. Бу турнир тарихида ҳозиргача атиги 3та финал бўлди. Испания термаси эса шундан 2тасида иштирок этди. «Қизил фурия» 2019 йили Франция термасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўшанда Килиан Мбаппе томонидан урилган ғалаба голи жиддий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарганди. 2023 йили эса испанлар финалда хорватларни пенальтилар серияси бўйича доғда қолдиришди.

Клублар ўртасидаги ЖЧ. Агар бу турнирни ҳам ҳисобга киритсак, Испания жамоаларининг ғолибона юриши вақти нисбатан қисқаради, лекин кетма-кет ғалабалар сони 31тага ошади. «Барселона» Клублар ўртасидаги ЖЧ-2006да Бразилиянинг «Интернасьонал» жамоасига ютқазган бўлса, шундан сўнг испанлар кетма-кет 8та финалда ғалаба нашидасини суришган.