Немисча remontada ёхуд жинни «камбэк»

Немисча remontada ёхуд жинни «камбэк»

Германия чемпионати пирамидасида 7-ўринда турувчи лигадан ақлни шошириб қўядиган «камбэк»

Диққат қилинг, ҳудудий лига кубогидан ўрин олган ўйиннинг 51-дақиқасида 7-голни қўйиб юборган «Ольденбург» клуби қолган вақт давомида ҳисобни тенглаштирди, кейин пенальтилар сериясида ғалабани ўз томонига оғдирди - 5:4. Қандайдир 40 дақиқада 0:7ни 7:7га айлантириш - футбол кашф этилибдики, бунақа жинни «камбэк» кузатилмаган бўлса керак.

Айтишларича, ҳисоб 0:7га етган паллада мезбон жамоа бош мураббийи футболчилардан ўзларини қўлга олишлари ва мухлислар ҳурмати 10тадан кўп гол қўйиб юбормасликни сўраган. Амалда Ольденбург» кейинчалик нафақат ўз дарвозасига «қулф» солди, балки рақиб - Васбек»ка айнан 7та гол билан жавоб берди қандайдир мўъжизавий тарзда. Ҳа, немисча эҳтирос жунбушга келган кўринади. Гап 7-даражали дивизион (Фербандслига), яъни Шлезвиг-Гольштейн ҳудудий турнири (албатта, ҳаваскорлар) доирасидаги кубок учрашуви ҳақида кетмоқда. 

Айтиш жоиз, 7та гол устунлигини сақлаб қололмаган «Васбек» Ғарбий Фербандслига пешқадами ҳисобланади. Шундай жамоани 40 дақиқа ичида қанақасига 7та гол қўйиб юборгани ақлга сиғмайди. «Ольденбург» футболчиоларида айниқса, 70-дақиқадан кейин иккинчи нафас йўли очилганини ҳам айтиш жоиз. Улар 10 дақиқа оралиғида 3та гол уриб, ҳисобни 5:7га етказишди, кейин эса рақиб майдонда озчилик бўлиб қолганидан унумли фойдаланишди - 7:7. Пенальтилар сериясидаги 5:4 ҳисоби эса шу ажабтовур «камбэк»нинг мантиқий якуни бўлди.