Рубин Хебай – Суперлига-2023 бош лауреати

Рубин Хебай – Суперлига-2023 бош лауреати

Ўтган мавсум Ўзбекистон чемпионатига кириб келган Рубин Хебай дебютидаёқ қандай футболчи эканлигини кўрсатишга эришди.

 Албаниялик ҳужумчи «Андижон» сафида Суперлига баҳсларида 12та гол уриб, тўпурарлар орасида иккинчи бўлди ва жамоасини 6-ўриндан жой олишига катта ҳисса қўшди. Якунда у ПФЛ томонидан Суперлига-2023нинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. «Андижон» клуби матбуот хизмати шу муносабат билан албаниялик мураббий Ренато Арапи билан боғланди. Айтиш ўринли, ушбу мутахассис вақтида Албания миллий жамоасида ҳам фаолият юритган. Арапи жумладан, «Теута» билан кўплаб совринлар ютган ва бу клубда Хебайга ҳам устозлик қилган. Хўш, Рубиннинг Ўзбекистондаги муваффақияти Албанияда қандай қабул қилинди?

Хебай билан «Теута»даги фаолияти ҳақида 

- Хебай Ўзбекистонга кетган бўлсада, уни ҳамон кузатяпман. Ўзи футболчилик давридаёқ «Теута»да бирга ўйнаганмиз. Дейлик, бир мавсумда 2та соврин ютгандик вақтида. Умуман, бошидаёқ Рубиннинг юқори истеъдод эгаси эканлиги яққол сезилганди. Муваффақиятли ўйинлардан кейин жамоасини ўзгартирди ва мураббийликни қўлга олгач, уни таркибга қартаргандим. Яъни ишга киришгач, клуб президентидан аввало, Хебайни қайтаришни сўраганман. Чунки бу ҳужумчи билан яхшироқ натижалар қайд этишимизга ишонганман. Рубин нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам ажойиб йигит - киришимли. Жамоада ички муҳитни бир маромда ушлаб туришда катта фойдаси текканди.

Рубин Албания термасига чақирилиши керак...

- Албатта, Албания медиасида Рубин Хебай ҳақида кўп гапиришади ва у бунга муносиб. Ҳужумчининг хусусиятларини инобатга олиб айтаман, у миллий жамоада ўйнаши керак, менимча. Мана, нималарга қодирлигини Ўзбекистон чемпионатида ҳам кўрсата олди. Аминманки, миллий жамоа мураббийлар штаби албаниялик бошқа футболчилар қатори Хебайни ҳам диққат билан кузатиб боришмоқда. Ҳар ҳолда, айни пайт Албания термасида жамоа тарихидаги энг кучли мутахассислар ишламоқдалар.

Албания термасининг Европа 

чемпионатига йўл олгани

- Албатта, миллий жамоанинг ўз тарихида илк марта Европа чемпионати финал раундига йўл олгани бутун албан халқини тўлқинлантириб юборди. Қолаверса, саралаш босқичини тарихда биринчи марта гуруҳ ғолиби сифатида якунладик. Қайтараман, Хебайни жамоага жалб этиш вақти келди. Зеро, таркибда ҳужумчилар етишмовчилиги йўқ эмас. Мураббий сифатида унинг фойдасига ишламайдиган бир жиҳатни айтиб ўтган бўлардим. Миллий жамоамиз услубига кўра, бизга тезкор ҳужумчи керак. Чунки асосан кучли рақибларга қарши ўйнаймиз. Демак, ҳимояда яхши «блок» ҳосил қилиб, тезкор ҳужумларга ўтиш талаб этилади. Бошқа тарафдан, терма жамоа­да Хебай учун кучли рақобат мавжуд. Негаки, ҳозир ҳужумчи ролига «Челси» вакили Армандо Броя бош даъвогар ҳисобланади.

Хебайнинг голлари ва имконияти 

- Ҳа, унинг кўплаб голларини кўрдим. Имкониятларини билган ҳолда айтишим керак, Хебай якунланган мавсум ҳафтадан-ҳафтага яхшигина ўсишга эришди ва ҳали шу тахлит давом этади. Тез орада уни миллий жамоада кўришдан умидворман. Очиғи, Хебай индивидуал соврин ютганини эшитиб, жуда қувондим. Ўзим вақтида миллий жамоанинг бир қисми бўлганман. Футболчилик фаолиятимни якунлагач, «Теута»да мураббийлик ишини бошладим. Шунингдек, Саудия Арабистонида ёрдамчи мураббий сифатида ишладим. Энди Хебайни ҳам Албания термасида кўришни истардим.

Суперлига лауреатини алоҳида аниқлаш 2018 йилдан бошланган. «Андижон» аъзоси эса чемпионатимиз тарихида илк марта энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди. Қолаверса, «Андижон» бош мураббийи Александр Хомяков ва Хебай Суперлига-2023 рамзий жамоасидан жой олишганини ҳам айтиш ўринли. Дарвоқе, 2022 йили «Анди­жон»ни элитага қайтарган Виктор Кумиков Про лиганинг энг яхши мураббийи бўлганди. 

Суперлиганинг энг яхши футболчилари

2018 йил — Тьяго Безерра («Пахтакор»)

2019 йил — Драган Черан («Пахтакор»)

2020 йил — Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2021 йил — Ҳусайн Норчаев («Насаф»)

2022 йил — Жамшид Искандеров («Навбаҳор»)

2023 йил — Рубин Хебай («Андижон»)

2023 йилги сўровга келсак, ПФЛ 8 ой давомида Суперлига лауреатларини ўзига хос услубда аниқлаб келди. Овоз бериш жараёнида 18 нафар мустақил эксперт иштирок этди. Якунда мавсумнинг энг яхши футболчиси шу овозлар жамланмаси бўйича аниқланди. Жами 92 балл тўплаган Рубин Хебай бу борада «Металлург» етакчиси Забиҳилло Ўринбоевни 11 очко даражасида ортда қолдирди.

Суперлига-2023: энг яхши футболчи сўрови

Рубин Хебай («Андижон») - 92 очко

Забиҳилло Ўринбоев («Металлург») - 81 очко

Ислом Кенжабоев («Қизилқум») - 71 очко

СЎЗ

- Аввало, ҳозир жуда бахтиёр эканлигимни айтмоқчиман. Яратганга шукр, ушбу сов­ринни қўлга киритиш насиб этди. Бунинг учун барча жамоадошларим, мураббийлар, айниқса, андижонлик мухлисларга раҳмат. Янги мавсумда бундан-да яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламан. Шунингдек, менга қарши ўйнаган футболчилар ва рақобатчиларимдан ҳам миннатдорман. Барча жамоалар мухлисларига омад тилайман. Рубин Хебай.