Рейтинг: Терма жамоада кучлироқ...

Рейтинг:  Терма жамоада кучлироқ...

L~Equipe ўз клубларидан кўра терма жамоаларида самаралироқ тўп сурган ўйинчилар жамоасини шакллантирди.

Захира ўйинчилар рўйхати ҳам жуда ажойиб - ҳар бир футболчи қандайдир ёрқин жиҳати билан ўчмас из қолдирди: Раис Мболи (дарвозабон, Жазоир), Пер Мертесакер (ҳимоячи, Германия), Ромен Саисс (ҳимоячи, Марокаш), Клинт Демпси (ҳужумкор ярим ҳимоячи, АҚШ), Салли Мунтари (ярим ҳимоячи, Гана), Иван Перишич (ҳужумкор ярим ҳимоячи, Хорватия), Кейсуке Хонда (ҳужумкор ярим ҳимоячи, Япония), Гжегож Криховяк (ярим ҳимоячи, Польша), Хоэль Кэмпбелл (ҳужумчи, Коста-Рика), Тим Кэйхилл (ҳужумчи, Австралия).

Гильермо ОЧОА, Мексика

Очоанинг клубдаги фаолияти камтарин жамоаларда ўтди: «Аяччо», «Малага», «Гранада», «Стандард», «Америка» ва «Салернитана». Лекин Мексика терма жамоасида ЖЧ-2014 турниридан бошлаб барқарор ва ёрқин ўйинларни намойиш этди. Совринлар ҳам ўйинга яраша: 5 марта КОНКАКАФ Олтин кубогини қўлга киритди. Гильермо Америка Кубоги-2024 турнирида ҳам иштирок этиши мумкин эди. Бироқ бош мураббий Хайме Лосано авлодлар алмашуви туфайли дарвозабонга қайдномадан жой ажратмади.

Мартин КАСЕРЕС, Уругвай

Ҳимоячи «Барселона», «Ювентус», «Лацио» ва «Фиорентина» каби номдор клубларда ўйнаган бўлсада, Уругвай терма жамоасидаги ўйинлари билан донг таратди. У Америка Кубогида топ-6 ўйинчилар сафидан жой олди, 2011 йилда чемпионликка ҳам эришди. Дарвоқе, Касерес ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқда: 2022 йилдан бери «Лос-Анжелес Гэлакси» клубида тўп сурмоқда.

Домагой ВИДА, Хорватия

2018 йилдаги кумуш жамоанинг бир қисми: 6 учрашувда майдонга тушиб, чорак финалда Россияни таслим этишга ҳисса қўшган. Терма жамоа таркибида 14 йилдан бери тўп суради. Ҳатто сўнгги Еврога ҳам келди, лекин майдонга туширилмади. Виданинг клубдаги фаолияти анча камтарин. Энг номдор жамоаси «Байер», қолган вақтини «Осиек», Загреб ва Киевнинг «Динамо»лари, «Бешиктош» ва АЕК клубларида ўтказган.

Рикардо РОДРИГЕС, Швейцария

Бу футболчи 2010 йиллар ўрталарида «Вольфсбург»да самарали ўйин кўрсатган, кейин «Милан»да тўп сурган, ПСВга ижарага ўтиб, кейин «Торино»да ўйнаган. Лекин юксак савияни Швейцария терма жамоасида намойиш этган: 2011 йилда дебютини нишонлаган ҳимоячи ўйинлар сони бўйича етакчи Гранит Жакага нисбатан 10 марта камроқ майдонга тушган ва топ-учликдан жой олган.

Жердан ШАКИРИ, Швейцария

Шакири 3та топ-клубда тўп сурган бўлсада, «Бавария» билан «Ливерпул»да 3 мавсумни, «Интер»да эса атиги ярим мавсумни ўтказган. Лекин терма жамоада Жердан ёрқин ва сермаҳсул ўйинларни намойиш этган, суперголлар муаллифи бўлган. У ҳам 6та йирик турнирда майдонга тушиб, тўпурарлар рўйхатида етакчи квартетда бормоқда.

Поль ПОГБА, Франция

Таажжубки, бу футболчи ҳам қайси клубда ўйнашидан қатъий назар, қулай вазиятлардан фойдалана олмаган, терма жамоалар ўртасида эса, энг ёрқин ўйинчилардан бири ҳисобланади. Миллий жамоа билан Погба ЖЧ-2018 ва МЛ-2021 турнирларида шоҳсупадан жой олган, ўз ватанида бўлиб ўтган Евро-2016 турнирида ҳам ғалабага жуда яқин келган ва финалда Кубокни Португалияга бой бериб, кумуш медаль билан кифояланган.

Хорхе ВАЛЬДИВИЯ, Чили

Чилилик плеймейкер фақат «Палмейрас»да узоқроқ, 7 йил тўп сурди, бошқа клубларда барқарорликка эриша олмади ва улар сонини 10та етказди. Лекин терма жамоада ўз ўрнини топа олди ва 13 йил ичида 79та учрашувда иштирок этди. Хорхе 2015 йилда Америка Кубогини қўлга киритган.

Лукас ПОДОЛЬСКИ, Германия

130та ўйин, 49та гол - Подольскининг Бундестимда қайд этган натижаси шундай. ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2010 турнирларида бронза медалларини қўлга киритиб, ЖЧ-2014да чемпионликка эришган. Клубдаги фаолияти эса воқеаларга бой эмас: қадрдон «Кёльн»да ёрқин ўйнаган бўлсада, «Бавария» ва «Арсенал»да рисоладагидек ўйнай олмади. Туркиянинг икки клубида кўриниш бергач, Япониянинг «Виссел Кобе» клубига ўтганди 2021 йилдан бери Польшанинг «Гурник»ида тўп сурмоқда.

Хамес РОДРИГЕС, Колумбия

«Монако»нинг иқтидорли ярим ҳимоячиси ЖЧ-2014даги самарали ўйинлари орқали топлар эътиборини тортган ва «Реал»га йўл олганди. Лекин Мадридда ва бошқа клубларда ўз ўрнини топа олмади. Ҳозир Бразилиянинг «Сан-Паулу» клуби аъзоси.

Яқинда ниҳоясига етган Америка Кубогида Родригес 5та ўйинда 1та гол ва 6та ассист билан Колумбиянинг финалга чиқишига муносиб ҳисса қўшди, турнирнинг энг яхши ўйинчиси сифатида совринга эга чиқди. Тўғри, дастлабки чемпионлик унвонига эриша олмади. 2016 йилда у бронза медалига сазовор бўлганди, бу гал уни кумушга айлантирди.

Хавьер ЭРНАНДЕС, Мексика

Чичарито ўз вақтида «МЮ», «Байер», «Вест Хэм», «Севилья» клубларида ўйнаган, ҳатто бир йил «Реал»да ҳам тўп сурган. Лекин юлдузлик мақомини терма жамоада олди: Эрнандес - Мексиканинг энг яхши тўпурари (52та гол).

Мирослав КЛОЗЕ, Германия

«Вердер», «Бавария», «Лацио» - рисоладагидек клублар. Мирослав уларнинг сафида голлар урган. Бироқ унинг номи терма жамоа тарихида ўчмас из қолдирган 4та ЖЧларидаги 16та голлари билан ҳанузгача энг яхши тўпурар мақомида. Фаолиятини тўхтатмаган футболчилар орасида Лео Месси (13) унинг энг яқин рақобатчиси.

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади