ОК-2024 энг яхши футболчиси, Париж-2024 тўпурари, «Реал» тарбияланувчиси...

ОК-2024 энг яхши футболчиси, Париж-2024 тўпурари, «Реал» тарбияланувчиси...

Элит ОЧЛ доирасида Тошкентга келадиган юлдузлар

Элит Чемпионлар Лигаси - ОФК томонидан янги форматда йўлга қўйилган клублар ўртасида энг нуфузли турнир. Лига ўзида кўплаб жаҳон юлдузларини бирлаштиради. Демакки, баъзи номдор футболчилар Ўзбекистон номидан қатнашадиган «Пахтакор» билан ўйин учун Тошкентга келишади. 16 август куни Куала-Лумпур шаҳрида Элит ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташланди ва дастлабки босқичда «шерлар»га рақиб бўладиган 8та жамоани билиб олдик. Қуръа олдидан ўзбек футболи мухлислари иккига бўлинишганди: юлдузларга тўла Саудия клубларини Тошкентда кўрмоқчи бўлганлар ва имкон қадар енгилроқ рақибларга қарши баҳслар орқали «шерлар»ни «плей-офф»да кўришга умид боғлаганлар. Якунда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони на уй ўйинлари ва на сафарда Саудия жамоаларига тўқнаш келадиган бўлди. Аммо бу Тошкентга юлдузлар келмасликларини англатмайди. «Сариқ-кўклар» «Пахтакор» стадионида реконструкция ишлари кетаётгани туфайли «Жар»да ўтиши режалаштирилаётган уй учрашувларида «Ал-Садд», «Ал-Айн», «Ал-Райян» ва «Ал-Васл» билан тўқнаш келишади. Ушбу клублар таркибида эса мухлисларни бефарқ қолдирмайдиган юлдузлар талайгина. Қуйида энг ёрқин ижрочиларга бирров назар соламиз.

Мешал Баршам - «Ал-Садд». Ҳа, бироз аламли хотира билан бошлашга мажбурмиз. Гарчи ёрқин юлдуз саналмаса-да, ушбу исм-шариф ўзбек футболи мухлислари учун принципиал аҳамият касб этади. Жорий йил бошида ўтказилган ОК-2024да миллий жамоамиз юришини чорак финалда тўхташида асосий ролни бажарган Мешал Баршам Тошкентга «Ал-Садд» кипери сифатида келади. Албатта, уни Қатар миллий жамоаси билан ҳам пойтахтда кутамиз. Аммо терма жамоалар ўйинига қадар ҳам Баршамга уни яхши эслаб қолганимизни кўрсатиб қўйишимиз мумкин.

Акром Афиф - «Ал-Садд». Осиё кубогида футболчиларимиз турнирнинг энг яхши тўп­урарини зарарсизлантириш уддасидан чиқишган ва унинг ўзи миллий жамоамиз билан учрашувни энг мураккаби сифатида тилга олганди. «Эспайр» академиясининг энг омадли топилмаларидан бири лойиҳа доирасида «Вильярреал»га юборилган бўлса-да, қатарликка «сариқ сувости кемаси»да жой топилмади. Афиф кейинчалик Испанияга йўл олишига қадар 1 мавсум ўйнаган клуби - «Эупен» (Бельгия)га қайтди, аммо унда ҳам асосий таркибга киролмади. Шундан сўнг «Ал-Садд» Афифни аввалига ижара келишуви, кейинроқ тўлақонли трансфер воситасида ўз таркибига қўшиб олди. Шу тариқа клуб тарбияланувчиси ўз юртида асосий юлдузга айланди.

Софиян Раҳими - «Ал-Айн». Марокаш футболи сўнг­ги йилларда бутун дунёни ҳайрон қолдиришда давом этмоқда. Марокашликлар ЖЧ-2022даги эртакнамо иштирокдан кўп ўтмай, Олимпиадада ҳам фурор кўтаришди роса. Аргентина термасига қарши можароли баҳс ва ғалаба, жамоанинг бронза медалигача бўлган сермаҳсул йўл ҳамда 8та гол билан турнир тўпурарига айланган Софиян Раҳими. Париж-2024да Марокаш термаси билан йўлларимиз кесишмади, аммо ҳозир «Пахтакор»да кўплаб собиқ олимпиячиларимиз бор. Демак, уларни Олимпиада тўп­урари билан қарама-қаршиликда кўриш қизиқ, албатта.

Давид Гарcия - «Ал-Райян». «Осасуна» тизимига 2003 йили қўшилган Давид Гарсия деярли бутун фаолиятини ушбу клубга бағишлади ва Памплонада уни ҳақли равишда чин афсоналардан бири сифатида кўришади. Қатарликлар 30 ёшли ҳимоячи трансфери учун 8,5 млн. евро тўлашди ва келишувда яна 2,5 «лимон»га тенг бонус ҳам кўзда тутилган. Қатар грандининг ҳимояга айнан Гарсияни танлагани бежиз эмас. Гап шундаки, у 2018 йили ярим мавсум асли қатарликларга тегишли Испаниянинг «Културал Леонес» клубида ўйнаган. Испаниянинг Леон шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи бу жамоа «Эспайр» академиясининг ҳамкори сифатида ёш тарбияланувчиларнинг Испания дивизионларида тажриба орттиришларига хизмат қилади.

Софиян Буффал - «Ал-Райян». Марокаш миллий жамоаси чиндан ҳам, Қатар майдонлари ўтган мундиалда ҳақиқий эртак ёзди ва Софиян Буффал Африка тарихида илк марта жаҳон кубоги ярим финалига борган дружинанинг асосий мурватларидан бири сифатида гавдаланди. Ғалабаларни оналари билан майдонда нишонлашган марокашлик қаҳрамонлар бутун дунё эътиборини ўзларига тортишган ва Буффал айнан шу мусобақадан кейин, қишки трансферлар ойнаси вақти ўзи таҳсил олган, таркибида кўп йиллар ўйнаган «Анже» клубидан «Ал-Райян»га кўчиб ўтди. «Лилль», «Саутгемптон» ва «Сельта» каби Европа клубларида тўп сурган юқори савияли вингер миллий жамоамизнинг асосий ўнг қанот ҳимоячиларидан бири Ҳожиакбар Алижоновга қарши - қандай зўр дуэл-а...

Родриго Морено - «Ал-Райян». Европа футболи ихлосмандлари Моренони ҳам жуда яхши танийдилар. «Валенсия» ва «Лидс» клубларидаги фаолияти билан танилган футболчи «Реал» тарбияланувчиси ҳисобланади. Испания ва Бразилия фуқаролигига эга футболчи профессионал даражага кўтарилишидан аввалги 2 мавсум «Қироллик клуби» ўринбосарлари сафида шуғулланган. 2010 йили эса «Бенфика» томонидан 6 млн. еврога харид қилинган. Испания миллий жамоаси либосида 30 мартача майдонга тушган 33 ёшли футболчи ўтган йилнинг ёзида, «Лидс» Чемпионшипга тушиб кетгач, «Ал-Райян» билан шартнома имзолаганди.

Номлари тилга олинган юлдузларсиз ҳам стадион «Пахтакор»ни қўллашга иштиёқманд минглаб мухлислар билан тўлишига ишонсак-да, ёш таркибга эга «шерлар»нинг жаҳон юлдузларига қарши ўйинларини кўриш имконияти қўшимча мотивация бериши, шубҳасиз. Эслатма, «Ғарб» минтақасида 12та жамоа ягона гуруҳда иштирок этади ва 8таси нимчорак финалга йўл олади. Албатта, «плей-офф» қатнашчилари қаторида «Пахтакор»ни ҳам кўришдан умидвормиз.

Манба: tribuna.uz, Абдулбасит ВАЛИХОНОВ