Санчо нега «Ватцапп» жамоавий чатидан «ўчирилди»?

Санчо нега «Ватцапп» жамоавий чатидан «ўчирилди»?

«МЮ»га сиғмаётган иқтидор Жейдон Санчо олдинроқ клубнинг whatsapp тармоғи суҳбатхонасидан ҳам четлаштирилганди.

Маълум бўлишича, бунга оддий ьир ўринсиз ёки омадсиз хабар сабаб бўлган. Тўғри, Санчонинг хабари фотошоп бўлиши ҳам мумкин.
Англия таблоидлари томонидан аниқлаштирилишича, қобилиятли вингер мессенжерлардан биридаги жамоа чатидан «Фулхэм» билан ўйин якунида четлаштирилган. Ўшанда «МЮ» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Аниқроқ айтсак, Жейдон амалдаги клуби натижасига истеҳзоли муносабат билдирган: «Омад келди». Тўғри, ҳозир англиялик футболчи аккаунтида бундай «твит» йўқ. Бу борада икки тахмин бор: хабарни Санчонинг ўзи ўчириб ташлаган ёки кимдир фотошоп скриншоти воситасида «қизил иблислар» микромуҳитини янада ёмонлаштиришни ўйлаган. Айтиш керак, ҳужумкор қанот футболчиси анчадан буён «МЮ» академиясида алоҳида шуғулланмоқда. Daily Mail нашрида ёзилишича, бунда Санчо бир қатор шартларга қатъий равишда риоя этиши лозим. Дейлик, кийиниш хонасига кирганида, эшикни қулфлаб олиши талаб этилади. Бинобарин, унинг йўли асосий жамоа футболчилари ва ҳатто академия тарбияланувчилари билан кесишмаслиги керак.

Эслатма, сентабрь ойи бошида Санчо ва «МЮ» бош мураббийи Эрик тен Хаг ўртасида можаро келиб чиққанди. Ўшанда вингер АПЛ 4-туридан ўрин олган «Арсенал»га қарши баҳс (1:3)да майдонга туширилмади. Нидерландиялик мутахассис ўйиндан кейин буни 23 ёшли футболчи машғулотларда яхши ишламагани билан изоҳлади. Санчо эса тен Хаг баёнотига «твиттер» орқали кескин жавоб берди: «Анчадан буён айбсиз айбдор бўлиб қоляпман - бу адолатдан эмас. Машғулотларда ҳамон қаттиқ меҳнат қиляпман, ҳар бир изоҳга ишонаверманг. Таркибдан четда қолганида эса бошқа сабаблар бор, бунга ишончим комил». Кўп ўтмай, бу «твит» ўчирилди, аммо 14 сентябр куни футболчи асосий жамоадан вақтинча четлаштирилди.