Ўз принципини ўтказадиган футболчилар ҳам керак

Ўз принципини ўтказадиган футболчилар ҳам керак

Ўзбекистон миллий жамоаси Венесуэла термаси билан ўйинда дуранг қайд этди - 1:1.

Жалолиддин Машарипов биринчи бўлим якунида пенальтидан фойдаланолмади. У «паненька» услубида зарба берди. Дарвозабон алданди, бироқ зарба озгина ноаниқ бўлди. Бу ерда икки яхши жиҳат бор: Биринчиси, пенальтини Элдор Шомуродов ишлади ва зарба бериш имкониятини Машариповга тақдим этди. Бу жуда эътиборли жиҳат;
* Иккинчиси, бизда тенг кучли термалар билан ўйинда ҳам ўзлигини кўрсата оладиган футболчилар борлиги, бундайлар керак.

*** 

2012 йили Италия ва Англия ўртасидаги ўйин пенальтилар сериясига қадар етиб борганини эсланг. Қийин аҳволда қолаётган италияликларга Пирлонинг худди шундай зарбаси руҳий далда бўлганди. Мушкул ҳолатларда катта масъулият қаршисида турган катта футболчиларгина шунга жазм эта олишади. Бундай ишонч эса албатта, оддий ўйинлар орқали орттирилади. Аввал ҳам айтгандим, ҳамма футболчилар бир хилда одобли ёки камсуқум бўлишлари шарт эмас. Бизга майдонда ўзини Элдор ёки Отабек сингари камтар тутадиган футболчилар қаторида фикрини ва принципларини ўтказишга интиладиганлар керак. Термага ранг-баранглик жуда муҳим. Асосийси - мураббий уларнинг ҳаммасидан бир бутун жамоа ясай олиши.

P.S. Венесуэла термаси қўпол ўйнаганини айтишди. Ҳа, бироқ Жанубий Америкада футбол шунақа. Венесуэла ёки Боливия каби жамоалар муқаррар Аргентина ёки Бразилия термасига қарши шундай ўйнамаса ҳам бўлмайди. Рақиблардаги ўрганишга арзигулик жиҳат - бу уларнинг тажовузкор эканлиги. Кўриняптики, венесуэлаликлар Боливия термасига қарши ўйинимизни яхшилаб ўрганишган. Элдор шундан келиб чиқиб қўриқланди, Машариповга шунинг учун икки футболчи доим қаршилик қилди, Турғунбоевни шунинг учун тепиб ўтишди. Елкама-елка курашда улар билан нисбатан тенгроқ тура олгани Остон бўлди, менимча.

***

- ЎФА Халқаро бўлими миллий жамоа учун ташкил этиб берган сўнгги 6та ўйинга эътибор қаратинг:

Венесуэла

Боливия

Россия

Қозоғистон

Коста-Рика

Камерун

Бу ажойиб, албатта. Шундай вақтлар бўлганки, миллий терма ФИФА кунларидан фойдаланмай қўя қоларди. Энди эса Лига ФИФА тақвимига кирмайдиган бир кун учун курашади, ассоциация эса ўз йўналишида принципларини илгари суради. Айнан шу жиҳат ўта муҳим. Ҳозир ҳар ким ўз ишини яхшироқ бажаришга интиляпти. Ишонамизки, бу Осиё кубогида бизга ёрдам беради.

*** 

- Бугунги кунда Coca-Cola Суперлига учрашувларини ўтказиш талабига жавоб берадиган стадионлар:

«Бунёдкор»

«Жар»

«Истиқлол» 

«Бухоро»

«Пахтакор»

«Ўзбекистон» 

«Насаф»

«Навбаҳор» 

«Шўртан»

«Локомотив»

2024 йил якунига қадар мазкур рўйхатга қўшиладиган стадионлар:

ОКМК

«Сурхон»

«Бобур Арена»

«Сўғдиёна» 

2023/2024 йилдан чемпионат учрашувлари ўтказилмайдиган стадионлар:

«Металлург»

«Қизилқум» 

«Динамо»

«Машъал»

Талаб натижасида 3 йил ичида сезиларли ўсишга эришилганини пайқаш қийин эмас. 2024 йил давомида ҳар бир клубнинг машғулот майдони бўйича талаб асосий планга чиқади.

***

- 3 йил аввал Про лига клубларини ОФК лицензиялаш жараёнига жалб қилгандик. Бугунга келиб, Про лиганинг камида 3-4та клуби лицензиялаш талабларига жавоб беради. Бу йил илк марта Биринчи лига клубларини синов тариқасида лицензиялаш жараёнига қўшдик. Кетма-кет 3 дивизион жамоаларини ОФК лицензиялашига фақатгина Япония жалб қиларди. Ўзбекистон бу борада Осиёда иккинчи бўлди. 

*** 

- «Андижон» нафақат асосий таркиблар ўйини, балки U-21 таснифида ҳам «Олимпик»ни енгди. Аслида иккинчиси янада қийинроқ эди. Зеро, «Олимпик» ёшлар жамоаси ўтган мавсум U-21 чемпионатида катта фарқ билан ғолиб чиққан.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ