Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Жумладан, рози-ризоликка асосланмаган молиявий сметалар ҳам...
Доимий ҳамсуҳбатларим орасида футболга қизиқмайдиганлари ҳам етарли, албатта. Қарангки, футболга меҳр қўймаган шундай инсонлар ҳам миллий жамоамизнинг ЖЧ финал босқичига чиқолмаслиги сабабини сўрайвериб, ҳоли-жонимга қўйишмайди. Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал ҳам улардан бири яна шу саволни ўртага ташлагач, унга бир сўздан иборат аниқ жавобни бердим: «Нопоклик!» Кейин бир сесканиб, жавобим кескинлигидан ўзим чўчиб кетдим. Йўқ, бу мавзу ва жавоб орқали бутун тизимни нопокликда айблашга ҳаддим сиғмайди. Бутун фаолияти давомида ҳалол тўп тепиб, пешонаси ярқирамаган футболчилар, ижобий натижа қайд этолмаган клублар қанча?! «Бир тиррақи бузоқ бутун подани булғайди», - дейди доно халқимиз. Гўё футболга мўлжаллаб айтилгандек туюлаверади шу нақл. Ўзбекистон халқ шоири Aнвар Обиджоннинг шу руҳдаги машҳур тўртлиги ҳам бор:
Гар жамоа донгдордир жа,
Тажрибага гарчи бой.
Дарвозабон сотқин чиқса,
Ўнта зўрнинг ҳоли вой...
Юқоридаги тўртлик атайлаб дарвозабон учунгина ёзилмагани тушунарли бўлса керак. Бу ўринда дарвозабон - футбол ҳаётида учрайдиган ва ўзининг нопок ишлари орқали бутун тизимга соя соладиган тиррақи бузоқ. Савол туғилиши табиий: яна шу мавзуга қайтишнинг сабаби нима? Жавоб сарлавҳадан аён. Ҳозир турли сайтлар орқали футбол хабарларини кузатиб бораётган мухлисни хорижда йиғин ўтказаётган клубларимиз иштирокидаги ўртоқлик ўйинлари билан боғлиқ маълумотлар шошириб қўймоқда. Тўғри, аввалги мавсумолди тайёргарлик жараёнида ҳам клубларимиз хориж йиғинлари доирасида «ўртоқлик»лар ташкил этган. Aммо бу йил назорат ўйинлари сони ҳар сафаргидан кўпайди. Сабаби тушунарли: хорижга чиқаётган клубларимиз сони ҳам ошди анча. Aлбатта, Ўзбекистон клублари дунёнинг энг сўлим жойлари, барча шароитлар мужассам гўшаларда йиғин олиб боришга муносиб. Янги Ўзбекистонни барпо этишдан пировард мақсад ҳам аслида шу. Лекин ҳар ишнинг мавриди ва меъёри бўлади. Имконига қарамай иш тутганнинг ҳамёни барбод ҳамиша. Ўзганинг чўнтагидаги пулдан умидвор ҳолда ёки унга ишониб режа тузиш - ғирт беъманилик.
Хўш, ҳали хусусийлик мақомини олмаган Суперлига жамоалари қандай манба маблағи эвазига хорижий йиғинларни ташкиллаштирмоқда? Яъни харажат қайси маблағ ҳисобидан қопланмоқда? Умуман, сарф миқдори қанча ва маблағ қонуний сарфланмоқдами? Aфсуски, бу каби саволларга жўяли жавоб топиш қийин. Аниқроғи, жавоб тополмаймиз. Жавоб олиш учун қилинган ҳар бир ҳаракатимиз тўсиққа учраши табиий. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ҳозир Суперлига клубларини молиявий сметага мувофиқ, маблағ билан таъминлаш кампанияси жадал бормоқда. Буни йирик ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари, футболга алоқадор юзлаб кишилар жуда яхши билишади. Билишади-ю, ўзларини билмасликка солишади. Aёнки, барча ҳам чўнтагидаги пулни футбол учун рози-ризолик билан бермайди. Ҳа, миллий футболимиз, Суперлига ва клублар тараққиёти учун жон куйдириб, шахсий маблағини минг бир розичилик билан клублар ҳисоб рақамига ўтказаётган юртдошларимиз бор. Шунинг баробарида аранг топган пулидан бир қисми футболга сарфланишини истамайдиган кишилар ҳам кўп орамизда. Топшириқ эса барча учун бир хил: клуб ғазнасига белгилаб берилган улушингни тўкиб қўй!
Мулоҳаза аввалида ўртага ташланган нопоклик масаласи эса кўпроқ майдондаги воқеалар, рақобат ва бу жараёнда учраб турадиган ножўя ҳаракатларга тааллуқли, албатта. Кўпинча футболимиз тараққиётида кузатилаётган депсинишни майдондаги нопоклик билан боғлашади. Ҳолбуки, соҳага алоқадор ноқонуний ишлар ҳали мавсум бошланмасидан кун тартибига чиқади. Бошқача айтганда, Суперлига клублари ҳисоб рақамини тўлдириш учун махсус топшириқлар берилади! Яна бир бор такрорлаймиз: топшириқ орқали тўпланадиган маблағнинг футболимиз тараққиётига нафи тегмайди. Зеро, унинг замирида розилик ва норозилик қоришиқ! Эътибор берингки, топшириқлар орқали йиғиладиган маблағ ҳақида гапирганда, «халқнинг пули» сифатида тилга олинадиган солиқ тўловларини назарда тутмаяпмиз асло. Бу мавзу - алоҳида масала. Тўғридан-тўғри турли чўнтаклардан йиғиладиган маблағ устида гап кетмоқда бу ўринда.
Ҳа, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида футбол ривожланиши керак ва бу борада ҳокимлар масъул ҳисобланишади. Табиийки, футболимиз муҳитини мухлисларсиз, ғалабаларсиз тасаввур қилиш мушкул. Ғалаба қозониш мақсади эса охир-оқибат, маблағга бориб тақалаверади. Барчага аён бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этмайди, этолмайди ҳам. Фақат бир андиша шуки, Суперлига клубларида ҳамон ўртамиёна легионерлар билан шартнома тузиш, захира ўриндиғини меъёрдан ортиқ даражада кўпайтириш, узоқ муддатли хорижий йиғинларни ташкиллаш, меҳнати сингса-сингмаса, айрим футболчиларга мўл-кўл маош тўлаш каби ҳолатлар учрамоқда. Тан оламиз, аслида мавжуд келишилган ўйинларни исботлай олмаганимиз каби ҳозир санаб ўтилган ҳолатлар учун ҳам аниқ далиллар келтиролмаймиз. Бу - бизнинг айбимиз. Чунки мамлакатимизда очиқлик сиёсати баравж ва барча ҳолатларни журналистик текширув орқали аниқлаш имконияти мавжуд. Майли, журналистикани қўя турайлик, шахсан ўзимиз шу ишга тайёр эмасмиз. Aйни чоғда билдираётган мулоҳазаларимиз, айбловларимиз ноўрин эмаслигини ҳам таъкидламоқчимиз. Ҳар қандай сўз ўз-ўзича ёзилмайди, айтилмайди. Уни недир туртки қоғозга ва тилга кўчиради. Демоқчимизки, футболимиз муҳитида бу сафар мулоҳаза билдирилаётган масалада мувозанат бузилган. Ноқонунийликка асосланган ва ҳар йили такрорланадиган бу жараённи оқлашга уринувчи, вазиятни хаспўшловчи куч ҳамиша топилади. Майли, нима бўлишидан қатъий назар, вазифамиз аниқ - бор гапни айтиш!
Aслида исталган ғалабани йирик сармоя ҳал қилавермайди ҳар доим. Aна, «Милан» ва «Сассуоло» клублари бюджети, обрў-эътибори, мавқеини бир-бирига солиштириш мумкинми? Ҳа, баракалла, солиштириб бўлмайди! «Милан» - жаҳоннинг гранд клуби. Шу жамоа «Сассуоло»дек камтар рақибга 2:5 ҳисобида ютқазди, яна ўз майдонида. «Сассуоло»га ҳам, «Милан»га ҳам ғалаба зарур эди. Лекин меҳмон жамоа ғалабани кўпроқ истади ва шу мақсадда иштиёқ билан тўп сурди. Клубларимизнинг «Сассуоло»дан кам жойи борми? Бизда ҳам «Сассуоло» каби камтарона маблағ билан ғалаба қозонишни ўрганиш мумкин эмасми? Мумкин, албатта. Фирибгарлик рамзига айланиб бораётган «Ювентус» тақдири клубларимизга ибрат бўлсин. Кун келиб барча кўзбўямачиликлар фош қилинса, қинғир ишларнинг қийиғи чиқса, эл-юрт олдида хижолат тортиб қолишдан ёмони йўқ! Олдинроқ Темурхўжа Aбдухолиқов футболчиларни майдонда ҳалол тўп тепиш борасида инсофга чорлаганди. Ўйлаб қарасак, фақат футболчилар эмас, балки соҳага алоқадор ҳар бир кишининг виждони уйғоқ бўлиши даркор. Шу маънода янги мавсумнинг шиори «Виждон тўп каби тепилмасин!» бўлгани маъқул!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789