Норхонов ҳам "Навбаҳор" билан Туркияда йиғинни давом эттиради

Норхонов ҳам "Навбаҳор" билан Туркияда йиғинни давом эттиради

Янги мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган вице-чемпион, ОЧЛ “плей-офф” баҳсларини муваффақиятли якунлаб, гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритиш мақсадида 7 январдан бошлаб Туркияда йиғинни давом эттиради

Анталья(Туркия)даги тайёргарлик жараёнида "Навбаҳор" хориж клубларига қарши бир қатор назорат-синов учрашувлари ўтказишни режалаштирган. Айтганча, Наманган клуби билан шартнома имзолаган Шоҳруз Норхонов клуб расмий сайтига дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Мени «Навбаҳор»га клуб  раҳбари ва бош мураббий таклиф қилишди. Ушбу чорловни иккиланмай, қабул қилиб, жамоа билан шартнома имзоладим. Жамоа сафига қўшилишимдан асосий мақсад, янги мавсумда «Навбаҳор» таркибида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиш. Худо хоҳласа, 2023 йилги мавсумда «Навбаҳор» ўзи иштирок этадиган 3 та фронт, яъни, Суперлига, Ўзбекистон кубоги ҳамда Осиё Чемп ионлар Лигаси (ОЧЛ) «плей-офф» баҳсларида муваффақиятли тарзда қатнашиб, Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳибига айланади, ОЧЛда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади, деган умиддаман.

«Навбаҳор»га ўтишимда ушбу омил, яъни, Наманган футболсеварлар вилояти эканлиги, «Навбаҳор» кўплаб мухлисларга эгалиги ҳам муҳим роль ўйнади.  Бўлажак мавсумда жамоамиз ишқибозларини ўз ғалабаларимиз билан хурсанд қиламиз, деган умиддаман.
***
Олдинроқ “лочинлар”нинг сербиялик 29 ёшли ҳужумчиси Зоран Марушич жамоамизни тарк этганлигини маълум қилгандик. Шунингдек, Наманганни яна бир қатор футболчилари янги мавсумни бошқа клубларда давом эттиришга қарор қилишди. 
“Навбаҳор” таркибини дарвозабон Раҳимжон Давронов (жамоамиз таркибидан 2021-2022 йиллар мавсумларида ўрин олиб, Ўзбекистон Coca Cola кубоги баҳсида жамоамиз дарвозасини қўриқлаган), ҳимоячилар - Рустам Ашурматов (жамоамиз сафида Coca Cola Суперлига - 2022да 25 та ўйин, 2250 дақиқа, 2 та гол, 1 та ассист), Боян Цигер (жамоамиз сафида 2021 – 2022 йиллар мавсумларида Cуперлигада жами 36 та ўйинда майдонга тушиб, 3095 дақиқа тўп тепиб, 1 та голга муаллифлик қилган), Станислав Андреев (Суперлига- 2022да 19 та ўйин, 1379 дақиқа, 1 та ассист), ярим ҳимоячилар – Азимжон Аҳмедов (2019 – 2022 йиллар мавсумида жамоамиз таркибида Суперлигада 88 та ўйинда майдонга тушиб, 6402 дақиқа тўп тепиб, 9 та гол урган ва 1 та голга ассистентлик қилган), Нурилло Тўхтасинов (Суперлига – 2022да 13 та ўйин, 508 дақиқа, 1 та ассист), Диёржон Туропов (жамоамиз таркибида Суперлига – 2022да 12 та ўйин, 759 дақиқа, 1 та ассист), қирғизистонлик 32 ёшли ҳужумчи Мирлан Мурзаев (“лочинлар” таркибида Суперлига – 2022да 3 та ўйин 52 дақиқа), бундан ташқари, жамоамизда ижара асосида тўп тепган россиялик 33 ёшли ҳужумчи Александр Касьян (“лочинлар” таркибида Суперлига – 2022да 6 та ўйин, 33 дақиқа) тарк этишди. 

Мазкур ўйинчилардан Рустамжон Ашурматов, Боян Цигер ва Мирлан Мурзаев ўз фаолиятларини хориж клублари, қолганлари эса юртимиз жамоаларида давом эттиришади.