Якун: Муаммоли «ПСЖ», шов-шувли «Ланс», таъсирчан «Реймс»...

Якун: Муаммоли «ПСЖ», шов-шувли «Ланс», таъсирчан «Реймс»...

ЛИГА 1 ЯКУНИ.

2022|2023 йиллар мавсуми Европанинг кучли 5та лигасида бош­қача тус олгани - айни ҳақиқат. Жумладан, Франция элит дивизиони - Лига1да ҳам ўзгачалик кўзга ташланди. Ҳа, стартдаёқ кўпчилик «ПСЖ» осонгина яна тахтга кўтарилишини тахмин қилганди, амалда худди шундай бўлди, фақат Париж гранди бир қатор учрашувларда ўз устунлигини намойиш этолмади ва финиш маррасига энг яқин таъқибчисидан атиги бир қадам олдинроқ етди. Хуллас, кучли трио (Лионель Месси - Килиан Мбаппе - Неймар)дан охирги мавсум фойдаланган «ПСЖ» ўз унвонини базўр ҳимоя қилди, зеро, бошқа бир қатор клублар ижобий белгилари билан ўз мухлисларини қувонтирди.

Мавсумнинг энг яхши жамоаси - «ПСЖ». Сўнгги йиллар чемпиони якунланган мавсум нақ 11та ўйинда очко йўқотди (4та дуранг ва 7та мағлубият), аниқроғи, рақибларини унча менсимади ёки саховат кўрсатди. Шу тариқа ўз мухлисларини анча вақт ҳаяжонда ушлаб турди, лекин якунда ғолибликка эришди, барибир. Қолаверса, «ПСЖ» лигада ҳаммадан кўпроқ - 27 марта ғалаба қозонди. Мавсумни шиддатли бошлаган Кристоф Гальтье шогирдлари Қатар мундиалидан кейин негадир ўз ўйинларини йўқотиб қўйишди. Лига1даги дастлабки мағлубиятни 1 январь куни қабул қилган Париж гранди бунгача тўплаган очколар эвазига узоқ вақт вазиятни назоратда ушлаш имконига эга эди. Эҳтимол, иккинчи даврада кузатилган суст­кашликнинг асл сабаби ҳам шудир. Лекин факт битта: пойтахт клуби нуфузли совринни ўзида сақлаб қолди.

Энг яхши тўпурар - Килиан Мбаппе. Франция миллий жамоаси юлдузи қаторасига 5-марта юксак унвон соҳибига айланди. Бу гал даҳшатли голеа­дор рақиблар дарвозасини 29 марта нишонга олди. Бу Килиан учун фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич эмас, лекин 29та гол снайперлар гуруҳида ғолиб чиқишига кифоя қилди. Мбаппедан атиги 2та кам гол урган «Лион» ҳужумчиси Александр Лаказетт пойгада 2-ўринни эгаллаган бўлса, 24та аниқ зарба муаллифи Жонатан Дэвид («Лилль») кейинги поғонага жойлашди. Асосийси, Лига1да сермаҳсул футболчилар сафи кенгайиб бормоқда ва келаси мавсум пойга янада қизиса, ажабмас. Боз устига, Килиан кетмоқда, демак, унинг серияси ҳам узилади.

Энг яхши ассистент - Лио­нель Месси. Мавсумнинг энг яхши ассистенти мақоми кутилганидек, аргентиналик суперюлдуздан ортмади. «ПСЖ» билан хайрлашишга улгурган даҳо 16та самарали узатма билан клубдоши Неймарни 5та ассист даражасида ортда қолдирди. «Марсель» ҳимоячиси Жонатан Клосс ҳам худди бразилиялик каби 11та гол ҳаммуаллифи бўлди. «Ренн» хавбеки Реми Кабелла натижаси ҳам чакки эмас - 10та самарали узатма.

Энг яхши дарвозабон - Брис Самба. Мазкур номинацияда «Ланс» кипери ҳақли равишда устун келди. Брис мавсум давомида 15та «қуруқ» ўйин тўплади, муҳими, ўта ишончли ҳаракатлари билан жамоасининг якунда кумуш медалга эга чиқишига муносиб ҳисса қўшди. «Қуруқ» ўйинлар сони бўйича 2-яхши натижани Брисдан 1 балл ортда қолган «Реймс» дарвозабони Йеванн Диуф қайд этди - 14та. 13тадан ўйин­да ўз дарвозалари дахлсизлигини таъминлаган Жанлуижи Доннарумма («ПСЖ») ва Стив Манданда («Ренн») бу борада 3-юқори кўрсаткичга эга бўлишди. Диққат қилинг, 38 ёшли Манданда ҳамон энг ишончли дарвозабонлар қаторида. Қўшимчасига, у «сэйв»лар сони бўйича ҳам кучли учликдан жой олди,  ваҳоланки, «қуруқ» ўйинлар бобида ўзини кўрсатган ам­плуадошларидан ҳеч бири бу рўйхатда йўқ. «Сэйв»лар қироли мақоми эса бу сафар «Монако» кипери Александер Нюбелга насиб этди. У мавсум давомида 140 марта ўз жамоасини муқаррардек туюлган голдан сақлаб қолди.

Мавсум шиддати - «Ланс». Ҳа, Лига 1да энг кучли шиддат шу клуб томонидан кузатилди. Бинобарин, «Ланс» элитадаги 3-мавсумидаёқ кумуш медаль соҳибига айланди. «Қизил-олтин ранглилар» аввалги 2 мавсумни 7-поғонада якунлагандилар. Ортда қолган чемпионатда эса «Ланс» деярли бутун масофа давомида «ПСЖ»ни изма-из таъқиб этди ва якунда атиги 1 очко ортда қолди. Муваффақиятда дарвозабон Брис Самбадан таш­қари, майдон ўйинчиларининг улуши ҳам сезиларли, албатта. Ҳар ҳолда, жамоа атиги 4та ўйинда мағлубиятга учради ва Лига 1да энг кам гол (29та) қўйиб юборган дружина бўлди. Шу тариқа Франк Эз бошқарувида ўйнаган жамоа 20 йиллик танаффусдан сўнг ЧЛга қайтди. «Ланс» шу суръатини ушлаб қолса, нуфузли турнирда ҳам шов-шув кўтариши мумкин.

Мавсум кашфиёти - «Реймс». Ўта ижобий таассурот қолдирган яна бир иштиёқли жамоа. «Реймс» бош мураббийи Вилл Стилл ҳам кашфиёт мақомига муносиб. Навқирон мутахассис ўтган йилнинг октябрида иш бошлаган пайт «Реймс» аутсайдерлар ҳудудида юрганди. Кейин нақ 19та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди. Яъни 30 ёшли мураббий жамоа­си бу борада Европанинг кучли 5та лигаси рекордини ўрнатди. Тўғри, «Реймс» якунда турнир жадвалининг атиги 11-қаторидан жой олди ва бу юксак натижа эмас. Лекин клуб чемпионатни қандай бошлагани ва маълум вақт қуйи лигага тушиб кетишга яққол номзодлар қаторида юрганини инобатга олиш керак. Вилл Стилл аллақачон грандлар эътиборига тушгани - айни ҳақиқат. Эҳтимолки, мураббийни яқин келажакда қайсидир номдор жамоа бош­қарувида ҳам кўрармиз...

Мавсум омадсизи - «Марсель». Йўқ, бу жамоа мавсумни барбод қилмади, якунда 3-ўринни банд этди. Лекин «Марсель» потенциал салоҳиятидан тўлиқ фойдаланолмади. Оддий айтганда, рисоладагидек таркиб йиққан жамоага чемпионлик  йўлида азалий рақибига жиддий қаршилик кўрсатиш учун барқарорлик етишмади. «Оқ-ҳаворанглар» ғалабалар серияси ортидан кутилмаганда, кетма-кет мағлубиятларга ҳам юз тутишди. Энг ачинарли томони, «Марсель» охирги 5та ўйин­дан 4тасида имкониятни бой берди. Эҳтимол, жамоа ЧЛ йўлланмаси билан кифояланишга одатланиб қолгандир...

ЛИГА 1-2022|2023 ЯКУНИ 

Чемпион: «ПСЖ»

ЧЛга йўлланма: «ПСЖ», «Ланс», «Марсель»

ЕЛга йўлланма: «Ренн», «Тулуза»

КЛга йўлланма: «Лилль»

Лига 2га қулаш: «Осер», «Аяччо», «Труа», «Анже»

С.РАҲМОНОВ тайёрлади