Хасбик «Севилья» томон-ми?

Хасбик «Севилья» томон-ми?

Доғистонлик машҳур блогер Хасбулла Магомедов катта футболга ҳам бош суқди.

Ҳозирча ЕЛга. «Ювентус» ва «Севилья» ўртасидаги турнир ярим финали трансляциясида митти юлдуз портрети туширилган баннер кўзга ташланди. Аслида «Севилья» мухлислари Хасбикка анча олдин эътибор қаратишган. Дейлик, фанатлар гуруҳи россиялик блогерни миллий фольклорнинг бир қисмига айлантириб улгурган. Ҳаттоки, Хасбик ва буюк Диего Марадона битта «рамка»га солинган ажойиб стикер ҳам бор.

Айтиш жоиз, Хасбик ва Марадона тасвири «Севилья»нинг «Твиттер»даги расмий  саҳифасига олиб чиқилган. Стикерда жарангдор ёзув ҳам бор. Андалусияда аргентиналик марҳум афсонани ниҳоятда қадрлашлари сабаби маълум. Лекин Хасбик-чи... Афтидан, уни Севилья четидаги овлоқ жойларда ҳам яхши кўришади. Ҳар ҳолда, трансляцияда кўринган баннерда Tomares ёзуви ҳам бор эди. Томарес - Андалусия провинцияси пойтахти теварагидаги кичик шаҳарча. Кўринишидан, Туринда айнан томареслик мухлислар баннер кўтаришган.

Умуман, доғистонлик интернет юлдузини фақат Севилья эмас, Испаниянинг бошқа шаҳарларида ҳам яхши кўришади. Хусусан, ўтган мавсум «Леванте» мухлислари «Кадис»га қарши муҳим ўйинда Хасбик «фигура»сини намойиш этишганди. Аммо бу ёрдам бермади ва клуб қуйи лигага тушиб кетди, барибир. Ўз ўрнида айтиш керак, Хасбикнинг ўзи ҳамон муаммолар гирдобида: у Доғистонда йўлни тўсиб қўйгани учун ҳибсга олинганди. Аниқроғи, блогерга тегишли компания тўй базми баҳона кўчалардан бирида ҳаракатни бутунлай чеклаб қўйган. Тўғри, Хасбулла полиция маҳкамасида узоқ қолмади, қолаверса, у қилмиши учун барчадан расман узр ҳам сўради: «Бироз шов-шув кўтаришни хоҳлагандик. Ққора хайп. Бунақаси бошқа такрорланмайди, халқ. Узр. Озгина чегарадан чиқдик ва бунинг учун жавоб беришимга тўғри келди», - деб ёзди Хасбулла Магомедов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.