ЖАРАЁН: АПЛ: катта ислоҳот тараддуди

ЖАРАЁН: АПЛ: катта ислоҳот тараддуди

Англияда «Манчестер Сити» ва «МЮ» каби катта жамоалар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатадиган ўзгариш варианти кўриб чиқилмоқда.

 Аниқроқ айтсак, The Times нашри маълумотига қараганда, иш ҳақи меъёри чекланишига олиб келадиган харажат лимити ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Таъкидланишича, кўплаб клублар вакиллари энг юқори миқдор ва АПЛ турнир жадвали 20-поғонасидан жой оладиган иштирокчига телетрансляциялар ҳуқуқидан тегадиган улуш ўртасида боғлиқлик бўлишини истамоқдалар.

Ўртага ташланган таклиф етакчи жамоалар харажатининг сезиларли даражада чекланишига олиб келади. Ҳозирча аниқ нисбат белгиланган эмас. Фақат нуфузли манбаларда келтирилишича, 1|4 нисбати муҳокамага қўйилган. Таклиф аллақачон АПЛ клубларининг умумий йиғилиш­ида кўриб чиқилди. Қисқаси, вариантлардан бири - телеҳуқуқлардан тушадиган минимал улуш воситасида харажат миқдорини назорат қилиш. Чунончи, лига мутасаддилари тегишли чоралар кўрилмаслиги рақобат балансига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирдалар. Маълумотларга биноан, таклиф жиддий эътибор билан ўрганилмоқда, аммо айрим етакчи жамоалар бунга мутлақо қарши чиқмоқда.

2021|2022 йиллар мавсуми мисолида ўзгариш қандай самара беришини осонгина чамалаш мумкин. Ўша мавсум сўнгги поғонани банд этган «Норвич» телетрансляциялар ҳуқуқи ортидан 100,6 млн. фунт олди. Агар янги қоидага солсак, клубларнинг максимал иш ҳақи жам­ғармаси 402,4 млн. фунтдан ошмаслиги керак. Сўнгги мавсумда «МЮ»нинг иш ҳақи жамғармаси 384, «Ливерпул»ники 366, «Манчестер Сити»ники 354 млн. фунтга тенг бўлди. Кўриниб турибдики, бу ҳисоб бўйича ҳар бири меъёрни ушлаган. «Ғоят ақлли концепция. Чунки унда харажат чеклови телетрансляциялардан энг оз улуш оладиган клуб кўрсаткичига боғланган. Шу аснода харажат меъёрини назорат остига олиш мумкин. Шунингдек, ушбу ғояни келажакка қаратилган хавфсизлик чораси сифатида таърифласак ҳам бўлади. Чунончи, келаси йили ЧЛ янги форматда старт олганида, юзага келадиган вазият анча хавотирли. Кўринишидан, унда иштирок этадиган жамоалар катта даромадга эга бўлади, шунингдек, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашадиганлар ҳам. Қисқаси, ҳозирнинг ўзида кузатилаётган улкан молиявий тафовут янада йириклашиши эҳтимоли катта. Рақобатбардошлик ҳамиша АПЛнинг энг устун жиҳати бўлиб келган. Янги ўзгариш шу сифатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», - дейилади The Times изоҳида.

Бу вақтда УЕФАда ҳам молиявий ислоҳот хусусида бош қотиришмоқда. Яъни Европа футболи раҳбарияти харажат лимитини киритиш бў­йича изланишда. Кутилишича, чеклов футболчиларнинг муайян мавсумдаги иш ҳақи ва трансферлар суммасига тааллуқли бўлади. УЕФА шу йўл билан рақобат балансини ушлаш устида жиддийроқ шуғулланмоқчи. Бинобарин, ташкилот яқин орада молиявий барқарорлик қоидаси (FSR)ни жорий этса, АПЛ клубларининг моддий қудрати янада кучайиши мумкин. Қисқаси, жорий йилдан эътиборан FSR қоидаси асосида ҳар бир клубнинг иш ҳақи ва трансферлар харажати унинг йиллик даромадига нисбатан чекланади. Рақамларда айтсак, еврокубок мусобақаларида қатнашадиган жамоалар жорий йил даромаднинг 90 фоизини ишлатиши мумкин, кейинги мавсум бу миқдор 80 фоизга туширилади. Лойиҳага биноан, 2025 йилга бориб, муайян клуб даромаднинг 70 фоизидан ортиғини сарфлолмайди. Маълумотларга қараганда, Европанинг айрим етакчи клублари FSR қоидасига мутлақо қарши. Бинобарин, у айнан АПЛ вакилларига трансферлар бозорида ҳукмронлик қилиш имкония­тини яратиши мумкин. Ҳозирги ҳолатда «кўҳна қитъа»даги энг бадавлат 30та клубнинг 16таси АПЛ вакили эканлигини унутмаслик керак. УЕФАга мақбул вариантнинг эътиборли жиҳати шуки, FSR воситасида ҳар мавсум клубларнинг иш ҳақи, трансферлар харажати ва агентлар хизматига ажратиладиган маблағ миқдорини белгилаб берадиган чеклов жорий этилади.