Тафсилот: Фантастик хроника

Тафсилот: Фантастик хроника

ЧЛ-2022|2023 гуруҳ босқичидаги энг фантастик ечим «D» гуруҳида кузатилди. 6-турдан олдин квартетнинг 4та вакилида ҳам «плей-офф»га сакраш имконияти деярли тенг эди

Тўғри, «Марсель» қолган рақибларидан 1-2 очко ортда қолаётганди, лекин Франция жамоаси якуний тур ўйинини ўз майдонида ўтказиши ҳисобига гуруҳдан чиқишга яққол даъвогарлик қилди, барибир.

Хуллас, бир вақтда бошланган «Марсель» - «Тоттенхэм» ва «Спортинг» - «Айнтрахт» ўйинлари хроникаси сўнгги лаҳзаларга қадар тўрт томонни ҳам кучли ҳаяжонда ушлаб турди. Эътиборли томони, ҳар икки ўйинда ҳисобни очган клублар якунда «плей-офф» раундидан четда қолди. Мана, воқеалар хроникасига қаранг ва барчаси қандай тус олганини мушоҳада қилинг:

39-дақиқа. «Спортинг» ўз майдонида «Айнтрахт» дарвозасини нишонга олди ва онлайн-жадвалда 1-ўринга кўтарилди. Бу вақтда «Тоттенхэм» - «Марсель» баҳсида 0:0 ҳисоби ўзгармаганди: «шпорлар» 2-ўринда.

45+2-дақиқа. Францияда мезбонлар ҳисобни очишди. Шу тариқа онлайн-жадвалда «Марсель» 2-ўринга чиқди, «Тоттенхэм» 3-қаторга сурилди. 

54-дақиқа. «Тоттенхэм» ҳисобни тенглаштириш асносида 2-ўринга қайтди, «Марсель» эса яна 4-поғонага тушди.

62-дақиқа. Жадвалда яна ўзгариш: «Айнтрахт» Португалияда мувозанатни тиклагач, «Спортинг» пешқадамликни «Тоттенхэм»га бўшатди. 

72-дақиқа. «Айнтрахт» мезбонлар дарвозасига 2-голни уриб, ҳисобни ўз томонига оғдирди (2:1) ва гуруҳ етакчилигини қўлга олди. Бу ҳолатда «Тоттенхэм» яна 2-қаторга тушди.

90+5-дақиқа. Эмиль Хейбьергнинг сўнгги лаҳзада урган голи билан барчасига нуқта қўйилди: 1-ўрин «Тоттенхэм»­ники, 2-ўрин «Айнтрахт»ники. Хуллас, охирги ўйиннинг 72-дақиқасигача ЧЛ даражасида турган «Спортинг» ЕЛга равона бўлди, танаффусга гуруҳда 2-ўрин билан чиққан ва 54-дақиқага қадар позициясини йўқотмаган «Марсель» эса еврокубоклар билан хайрлашди. 

БУНАҚАСИ БЎЛМАГАНДИ...

«Н» гуруҳи якунида юзага келган ҳолат ҳам диққатга сазовор: «ПСЖ» ва «Бенфика»нинг барча кўрсаткичлари тенг келди: 14 очко, голлар нисбати - 16:7. Шу тариқа ғолибни аниқлаш учун қўшимча 11та критериянинг 6тасига қараш талаб этилди. 

1. Ўзаро ўйинлардаги очколар миқдори - 2та (тенглик). 

2. Ўзаро ўйинлардаги голлар нисбати - 0 (тенглик)

3. Ўзаро ўйинлардаги голлар миқдори - 2та (тенглик)

4. Гуруҳнинг барча ўйинлардаги голлар нисбати - +9 (тенглик)

5. Гуруҳнинг барча ўйинлардаги голлар миқдори - 16та (тенглик)

6. Гуруҳнинг барча сафар ўйинларидаги голлар миқдори - 9та («Бенфика»), 6та («ПСЖ»). 

Хуллас, меҳмондаги баҳсларда «ПСЖ»га нисбатан 3та кўп гол урган «Бенфика» «плей-офф»га гуруҳ ғолиби сифатида чиқди ва қуръа жараёнида 1-саватчадан жой олди. Оддий айтганда, 11та критериядан 5тасига мурожаат қилинмади: 

- 3та жамоа очкоси тенг бўлиб қолса, уларнинг ўзаро ўйинларига алоҳида қаралади; 

- Гуруҳ ўйинларидаги ғалабалар сонига қаралади;

- Гуруҳнинг сафар ўйинларидаги ғалабалар сонига қаралади;

- Тартиб-интизом кўрсаткичлари (сариқ ва қизил карточкалар сони)га қаралади;

- УЕФА коэффициентлар жадвалига қаралади. 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади