НИГОҲ: Пулнинг кучи бекор...

НИГОҲ:  Пулнинг кучи бекор...

«ПСЖ» ЧЛ ярим финали жавоб ўйинида «Боруссия» Д. дарвозаси томон 31 марта зарба йўллади.

Тасаввур қилинг, 31 марта! Тўғри, улардан атиги 5таси аниқ чиқди. Факт шуки, Париж гранди тотал устунликка эга бўлди. Бироқ Луис Энрике шогирдларига гол завқи насиб этмади. Аксинча, «Боруссия» вақтида ўз голини урди ва финалга йўл очди. Оддий айтганда, Яқин Шарқ миллионларига кўмилган «ПСЖ» яна финалдан четда.

«ПСЖ» Германиядаги биринчи ўйинда ўта суст кўринган ва финал сари силжишга лойиқ эмасдек кўринганди. Жамоада пул етарли, аммо майдонда ҳаммасини бошқа нарсалар ҳал қилишини Дортмунд «Боруссия»си яна бир бора исботлаб берди. Германияликлар «Парк де Пренс»да муносиб ҳимояланиш баробарида гол уриш йўлини ҳам топишди. «ПСЖ»нинг ЧЛ кубогига боғлиқ орзусини дафн этган бу сафарги гол муаллифи - Матс Хуммельс эди. Диққат қилинг, ЧЛда охирги марта нақ 11 йил муқаддам «Шахтёр» дарвозасига гол урган ҳимоячи! 

Умуман, «Боруссия» ўйин чизгилари бўйича «ПСЖ» олдида фантастик кўринди. Эҳтимолки, Париж грандига катта босим ҳам халақит бергандир. Ахир ярим финалнинг биринчи ўйинидан кейин кўплаб бетараф мухлислар ва экспертлар беихтиёр «Дортмунд» томон ўтиб олишди. Нега? Чунки !!! Терзич шогирдлари «Уэмбли» финали йўлида чинакамига курашишди, майдонда борларини беришди. Мана, улар якунда пулдан устун келиб, 12 йил бадалига илк марта ҳал қилувчи ўйинга йўл олишди. Хавфсизлик камарини тақиб олинг - Марко Ройс сўнгги юришига шайланмоқда. Беҳисоб пул эгаси - «ПСЖ» эса яна ва яна кутишга мажбур...

Факт. «ПСЖ» ЧЛ тарихида «плей-офф» босқичининг битта ўйинида рақиб дарвозасига 30 мартадан кўп зарба йўллаган ҳолда, бирор гол урмаган биринчи жамоа бўлди.