АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Истиқлол байрами арафасида Париж-2024 совриндорларининг давлат мукофотлари билан тақдирланишгани юртдошларимиз қувончларига қувонч қўшди.
Ҳар бир ғолиб спортчи оиласи, яқинлари даврасида ҳамон байрамона кайфият ҳукмрон. Минг-минглаб мухлислар уларга яна ва яна олқишлар ёғдиришмоқда. Барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам шундай тантанавор кутиб олинмоқда мамлакатимизда. 70 йилдан зиёд мухлислик ҳаётида кўрмаган, учратмаган ғалабалардан сармаст бўлиб, илҳоми жўш урган нуроний Ғуломжон ака Ҳамидовнинг «Минг офарин» номли шеърида халқимизга хос самимият яққол ўз ифодасини топган:
Юртимда катта байрам,
Бардавом бўлсин ютуқ.
Ёшларимиз зўр, бардам,
Барчасига минг қуллуқ!
Шу тўрт қаторнинг ўзидаёқ ўзбекона миллий қадриятнинг мумтоз нафаси уфуриб турибди. Халқимиз ўз қаҳрамонларини шундай ардоқлайди, улуғлайди. Боболар ва момоларнинг сўзлари бу борада ҳамиша ёш авлодга ибрат. Энг асосийси, қутловлар замирида ҳақиқат ётибди ғолибона ҳайқириб. Бу ўринда муболаға йўқ. Тақдирлаш ва рағбатлантиришда балки ортиқчалик бордир, лекин халқимиз қалбида севинч дарёси тўлиб-тошгани факт ва бу самимиятда асло ортиқчалик сезилмайди.
Якшанба оқшомидаги ўйинлар томошасини якунлаб, мазкур мулоҳазаларни ёзишга ҳозирланар эканмиз, доимий мухлисимиз Маъруфхон Тошкандий қўнғироқ қилиб, салқин ва сурурбахш ҳаво узра севинчини сочиб юборди: «Ока, жамоаларимнинг барчаси ютди! Бунақаси кам бўлади! «Барселона», «Арсенал», «Интер», «Боруссия» Д. ва «Ланс»да ғалаба! «Зўр ТВ»га ҳам қойил! Кетма-кет икки шедевр ўйин трансляцияси ва икки ажойиб шарҳ, яна Муртазо исмли жиянимнинг дунёга келгани - ҳаммасидан бошим осмонда!» Маъруфхон - «кучли бешлик» аталувчи лигалардаги алоҳида-алоҳида клублар мухлиси. Мамлакатимизда у каби футбол шайдолари бисёр, албатта. Шу маънода «Зўр ТВ» Ўзбекистон медиа майдонидаги хижолатли ҳолатни бартараф этишга интилиб, Ла Лига ўйинлари трансляциясини бошлагани таҳсинга сазовор.
«Локомотив» - «Қизилқум» учрашуви трансляциясини кузатиб, икки кўп қаватли бино орасидаги мўъжаз майдончада ўйнаётган болакайларга назар ташлаймиз. Улар Суперлиганинг икки жамоаси ўртасидаги ўйинни хаёлларига ҳам келтирмай, мириқиб тўп тепишарди. Соат миллари 20:00га яқинлашиб, «Реал» - «Вальядолид» баҳси бошланиши аниқ бўлиб қолгач, болакайларнинг қораси кўринмай қолди. Энди очиқ деразалардан ўйинни томоша қилаётган болаларнинг бахтиёр овозлари эшитиларди. Байрам шукуҳи аслида шундай бўлиши керак ва шукрки, у биз билан бирга. Бунда «Зўр ТВ»нинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ла Лига ўйинлари томошаси ёқимли, албатта. Бироқ Суперлига баҳсларини кузатиш биз учун ундан-да муҳим. Шу боис «Насаф» - «Андижон» ва «Реал» - «Вальядолид» учрашувларини бирваракайига кузатиб бордик. Томоша асносида бизни икки хил таассурот қийнади. «Андижон» ва «Вальядолид» фаворит ҳисобланадиган рақибларига бир хил ҳисобда ютқазди. Аммо «бургутлар» бутун ўйин давомида руҳсиз тўп суришди. Уларнинг ҳар бирига гўё руҳсизлик эргашиб юрди. «Вальядолид» аксинча, охиригача курашди. Ажабланарлиси, «Андижон» бошидан руҳсиз ҳолатда майдонга тушди ва жамоа футболчилари ҳаракатларида ёниқлик кўзга ташланмади. Қолаверса, жамоа асосий таркибидаги ўзгаришлар ҳам умидсиз кайфиятни ифодаларди.
Тўғри, Александр Хомяков шогирдлари олдинги турларда иштиёқ билан тўп суриб, якунда омадсизликка учрашди. Ҳаракатлар самара беравермагач, футболчиларда руҳий танглик юз бериши - табиий ҳол. Мураббийлар штабининг асосий вазифаси эса жамоани шу каби депрессиядан омон-эсон олиб чиқиш ва ундаги шижоатни сақлашдан иборат. «Андижон» мураббийлар штаби Қаршидаги учрашув чоғи бу вазифани уддалай олмади. «Аждарлар» эса рақиблардаги руҳсизлик ҳолатидан унумли фойдаланиб, муҳим ғалабани қўлга киритишди. Ўзи «Насаф» турнир жадвалида орқама-орқа келаётган «Сўғдиёна» ва ОКМКни яқинлаштирмаслик учун ҳам «Андижон»ни енгиши шарт эди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари аввалги йиллар айнан шундай муҳим учрашувларда имкониятни бой беришарди. Жорий мавсум иккинчи даврасида ўша нохуш анъана ҳали такрорланмади ва бу борада «аждарлар»га рақибларнинг ўзлари ҳам ёрдамлашиб юборишганини унутмаслик даркор.
«Локомотив» - «Қизилқум» ўйинининг биринчи бўлими эса анча-мунча тажрибали мухлисларни ҳам шошириб қўйди. Қаранг-а, «темирйўлчилар» жуда қисқа муддатда «Қизилқум» дарвозасига 4та гол уришди. Фавқулодда осонлик билан урилган бу голлар кўпчиликда шубҳа уйғотгандир. Савия бобида бир-бирига яқин икки жамоа ўртасидаги рақобатда бундай фавқулодда ҳолатнинг юз бериши мухлисларда ўринли саволлар туғдириши табиий. Ҳар ҳолда, «Қизилқум» ўйинида ҳам мухлислар учун жумбоқли нимадир юз берди. Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолишга ишониш ва мақсадсиз майдонга тушиш натижасида жамоа ички муҳитида ҳар қайси ўйинда ҳам жанговар руҳда тўп суравермаслик кайфияти ҳукм сураётгандир, эҳтимол. Нима бўлганда ҳам, «Андижон» ва «Қизилқум» жамоалари ўйинида кузатилган руҳсизлик, рақибга жиддий қаршилик кўрсатмаслик ҳолати мухлисларга ҳурматсизлик, футболга нисбатан эса хиёнатдан бошқа нарса эмас.
Тошкент ва Қаршидаги икки учрашувдан фарқли ўлароқ, «Металлург» - «Динамо» қарама-қаршилигида охирги дақиқаларга қадар аёвсиз кураш кечди. Мухлислар назарида «Динамо» ҳақли равишда зафар қучди ва Анвар Ҳожимирзаев миллий жамоа сафида тўп суришга муносиб. Мухлислар томонидан миллий жамоамиз манфаати йўлида янги номзоднинг муҳокама қилинаётгани эътиборга молик. Бош жамоамиз мураббийлар штаби ушбу футболчи фаолиятида кузатилаётган кўтарилишга назар соладими ёки йўқ - буниси бизга қоронғу. Бироқ Суперлигада ўз имкониятларини намойиш қилишга интилаётган футболчиларни у қадар кучли саналмаган рақибларга қарши учрашувларда синовдан ўтказиб олиш айни муддаодир. Мухлислар 14-турнинг қолдирилган ўйини - «Пахтакор» ва «Сурхон» тўқнашувини ҳам айрича қизиқиш билан кузатишди. Зеро, «Сурхон» ҳар қайси ўйинда рақибига қараб тактика танламаяпти, шунчаки, ўз услубида ҳужумкор футболга таянмоқда. Февзи Давлетов шогирдлари «шерлар»га қарши учрашувда ҳам ўз йўлларидан қайтишмади ва кучли рақибни енгиш вариантини топишди. «Сурхон»нинг иродали ғалабаси Максим Шацких жамоасини турнир жадвали етакчиларига яқинлашиб олиш имкониятидан маҳрум этди. Хайриятки, Суперлигада «Динамо» ва «Сурхон» каби рақибларга ҳамиша кураш таклиф қиладиган жамоалар мавжуд. Улар борки, турнир жадвали етакчиларида ҳаловат бўлмаслиги аниқ. Етакчилар ҳаловат ҳис қилишмаса, исталган рақибга қарши хотиржам кайфиятда тўп суришмаса, Суперлигадаги тараққиёт жараёни тезлашиши муқаррар. Бундан эса мухлислар ва миллий терма жамоамиз бап-баравар манфаатдор.
Муҳтарам мухлис! Ишонч билан айтамизки, миллий жамоамиз «Пахтакор» ва «Насаф»нинг интизорлик билан кутилаётган халқаро учрашувлари олдидан истиқлол байрами кайфиятини, Париж-2024 шукуҳини янада юксалтиради! Яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам муборак, Азизлар!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789