Шунчаки самарасиз ҳафта ёки легионерларимизда нима гаплар?

Шунчаки самарасиз ҳафта ёки легионерларимизда нима гаплар?

Туркия. Отабек Шукуровнинг жамоаси - «Фотиҳ Қорагюмрюк» Суперлига 28-турида «Фенербахче»ни қабул қилиб, аламли тарзда ютқазди - 1:2.

 Ҳар ҳолда, Андреа Пирло шогирдлари биринчи бўлимдан сўнг ҳисобда олдинда эдилар. Бироқ «Фенер» танаффусдан сўнг ҳужумни кучайтириб, якунда ғалабани ўз томонига оғдирди. Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси бу ўйинни бошланғич таркибда бошлади ва майдонда 85 дақиқа ҳаракатланди.

Саудия Арабистони. «Ал-Наcр» мамлакат чемпионати 23-турида «Ал-Фейҳа» меҳмони бўлиб қимматли 2 очкодан маҳрум бўлди - 0:0. Криштиану Роналду  тўлиқ вақт ўйнаган баҳсда Жалолиддин Машарипов атиги 86-дақиқада майдонга тушди. «Ал-Наcр» ушбу натижадан кейин турнир жадвалида 2-поғонага сурилди. Жамоа пешқадам - «Ал-Ҳилол»дан 3 очко орқада. Маълумот учун, «Ал-Наср» бундан олдинги турда «Ал-Адала»ни 5:0 ҳисобида енгган ва Роналду қаторасига 3та ўйинда «дубл»га эришганди. Португалиялик юлдуз бундай серияни охирги марта 2018 йили қайд этганини қўшимча қилиш жоиз.

Италия. «А» серия 28-туридан ўрин олган «Специя» - «Салернитана» баҳсида ҳисобни тенглаштириш асносида (1:1) лига расмий саҳифасида Show murodov ёзуви пайдо бўлишига сабабчи бўлган Элдор Шомуродов «Фиорентина»га қарши кейинги баҳсда ҳам қаҳрамонга айланиши ҳеч гап эмасди. Бироқ Флоренциядаги учрашувнинг 77-дақиқасида майдонга тушган терма жамоамиз сардори якунда ўта қулай имконият (дарвозабон билан бирга-бир вазият)дан фойдаланолмади. Муҳими, 1:1 ҳисобини қайд этган «Специя» ўта қимматли очко эгасига айланди.

Қозоғистон. «Ордабаси» ҚПЛ 5-турида «Актобе»ни қабул қилиб, сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига мағлубиятдан қочди - 1:1. Шимкент клубидаги легионерларимизга келсак, Шаҳбоз Умаров 62, Бобур Абдухолиқов эса 85-дақиқагача тўп сурди. «Тобол» эса Игорь Сергеев 63-дақиқада майдонга тушмаган баҳсда «Астана»га имкониятни бой берди - 0:1. 

Беларусь. Олий лига 3-тури доирасидаги «Энергетик-БГУ» - «Нафтан» (0:1) ўйинида мезбон жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов доимгидек тўлиқ 90 дақиқа фаол тўп сурди. «Талабалар» сафидаги яна бир ҳамюртимиз Амирбек Бақоев эса сафга 77-дақиқада қўшилди. Шаҳзод Убайдуллаев жамоаси - «Шахтёр» бу турда дам олди. 

БАА. Бирлашган Араб Амирликлари чемпионати 22-туридан ўрин олган «Ал-Аҳли» - «Ал-Батеҳ» ўйини 3:0 ҳисобида якунлади. Дубай клуби ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев ушбу ғалабага тўлиқ вақт давомидаги фаол ҳаракати билан ҳисса қўшди.

Россия. «Торпедо» РПЛ 22-турида ниҳоят ғалаба қозонди. Москва клубидаги ҳамюртимиз Ҳожимат Эркинов 2:0 ҳисобида якунланган «Факел»га қарши баҳсда ҳам кўриниш бергани йўқ. Муҳими, у жароҳатдан кейин умумий гуруҳ машғулотларига қайтди. Бу ҳақда футболчининг ўзи «Торпедо»нинг «Телег­рам» каналида маълумот берди. «Мен ҳақида қайғурманг. Ниҳоят, тикландим ва ҳозир умумий гуруҳ машғулотидаман», - деди 21 ёшли легионеримиз. Иброҳимхалил Йўлдошев иккинчи бўлим бошида майдонга тушган баҳс­да «Пари НН» мезбон - «Краснодар»га айтарли қаршилик кўрсатолмади - 1:3. 

«Алания» Россия Биринчи дивизиони (МФЛ) 26-турида «Велес» майдонидан ғалаба (2:1) билан қайтди. Владикавказ жамоаси ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев мазкур учрашувда 80 дақиқа тўп сурди. «СКА Хабаровск» - «Нефтехимик» учрашуви (0:0)да эса меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Вагиз Галиулин 90 дақиқа ҳаракатланди ва сариқ карточка олди. «Волгарь» - «Рубин» ўйинини Қозон жамоаси вакиллари Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев бошланғич таркибда бошлашди. Бироқ ҳар иккиси ўйин давомида ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди - тегишлича 68 ва 77-дақиқаларда. Нмтижага келсак, ҳисоб очилмади.