Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 3,874

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Ҳусановга аталган мақтовлар порцияси

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Ҳусановга аталган мақтовлар порцияси

Англия. «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановни мақташдан чарчамаяпти. Мана, Норвегияда бўлиб турган Championat.asia сайти мухбири Абдулвосит Бектемиров Европа ЧЛ умумий босқичи 7-туридан ўрин олган «Будё Глимт» – «Манчестер Сити» ўйинидан олдинги матбуот анжуманида испаниялик мутахассисга ёҳ ҳимоячимиз ҳақида бир неча савол бериб, ижобий жавоблар олди:

– Абдуқодир Ҳусановнинг охирги ўйинлардаги ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?

– Матбуотда Ҳусанов ҳақида нималар ёзилаётганига қаранг… Унинг охирги ўйинлари – шунчаки, даҳшат! Бундан жуда хурсандмиз. Шуни алоҳида айтишим керак, Хуса «Арсенал» билан ўйиндан кейин бир ой давомида бирор дақиқа ҳам ўйнамади. Бу жуда узоқ муддат эди. Машғулотлар ва кийиниш хонасида ўзини тутиши — Ҳусановни айни шу хислатлар характерлайди. Қийин лаҳзаларда футболчининг кимлиги жамоада ўзини қандай тутишидан билинади. Абдуқодир… Билмадим, лекин ишончим комил, бу унинг ота-онасидан олган тарбияси, Ўзбекистон таъсири. Хуса Францияда, Парижда атиги бир неча ой бўлди ва тўғри бу ер — АПЛга, «Манчестер Сити»га келди. Бундай ўзгаришга кўникиш осон эмас. Лекин у эшитди, ўрганди. Албатта, жисмоний ҳолати шунчаки, юқори даражада. «Манчестер Сити» кўп, жуда кўп йиллар давомида энг юқори савияда ўйнайдиган марказий ҳимоячига эга бўлди.

– Ҳусанов асосий таркибнинг 100 фоиз тўлақонли аъзоси бўлиши учун нима қилиши керак?

– Очиғини айтаман, бу фақат унинг ўзига боғлиқ. Фақат ва фақат ўзига!

Дарвоқе, 20 январь куни Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити» оиласига қўшилганига роппа-роса 1 йил бўлди. Шу муносабат билан «Англия клубининг «Инстаграм» тармоғидаги расмий саҳифасида алоҳида эслатма берилди. Ҳамюртимиз ортда қолган 1 йил давомида «шаҳарликлар»нинг жами 24та ўйинида майдонга тушиб, ўз ҳисобига 1та гол ёздириб қўйди.

Туркия. «Ризеспор» Суперлига 18-турида «Гёзтепе» меҳмони бўлиб, 1:3 ҳисобида енгилди. Ушбу учрашув бошланғич таркибдан жой олган ҳимоячимиз Ҳусниддин Алиқулов учун ҳам ўта омадсиз келди. Биринчидан, мидий жамоамиз вакили вазиятлардан бирида «Ризеспор» дарвозаси томон пенальти белгиланишига сабабчи бўлди. Иккинчидан, ҳамюртимиз 75-дақиқада жароҳатга йўлиқди ва ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Якунда Sofascore портали Алиқулов ўйинини анча паст баҳолади – 6,3 балл. учун, «Ризеспор» эса 18 очко билан турнир жадвалининг 12-қаторида қолди. Алоҳида айтиш керак, «Фотиҳ Корагюмрюк» билан ўйинда чемпионатдаги 13-голини урган «Истанбул Башакшеҳир» ҳужумчиси Элдор Шомуродов Sofascore портали баҳоси (8,0 балл) бўйича Суперлига 18-тури рамзий терма жамоасидан жой олди. Ўзбекистон миллий жамоаси сардорининг ўзи эса нега айнан «Башакшеҳир»ни танлаганини тушунтириб берди: «Бу клубни кўпроқ ўйин амалиёти олиш учун танлаганман. Мураббийлар штаби ва жамоанинг ўйин услуби катта таассурот қолдирди. Ҳозирча фақат «Истанбул Башакшеҳир» ҳақида ўйлаяпман. Лигадаги бошқа бирор жамоа вариантини кўриб чиқмадим». Ўтган ёзда «Рома»дан «Истанбул Башакшеҳир»га ижара келишуви асосида ўтган 30 ёшли ҳужумчимиз ҳозирга қадар Суперлиганинг 18та ўйинида 13та гол урди ва тўпурарлар рўйхатида пешқадам бўлиб турибди. Ҳамюртимизнинг энг яқин таъқибчилари – Виктор Осимхен ва Пауль Онаучуда 11тадан гол бор.

БАА. 19 январь куни Про-лига 13-туридан ўрин олган яна бир ўйин ўтказилди. Унда Дубайнинг «Шабаб Ал-Аҳли» клуби «Дибба Ал-Фужайра»ни қабул қилиб, нақ 7:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев клуби учун ўта омадсиз кечган ушбу учрашувда тўлиқ вақт ҳаракатланди ва Sofascore порталидан 6,3 балл олди. «Дибба Ал-Фужайра» ўйин давомида майдонда 9 киши бўлиб қолганини ҳам алоҳида айтиш керак. Олдинроқ БАА лигасининг айни шу тури доирасидаги «Бани Яс» — «Ал-Батеҳ» ўйини (1:1)да «Ўзбекча дерби» кузатилганди. Sofascore портали ўйинда тўлиқ 90 дақиқа тўп суриб, сариқ карточка олиш асносида протоколга кирган мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Отабек Шукуровнинг ҳаракатларини 6,7 балл­га лойиқ кўрди. Азиз Ғаниев («Ал-Батеҳ») ҳам тўлиқ 90 дақиқа тўп суриб, 6,8 балл олган бўлса, Суперлигамизга қайтиши кутилаётган Акмал Мозговой («Бани Яс») захирада қолди.

Қирғизистон. Ҳамюртимиз Шерзод Қодиров фаолиятини Қирғизистон чемпионатида давом эттиради. Ярим ҳимоячи амалдаги клуби – ОшМу билан янги шартнома тузди. Унга кўра, Шерзод Қодиров 2026 йилнинг охиригача Ош клубида қолади. У ўтган йили ҳам ОшМу сафида ўйнаб, бир қатор голларга муаллифлик қилганди. Шунингдек, Андрей Сидоров ҳам ОшМу билан шартномаси муддатини узайтирди. Янги келишув бўйича 30 ёшли ҳужумчи жамоада яна бир мавсум тўп суради. Сидоров худди Қодиров каби ўтган йили ОшМу етакчиларидан бири сифатида кўзга ташланган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *