Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 3,777

Ҳаммаси корейслар билан ўйинга қолди…

Ҳаммаси корейслар билан ўйинга қолди…

Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар термаси Осиё кубогига ишонч билан киришди. Ҳар ҳолда, U-23 тоифасидаги чемпионатга U-21 таркиби билан борган жамоамиз Ливан термасига қарши илк ўйиннинг 57-дақиқасига қадар Амирбек Саидов, Равшан Хайруллаев ва Сардор Баҳромов томонидан урилган голлар эвазига 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Бироқ йигитларимиз шундан сўнг хотиржамликка берилишдими, рақиб Самандар Муратбаев дарвозасини икки бора нишонга олди. Гуруҳимиздаги яна бир ўйинда эса Эрон ва Ж.Корея термалари муроса кўчасида тўхташди – 0:0. 2-турдан ўрин олган биринчи учрашувда ливанликлар корейсларни анча қийнаб қўйишди. Дейлик, 2 марта ҳисобда олдинга чиқиб олишди, лекин иродали корейслар якунда ғалабани илиб кетишди – 4:2. Шу ҳолатда Ўзбекистон термаси Эрон ёшларини енгганида, 2-турдан сўнг гуруҳдан чиқиш масаласи ҳал бўларди. Бироқ тенгма-тенг курашлар остида ўтган баҳсда ҳисоб очилмади. Оқибатда ҳаммаси 3-тур ўйинига қолди…
2-турдан кейин «С» гуруҳида юзага келган ҳолат нисбатан чалкаш. Агар Равшан Ҳайдаров шогирдлари Ж.Корея термаси билан ўйинда ғалаба қозонишса, 1-ўрин билан «плей-офф»га чиқишлари аниқ. Корейсларга қарши ўйиндаги голли дуранг (1:1 ва ҳоказо) ҳам гуруҳдан чиқишимизни таъминлайди, фақат 2-ўрин орқали. 0:0 ёки салбий ҳисобда эса «плей-офф»да ўйнаш-ўйнамаслигимиз Эрон ва Ливан термалари ўртасидаги ўйин натижасига боғлиқ бўлиб қолади. Форслар яна очко йўқотишса, унда бизга етолмайдилар. Агар улар ливанликларни енгишса ва Ўзбекистон – Ж.Корея ўйинида дуранг қайд этилса, унда 3та жамоада 5тадан очко бўлади. Бундай ҳолатда регламентга мувофиқ, аввало, Ўзбекистон, Ж.Корея ва Эрон термаларининг ўзаро ўйинлари натижасига қаралади. Агар шундай сценарий юзага келса, очколар сони (тенг), голлар нисбати (тенг) критериялари четга чиқади ва барчасини голлар сони ҳал қилади. Шунинг учун Ж.Корея билан баҳсда бизга ғалаба, камида голли дуранг керак. Яна бир 0:0 эса бизни 5 очко билан ҳам борт ташқарисида қолдириши хавфи бор. Чунки Эрон термаси охирги ўйинда умумий голлар нисбатини яхшилаш имкониятига эга. Умид қиламизки, йигитларимиз бугун Ж.Корея термасини мағлубиятга учратиб, бундай қўшимча ҳисоб-китобларга эҳтиёж қолдиришмайди. Шунингдек, Ливан термасидан ҳам эронликларга ютқазмасликни кутамиз… 

*** Ўзбекистон ва Эрон термаларининг U-23 тоифасидаги Осиё кубогидан ўрин олган 3-ўзаро ўйинида ҳам кучлар тенг келди. 2020 ва 2022 йиллардаги учрашувлар 1:1 ҳисобида якунланган эди. Ўша баҳсларда биздан Ислом Қобилов (2020 йил) ва Отабек Жўрақўзиев (2022 йил) гол уришган. 

*** Эрон термасида футболчиларнинг ўртача ёши 22,0ни ташкил этган бўлса, бизда бу кўрсаткич 20,7га тенг бўлди.

1-ТУР. 7 январь

ЎЗБЕКИСТОН – ЛИВАН – 3:2 (1:0)

Ар-Риёд. «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» стадиони.

Ҳакамлар: Туан Моҳ Ёсин (Малайзия), 

Муҳаммад Шафиқ Саид (Малайзия), Бангбанг Сиамсудар (Индонезия), Ториқ Мунир ал Катири (Индонезия).

VAR ҳакамлари: Сивакорн Пу-Удом (Таиланд), Муҳаммад Обайд Ҳадим (БАА).

Голлар: Амирбек Саидов (24), Равшан 

Хайруллаев (50), Сардор Баҳромов (57) – 

Леонардо Шаҳин (65, 90+5).

Ўзбекистон: 21. Самандар Муратбаев, 2. Саид Ҳамидов, 4. Ғиёсжон Ризақулов, 6. Равшан Хайруллаев (10. Рустам Фомин, 90+6), 7. Сардор Баҳромов (3. Дилшод Муртазоев, 86), 9. Саидумар Саиднуруллаев, 11. Асилбек Жумаев, 16. Беҳруз Каримов (19. Муҳаммадбобур Каримов, 74), 

17. Амирбек Саидов (23. Абдуғафур Ҳайдаров, 74), 20. Дилшод Абдуллаев, 22. Нурлан Ибраимов (14. Азиз Тўлқинбеков, 86).

Ливан: 23. Антони Масри, 3. Жад Смаира, 4. Ҳа-сан Фарҳат, 5. Муҳаммад Сафван, 6. Муҳаммад Гамлуч (14. Ҳасан Фоуани, 61), 7. Маҳмуд Збиб (18. Даниэль Истамбули, 74), 8. Али ал Фадл (17.Шади Жоуни, 83), 11. Али Касас, 16. Ходир Хаддур (2. Али Исмоил, 61), 19. Леонардо Шаҳин, 20. Нур Ауде (10. Муҳаммад Содиқ, 61).

Огоҳлантиришлар: Муҳаммадбобур Кари-

мов (90+3) – Маҳмуд Збиб (39), Али Касас (79), Жад Смаира (85).

Ж.КОРЕЯ – ЭРОН – 0:0

Ар-Риёд. «Ал-Шабаб» стадиони.

Бош ҳакам: Аммар Маҳфуд (Баҳрайн).

Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи): – Ўйин тизгинини назоратда ушладик, фақат охирида бироз асабийлик кузатилди. Хатолар чарчоқ билан боғлиқ, яна захирадан тушган йигитлар ўйинга киришиб кетишда қийналишди. Муҳими, якунда 3 очко олдик. Рақиблар ўйинини ҳам кузатамиз, албатта. Лекин аввало, ўз ўйинимиз бўйича олдинга қадам босишимиз керак. Бугун ўйин сифати вақти-вақти билан ўзимиз хоҳлагандек бўлди. Тактикага боғлиқ хатолар ҳам кузатилди, аммо асосийлари чарчоқ ва руҳиятдан. Бу борада ишлаймиз. Эрон термасига қарши баҳсда болаларча қилинган хатолар такрорланмаслиги керак.

2-ТУР. 10 январь

ЛИВАН – Ж.КОРЕЯ – 2:4 (1:1)

Ар-Риёд. «Ал-Шабаб» стадиони.

Бош ҳакам:  Абдуллоҳ ал Марий (Қатар).

Голлар: Леонардо Шаҳин (13), Али ал 

Фадл (48) – Ли Хён Ён (20), Чон Жэ Сан (56), 

Кан Сон Жин (71), Ким Тэ Вон (76).

ЭРОН – ЎЗБЕКИСТОН – 0:0

Ар-Риёд. «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» стадиони.

Ҳакамлар: Абдуллоҳ Жамолий (Қувайт), Али Жрақ (Қувайт), Муҳаммад Жаъфар Салмон (Баҳрайн), Аммар Маҳфуд (Баҳрайн).

VAR ҳакамлари: Кате Жейквайз (Австралия), Абдуллоҳ Араб (Қувайт).

Эрон: 1. Муҳаммад Ҳалифеҳ, 4. Даниал Ири, 

5. Муҳаммадмаҳди Заре (3. Аршиа Восуфжифард, 59), 6. Амирмуҳаммад Разагина, 7. Ризо Гандипур (11. Муҳаммад Асқари, 71) (21. Ҳамидриза Заруни, 83), 8. Пурия Латифифар (18. Амир-ризо Рад, 83), 9. Ядегар Ростами, 10. Жавад Ҳусайннажод (17. Эрфан Жамшиди, 71), 

13. Маҳди Маҳдави, 16. Фарзин Момелагари.

Ўзбекистон: 21. Самандар Муратбаев, 2. Саид Ҳамидов, 4. Ғиёс Ризақулов, 6. Равшан Хайруллаев, 7. Сардор Баҳромов, 9. Саидумар Саиднуруллаев (8. Муҳаммадали Реимов, 73), 11. Асилбек Жумаев (19. Муҳаммадбобур Каримов, 90), 16. Беҳруз Каримов, 17. Амирбек Саидов,

 20. Дилшод Абдуллаев, 22. Нурлан Ибраимов.

Огоҳлантиришлар: Дилшод Абдуллаев (3), Нурлан Ибраимов (44, Ў.).

Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи): – Эрон термасига қарши очиқ футбол кўрсатиш қийин эди. Рақиб таркибида жисмоний жиҳатдан кучли футболчилар етарли. Умуман, тактик жиҳатдан аниқ ишланган режаларимиз бор эди. Асосан узун узатмалар орқали ҳужумлар ташкил қилишга уриндик. Чунки қисқа узатма ўйнаш, рақибга чуқур прессинг уюштириш хавфли эди. Рақиб ҳимояси анча тепада ўйнади. Биринчи 45 дақиқаликда бир қатор яхши ҳужумлар ташкил этдик. Йўқ, рақибдан қўрқиб ўйнамадик. Шунчаки, тартибли футболга интиляпмиз. Эрон термасидек рақиблар билан ўйнаб, янада шаклланамиз. 

Умид Раванхоҳ (Эрон терма жамоаси бош мураббийи): – Майдонга ғалаба илинжида тушдик. Шогирдларим бор кучларини ишга солишди, охиригача ҳаракат қилишди. Фақат вазиятлардан фойдаланолмадик. Демак, ҳужумда диққатни янада оширишимиз керак.

1   Ж. КОРЕЯ 2 1 1 0 4-2 4  

2   ЎЗБЕКИСТОН 2 1 1 0 3-2 4

3   ЭРОН 2 0 2 0 0-0 2

4   ЛИВАН 2 0 0 2 4-7 0

3-ТУР. 13 январь (сешанба)

16:30 ЭРОН – ЛИВАН

Ар-Риёд. «Ал-Шабаб» стадиони.

16:30 ЎЗБЕКИСТОН – Ж.КОРЕЯ

Ар-Риёд. «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» 

стадиони.

Ҳакамлар: Қосим ал Ҳатмий (Уммон), Носир Бусаидий (Уммон), Cao Йи (Хитой), Фу Минг (Хитой). 

VAR ҳакамлари: Муҳаммад Бин Жаҳари 

(Сингапур), Жин Жингюан (Хитой).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *