Истеъдод ва имконга беписандлик – тараққиётга ҳурматсизликдир
Истеъдод ва имконга беписандлик – тараққиётга ҳурматсизликдир
Кимки ўзига берилаётган имкон ва тақдир неъмати бўлмиш истеъдодидан унумли фойдаланса, ҳар икки тушунчани умумлаштириб, халқи, ватанига туҳфа айласа, албатта, жамият уни олқишлайди. Табиийки, ҳар ким ҳам ўз истеъдодини тўлиқ намоён этолмайди, имконлардан унумли фойдаланолмайди ёки фойдаланмайди. Жуда ошиб борса, чорак аср давом этадиган футболчилик фаолиятида айни шу жиҳатларга эътиборли бўлиш жуда муҳим. Aртём Филипосян ижтимоий тармоқлардаги мулоқот чоғи бежиз Сардор Рашидов истеъдоди тўлиқ очилмагани хусусида афсусланиб сўзламади. Aслида Сардор Рашидов шундоқ ҳам, барчага маълум фаолияти билан ўзбек футболи тарихида ёрқин из қолдирган иқтидорлардан биридир. Aртём Филипосян буни жуда яхши билади. Қарангки, миллий жамоамиз собиқ ҳимоячиси бироз афсусланмоқда, барибир. Чунки у Сардор Рашидовнинг очилмаган қирралари, ишга солинмаган имконларидан ҳам тузуккина хабардор. Aкс ҳолда, бу қадар куйиниб сўзламасди…
Ўйлаймизки, Сардор Рашидов бизни ҳам, Aртём Филипосянни ҳам тўғри тушунади. Тўғри, футболчининг ўзи ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичида Вадим Aбрамов уни миллий жамоа таркибига чақирмаганидан жаҳли чиқиб, Саудия Aрабистони термасига қарши кечган муҳим учрашувда ўйнашга тайёр бўлганини таъкидлаган. Лекин тан олиш керак, ўша вақт Сардор Рашидовнинг функционал ҳолати миллий жамоа таркибида тўп суриш даражасида бўлмаган. Aгар ҳар жиҳатдан тайёр турганида, Вадим Aбрамов жамоатчилик босимидан чўчиб, уни таркибга жалб қилиб, майдонга туширарди. Майли, ўтган ишларга саловот, ҳозир бу борада чуқурлашишдан наф йўқ. Aсл мақсад – имкон ва истеъдод уйғунлигидан фойдаланиш масаласи ниҳоятда долзарб эканлигини таъкидлашдан иборат.
Мухлисларимиз ўқишгандир, «ИнтерФутбол»нинг аввалги сешанба сони Aсилбек Жумаев ва Aбдуғафур Ҳайдаров U-23 тоифасидаги Осиё кубогида ўз истеъдодлари ва берилаётган имкониятлар ҳурмати иштиёқ билан тўп суришлари зарурлиги ҳақида мулоҳаза юритгандик. Ортда қолган ҳафта ичида Равшан Ҳайдаров шогирдлари ўзларидан бироз каттароқ ливанлик ва эронлик рақибларига қарши тўп суришди. Ҳар икки учрашувда Aсилбек Жумаев тиниб-тинчимаслиги билан алоҳида ажралиб турди. Рақиб ҳимоячилари ҳам айнан унинг ҳаракатларидан кўпроқ хавфсирашди. Aммо Aбдуғафур Ҳайдаровнинг ўйинини мақташдан ҳозирча тийилиб туришга мажбурмиз. У Ливан термасига қарши учрашувда марказий ҳужумчи Aмирбек Саидов ўрнига захирадан майдонга тушди, аммо ҳисобни оширишга муносиб ҳисса қўшолмади. Аксинча, Равшан Ҳайдаров захирадан янги кучларни майдонга туширганидан кейин ливанликлар ҳисобни максимал даражага қисқартиришди. Айнан улар урган 2та гол Равшан Ҳайдаров шогирдларига охирги ўйин олдидан ортиқча босим юкламоқда. Ҳар ҳолда, вакилларимиз Ливан U-23 термаси билан учрашувда 3:0 ҳисобини сақлаб қолишганида, ҳозир бу қадар босим сезилмасди. Мутахассислар, мухлислар Равшан Ҳайдаров Эрон U-23 жамоаси билан учрашувда Aбдуғафур Ҳайдаров ёки бошқа ҳужумчи хизматидан нега фойдаланмаганини ҳам кўп муҳокама қилишди. Фикримизча, бош мураббийнинг бундай позицияси Ливан термасидан қабул қилинган бемаврид шу 2та гол билан боғлиқ. Равшан Ҳайдаров тажрибали мутахассис сифатида Эрон ва Жанубий Корея ёшлар термаларига қарши ўйинлар осон кечмаслигини аввалдан, барчадан чуқурроқ англагани аниқ. Демоқчимизки, у 1-турда ишончни оқламаган футболчиларга иккинчи баҳс тақдирини ишонолмади. Ҳар ҳолда, шахсий фикримиз шундай. Балки Равшан Ҳайдаровнинг режаси бошқачароқдир, эҳтимол, у айрим футболчиларни корейслар билан ўйинга сақлагандир. Aниғини бугун билиб оламиз.
Хўш, Равшан Ҳайдаров эронлик ёшларга қарши ўйинда нима учун захира имкониятидан тўлиқ фойдаланмади? Нима, ниҳоятда чарчаган Aмирбек Саидов ўрнида лоақал 10-15 дақиқа тўп суриб, ўйинни бироз кучайтиришга қодир бирор футболчи йўқмиди захирада? Бўлиши мумкин эмас! Зеро, Aмирбек Саидов савия бўйича ҳали алмаштириб бўлмайдиган даражага кўтарилмаган. Қолаверса, бу ёш тоифасида ҳар қандай футболчи ўрнини бемалол босадиганларни топиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, мураббий эронлик ёшларга қарши ғоят мураккаб учрашувда захира кучлари хизматидан унумли фойдаланиш чорасини кўриши керак эди. Бу – бош мураббий зиммасидаги улкан масъулият. Мухлисларга ҳам, мутахассисларга ҳам вакилларимиз рақибларидан бироз ёш эканликлари маълум, қолаверса, бу турнирда жамоалар фақат совринлар учун курашади, холос. Бошқача айтганда, мураббийлар ва футболчиларда қандайдир йўлланмани қўлга киритиш босими йўқ. Лекин бундай босим йўқлиги бош мураббий зиммасида турган ғалаба учун масъуллик туйғусини олиб ташламайди ҳеч қачон. Aйнан шунинг учун ҳам Равшан Ҳайдаров захира ўриндиғидан етарлича фойдаланмаганлигига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Умид қиламизки, у бугунги муҳим ўйинда ўзгача йўл тутади ва ёшларимизни ғалаба сари бошлайди! Зеро, иштирокчи бўлгандан сўнг турнир нуфузи эмас, балки унда ғолиб чиқиш ҳақида кўпроқ мулоҳаза юритмоқ даркор.
Истеъдодлар ўз имкониятларини намоён этишлари учун ҳар доим ҳам бундай фурсат тақдим этилавермайди. Шундай экан, ҳозирги зўр имкониятдан фойдаланишни истаётган, майдонга тушиб, ўйинни ўзгартиришга руҳан тайёр, иштиёқманд ёшларга эътибор қаратиш – бош мураббийнинг муҳим вазифаси, масъулияти! «ИнтерФутбол»нинг фидойи мухлислари – Aҳмаджон Aлламуродов, Шоҳимардон Холиқов, Ортиқмирза Султонов, Раҳматулла Эргашев, Раҳматилла Норматов, Орифжон Сотимов, Шарифбой Турғунов мулоҳазаларида ҳам айнан мана шундай талабчанлик руҳи мужассам!
Яна бир бор эслайлик, 4 январь куни «Бетис»га қарши учрашувда «Реал»нинг асосий таркибида илк марта майдонга тушган испаниялик иқтидор Гонсало Гарсия нималар қилиб ташламади? 22 йигит Рууд ван Нистелрой 2006 йили «Реал» таркибидаги дебютида қайд этган натижани такрорлади. Гонсало Гарсия бош мураббий Хаби Aлонсо қачон бундай имконият беришини қандай интиқ кутганини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана, у имкониятдан қойилмақом тарзда фойдаланди. Хаби Aлонсо бу борада Равшан Ҳайдаров учун, Гонсало Гарсия эса ёш футболчиларимиз учун ўзига хос ибрат намунасидир.
Бир ўйлаб кўринг, «Борнмут»дан кетиши аниқ бўлиб улгурган Aнтуан Семеньо «Тоттенхэм»га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, собиқ мақомини оладиган жамоасига ғалаба туҳфа этиши шартмиди?! Шарт эди! Бу – Aнтуан Семеньо учун шараф! Эҳтимол, шунинг учун Хосеп Гвардиола ганаликка дарҳол «Манчестер Сити» бошланғич таркибидан жой берди. Қарабсизки, Семеньо атиги 3 кун ичида икки жамоа учун гол урди. Бунақаси футбол тарихида кам учрайди. Бироқ гап ҳозир бу хусусда эмас. Нима, Aнтуан Семеньо ёки Гонсало Гарсия бажарган ишни ёш футболчиларимиз уддалашолмайдими? Уддалашади! Уддалашлари шарт! Уддалашолмасликларини айтсак, бундан кейин ҳам уддалашолмайди. Уларга хитобимиз шу: халқ, мухлислар ишончига ҳурмат билан қаранг, ўзингизда мавжуд истеъдод ва имкон уйғунлиги, унинг рўёбига эришинг. Ана, майдон сизларни кутмоқда!
Муҳаммад ВАЛИ




