Тараддуд: Клубларимиздан дараклар
Тараддуд: Клубларимиздан дараклар
«НЕФТЧИ»
Амалдаги чемпион Анталия йиғинида навбатдаги назорат ўйинини Болгариянинг «Септември» клубига қарши ўтказиб, 2:0 ҳисобида устун келди. «Нефтчи» голларига Зоран Марушич ва Нурбек Сарсенбаев муаллифлик қилишди.
«Нефтчи» – «Септември» (Болгария) – 2:0 (1:0)
Голлар: Зоран Марушич (28), Нурбек Сарсенбаев (83).
«Нефтчи»: Акбар Тўраев (Ботирали Эргашев), Боян Цигер (Муҳаммадқодир Расулжонов), Владимир Йовович (Далер Тухсанов), Хуршид Ғиёсов (Аброр Исмоилов), Жамшид Искандеров (Азиз Эримбетов), Анвар Ғофуров (Нурмуҳаммад Абдуғаниев), Муҳсин Убайдуллаев (Иброҳимхалил Йўлдошев), Йован Жокич (Мўминхон Баҳодирхонов), Зоран Марушич (Нурбек Сарсенбаев), Фаррух Сайфиев (Икром Алибоев), Иззатилло Пўлатов (Фарҳод Соҳибжонов).
Яна бир янгилик, «Нефтчи» футбол академиясида хорижлик мураббийлар иш бошлашди. Булар – латвиялик Эдгарс Кленаускс ва украиналик Олександр Близнюк. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ушбу мутахассислар билан учрашиб академия фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
«ПАХТАКОР»
«Пахтакор» ёшлари ҳам хорижда йиғин олиб боришади. Аниқроқ айтганда, «Пахтакор» U-21 жамоаси 27 январь – 6 февраль оралиғида машҳур «Эспайр» академияси билан ҳамкорлик доирасида Қатар пойтахти – Дохада машғулот ўтказади. Йиғин давомида бир неча назорат ўйинида майдонга тушиш режалаштирилган. Айни пайт ёшлар жамоаси Шуҳрат Бўриев бошчилигида янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёнини бошлаб юборган. Бош мураббийга Ойбек Усмонхўжаев, Павел Тюлкин ва Анвар Рашидов ёрдам беришади. Ёш «шерлар» 18 январь куни Қибрайда «Дўстлик»ка қарши назорат ўйинида майдонга тушиб, 4:2 ҳисобида устун келишди.
Асосий жамоага келсак, Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Бани Яс» (БАА) ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой «шерлар» сафини тўлдирадиган кўринади. «Пахтакор» 26 ёшли футболчи трансфер ҳуқуқи БАА клубидан тўлиқ сотиб олмоқчи. Таъкидланишича, шартнома бўйича 2027 йилнинг ёзигача «Бани Яс»га тегишли футболчининг ўзи «Пахтакор» билан келишувга эришган. Энди икки клуб трансфер масаласини ҳад қилса, бас. Маълумот учун, Мозговой жорий мавсум БАА чемпионатининг 11та ўйинида майдонга тушди.
«НАСАФ»
«Насаф» мураббийлар штабига янги мутахассис қўшилди. Гап дарвозабонлар мураббийи Валерий Карпенко ҳақида кетмоқда. Бунга қадар «Сурхон»да фаолият олиб борган мураббий эндиликда Рўзиқул Бердиев жамоасидаги дарвозабонлар билан иш олиб боради.
«ДИНАМО»
«Динамо» матбуот хизмати яқинда «Андижон» билан хайрлашган иқтидорли ярим ҳимоячи Бектемир Абдуманнонов расман жамоа сафига қўшилганини тасдиқлади. «Динамо»нинг Дубайдаги йиғинида қатнашаётган 23 ёшли футболчи куни кеча 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. Дастлаб «Металлург» клуби ва Ўзбекистон ёшлар жамоаларидаги ўйинлари билан танилган Абдуманнонов охирги 3 мавсумни «Андижон»да ўтказди. У хусусан, 2025 йилги мавсум Суперлиганинг 30та ўйинида ҳам қатнашиб, 4та гол ва 8та ассист қайд этди. Қолаверса, «Динамо» словениялик хавбек трансферини ҳам эълон қилди. 28 ёшли ярим ҳимоячи Тил Мавретич ҳам жамоа сафига Дубайда қўшилди ва жамоа билан 1 йиллик шартнома тузди. Словениялик футболчи охирги 3 мавсум давомида Эстония гранди «Левадия» шарафини ҳимоя қилиб, миллий чемпионат, кубок, ЧЛ ва ЕК саралаш босқичларида жами 102та ўйин ўтказди. Мавретичнинг 2025 йилги статистикаси: 30та ўйин, 2та гол ва 3та ассист. Марказий ярим ҳимоячи фаолияти давомида Словениянинг «Интерблок», «Горица», «Табор Сезана», Италиянинг «Монополи» («С» серия) клубларида ҳам тўп сурган. «Динамо» бу орада Қозоғистоннинг «Қайсар» жамоасига қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов шу учрашувдан кейин янги легионерларга ҳам тўхталди: «Яхши спарринг-рақиб бўлди, айнан шундай ўйинлар учун ҳам бу ердамиз. Йигитлар иккинчи бўлимда яхши ҳаракатланиб, ўз ишларини сифатли бажаришди. Шуниси ёқди. Эҳтимол, илк дақиқадаёқ гол урганимиз ортидан рақиб кучига тўғри баҳо бермагандирмиз. Иккинчи бўлим эса назоратимиз остида ўтди. Янги футболчилар? Майдонга тушган ҳар бир йигит ишончни оқлади. Ўйлайманки, легионерлар борасида тўғри танлов қилдик. Уларнинг айримлари ҳали спорт формасида эмас, аммо ҳаракатлариданоқ яхши ўйнай олишларини сезиш мумкин».
«Динамо» – «Қайсар» (Қозоғистон) – 3:1
Голлар: Анвар Ҳожимирзаев (1, 52), Санжар Қодирқулов (57).
«Динамо» (бошланғич таркиб): Эдем Неманов, Салим Мустафоев, Жаҳонгир Ўрозов, Жалолиддин Жумабоев, Санжар Қодирқулов, Жаҳонгир Абдусаломов, Тил Мавретич, Нурилло Тўхтасинов, Миржаҳон Мираҳмадов, Азиз Амонов, Анвар Ҳожимирзаев.
«БУНЁДКОР»
Илёс Зейтуллаев бошқарувидаги «Бунёдкор» Анталия йиғини доирасида навбатдаги «ўртоқлик»ни ўтказди. Унда «қалдирғочлар»га Шимолий Македониянинг «Силекс» клуби рақиб бўлди. Натижага келсак, биринчи бўлимда урилган 2иа гол «Бунёдкор»га ғалаба келтирди – 2:1.
«Бунёдкор» – «Силекс» (Ш.Македония) – 2:1 (2:0)
Голлар: Билолхон Тошмирзаев (6), Дмитрий Плетнёв (37) – Ади Алич (47).
«Бунёдкор» (биринчи бўлим): Абдумавлон Абдужалилов, Дилшод Аҳмадалиев, Нажмиддин Нормуродов, Марко Бугарин, Ицуки Урата, Асадбек Раҳимжонов, Амир Тўрақулов, Дмитрий Плетнёв, Шаҳбоз Умаров, Билолхон Тошмирзаев, Самандар Мавлонқулов.
«Бунёдкор» (иккинчи бўлим): Федерико Ботти, Дилшод Аҳмадалиев (Шораҳим Шораҳмедов, 64), Нажмиддин Нормуродов, Бобур Йўлдошев, Ицуки Урата (Абдураҳмон Сулаймонов, 83), Носир Абдусаломов, Миркамол Аннаматов, Дмитрий Плетнёв (Миркомил Муродов, 77), Шаҳбоз Умаров (Сардор Абдунабиев, 64), Билолхон Тошмирзаев (Музаффар Олимжонов, 64), Матия Кривокапич.
ОКМК
ОКМК БААдаги йиғинда жами 4та назорат учрашуви ўтказади. Олмалиқ клуби матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирча 2та спарринг-рақиб аниқ. Яъни «кончилар» 23-24 январь кунлари Жанубий Корея ва Польша клубларига қарши майдонга тушадилар. Қолган 2та назорат учрашуви бўйича келишув жараёни кетмоқда.
23 январь – «Ульсан Хюндай (Ж.Корея)
24 январь – «Лех» (Польша)
«НАВБАҲОР»
«Бунёдкор» билан хайрлашган дарвозабон Валижон Раҳимов фаолиятини Наманганда давом эттириши муммкин. Кутилишича, 30 ёшли кипер «Навбаҳор»нинг Туркиядаги йиғинига қўшилади. Раҳимов ўтган мавсум «қалдирғочлар»нинг 6та ўйинда майдонга тушиб, 9та гол қўйиб юборган. «Қуруқ« ўйинлари сони – 1та.
«ҚИЗИЛҚУМ»
Навоий жамоаси бош мураббий Акмал Рустамов билан ўртадаги келишув муддатини узайтирди. Янги битим 2026 йилнинг 10 декабрига қадар мўлжалланган. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди. Эслатма, Рустамов «Қизилқум» бошқарувини ўтган йилнинг 9 июнь куни қўлга олганди. Навоийликлар ўтган мавсум унинг қўл остида 20та ўйинда майдонга тушиб, 6та ғалаба, 7та дуранг ва 7та мағлубият қайд этишди. «Қизилқум»нинг собиқ ҳимоячиси Душан Мийич эса фаолиятини Индонезияда давом эттиради. Сербиялик 33 ёшли футболчи ярим йиллик битим асосида «Персис Соло» клуби сафига қўшилди. Мийич ўтган йили Суперлига доирасидаги 29та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урганди. У юртимизда «Динамо» либосида ҳам тўп сурганини эслатиш жоиз.
«СУРХОН»
«Сурхон» расман U-17 тоифасидаги ЖЧ-2025 иштирокчиси Муҳаммадали Мусахонов билан шартнома тузди. 17 ёшли футболчи амплуа бўйича чап қанот ҳимоячиси ҳисобланади. У ўтган йилни кичик мундиалда Ўзбекистон ўсмирлар термасининг 3та ўйинида майдонга тушиб, 1та гол ассистенти бўлганди. Умуман, Мусахонов ҳозиргаадар U-17, U-18 ва U-19 терма жамоаларида жами 40та ўйин ўтказган. Хабарда таъкидланишича, истеъдодли футболчиларга катта эътибор қаратаётган «Сурхон» футболчи трансферини «Одил Аҳмедов» академиясидан тўлиқ сотиб олди ва у билан 3 йиллик шартнома тузди. «Сурхон» йиғинига келсак, Станислав Кудряшов жамоаси Туркияда Россиянинг «Оренбург» жамоасига қарши майдонга тушиб, рақибга бас келолмади – 1:4. Учрашувнинг 53-дақиқасида россияликлар ҳисобни очган бўлсалар, орадан кўп ўтмай, заҳирадан тушган Стивен Чинеду мувозанатни тиклади. Бироқ ўйиннинг қолган қисмида «Оренбург» ташаббусни қўлга олиб, яна 3та гол урди.
«Сурхон» — «Оренбург» (Россия) – 1:4 (0:0)
Голлар: Стивен Чинеду (59) — Жезуш (53), Болотов (64), Горелов (70), Гурлук (82).
«Сурхон» (бошланғич таркиб): Боймуродов, Неъматхонов, Шамсиев, Турсунов, Суннатулла Абдуллажонов, Абдуҳамидов, Зебниаури, Абдураҳмонов, Жўраев, Шукуруллаев, Жуматов.
Захира: Мерганов, Рамазонов, Мусахонов, Шербўтаев, Ашурбоев, Каримов, Юсупов, Чинеду, Қодиров.
Эътиборли томони, Сурхондарё вилояти футбол ассоциацияси «Сурхон» олдига янги мавсумда чемпион бўлиш вазифаси қўйилганини маълум қилди. «Сурхон» 2026 йилги мавсум учун вилоятимиздаги 10 нафардан ортиқ мураббий билан шартнома тузди. Чунончи, вилоят бош жамоаси ўз олдига бу йил Ўзбекистон Суперлигасида чемпион бўлиш вазифасини қўйган. Шу қаторда футбол академиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят туманлариги 10 нафардан ортиқ мураббий билан яқиндан ҳамкорлик қилиш мақсадида 2026 йилги мавсум учун шартнома расмийлаштирилгани барчасини кўрсатиб турибди. Эндиликда барча спорт таълим муассасаларидаги иқтидорли ёш футболчилар «Сурхон» академиясида ҳам шуғулланишлари мумкин», – дейилади ассоциация хабарида.
«АНДИЖОН»
Самвел Бабаян бошқарувидаги «Андижон» 20 январь куни Туркияда Шимолий Македония чемпионати пешқадами «Вардар» билан куч синашди. «Бургутлар» Усмонали Исмоналиевнинг тезкор голи эвазига ҳисобни очишди, бироқ якунда дуранг натижага кўришди – 1:1
«Андижон» – «Вардар» (Ш.Македония) – 1:1
Гол: Усмонали Исмоналиев.
«Андижон»: Давронов, Чаласан, Голбан, Тўхтахўжаев, Йўлдошев, Иминов, Андроникашвили, Черан, Исмоналиев, Ашортиа, Боаке.
Захирадан майдонга тушганлар: Рустамжонов, Новак, Абдумажидов, Ғуломов, Комилов, Абдуғаффоров, Холдорхонов, Содиқов, Азимов, Сулаймонов, Алиев.
«Андижон» раҳбариятида ўзгариш рўй берди: клуб бош директори сифатида фаолият юритган Элбек Саматов спорт директори лавозимига тайинлангани муносабати билан унинг ўрнини Зиёд Машрапов эгаллади. Маълумот учун, Зиёд Шуҳратович бунга қадар «Асакабанк» ва «МакрофармАндижон» МЧЖ бошқарув тизимларида фаолият юритган. Ҳозирги кунда «МЕД СИТИ» сиҳатгоҳи раҳбари. Айтиш жоиз, «Андижон» аъзолари вақтида муҳташам «МЕД СИТИ» сиҳатгоҳидан қароргоҳ сифатида фойдаланган.
«ҚЎҚОН-1912»
Охирги мавсумлар «Насаф» шарафини ҳимоя қилган тажрибали ярим ҳимоячи Жавоҳир Сиддиқов фаолиятини Қўқонда давом эттириши расман тасдиқланди. Расмийлаштирилган шартномага кўра, 29 ёшли футболчи янги мавсум якунига қадар «Қўқон-1912» сафида тўп суради. Эслатма, Сиддиқов 2016-2018 йиллар ва мавсум-2022да ҳам Қўқон жамоасида ўйнаган. У ўтган мавсум «Насаф»нинг 23та ўйинда қатнашиб, 1тадан гол ва ассист қайд этганди.
«БУХОРО»
«Бухоро» Туркия йиғини дастурига киритилган биринчи назорат учрашувида Косово вакили «Дренича»га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Ўйин тақдирини 32-дақиқасида урилган ягона гол ҳал қилди.
«Бухоро» — «Дренича» (Косово) – 0:1 (0:1)
Гол: Меҳди Шоуба (32).
«Бухоро» (бошланғич таркиб): Абдуллаев, Тодоров, Қулматов, Младович, Йўлдошев, Эсанов, Жўраев, Рўзиев, Қаюмов, Мамасиддиқов, Ш.Убайдуллаев.
Захира: Ҳамроев, Мелиев, Жўрабеков, Мухторов, Аҳмаджонов, Филипович, Хайруллаев, Ражабов, Башелашвили, Жўрабоев, Умаров, Муҳаммадов, Муҳаммадаминов, Качарава, Ж.Убайдуллаев.
Хабарлар оқимига қарасак, «Бухоро» ярим ҳимоячиси Равшан Хайруллаев олдида вариантлар кўп. Жумладан, унга Суперлиганинг 3та жамоаси жиддий қизиқмоқда. Қолаверса, Эрон ва БАА клублари ҳам Хайруллаевни ўз сафига қўшиб олмоқчи. 20 ёшли ярим ҳимоячининг бухороликлар билан шартномаси эса 2026 йил охиригача мўлжалланган. Эслатма, хавбек яқинда Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар термаси сафида U-23 тоифасидаги Осиё кубогида қатнашди ва 1та гол урди.
«ХОРАЗМ»
«Хоразм» ўз таркибига Бразилия, Франция ва Нигериядан футболчилар жалб қилди. Championat.asia сайти маълумотларига кўра, Урганч клуби бразилиялик ярим ҳимоячилар — Рафаэль Сабино ва Элзио Лохан, франциялик вингер Янис Лери ва нигериялик ҳужумчи Аделеке Акиньеми билан шартнома тузишга ҳам улгурган. 29 ёшли таянч ярим ҳимоячиси Сабино ўтган мавсум «Қизилжар» (Қозоғистон)да тўп сурган. У фаолияти мобайнида Бразилия ва Украина жамоаларида ҳам ўйнаган. Охирги мавсум Кипрда «Эносис» либосида тўп сурган 24 ёшли марказий ярим ҳимоячи Лохан эса Бразилия, Хорватия, Босния ва Герцеговинада фаолият юритган. 22 ёшли вингер Лерининг охирги клуби – «Логроньес» (Испания). У Франция ва Люксембург чемпиоантларида ҳам ўйнаш тажрибасига эга. Аделеке Акиньемига келсак, 27 ёшли ҳужумчи ўтган мавсум Финляндиянинг «Ильвес» жамоасида тўп сурган. У Нигерия, Кипр, Албания, Шимолий Македония, Латвия, Норвегия ва Чехия майдонларида ҳам ҳаракатланган.
«ЛОКОМОТИВ»
«Локомотив» яна бир трансферни эълон қилди. Гап сербиялик ярим ҳимоячи Йован Нишич ҳақида кетмоқда. 28 ёшли футболчи охирги йиллар Сербия чемпионати вакили «Раднички» (Ниш) ўйнаган. Нишич вақтида Сербия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари ўйинларида ҳам қатнашган. Аввалги мавсум «Локомотив»нинг Суперлигага қайтишига ҳисса қўшган грузиялик ярим ҳимоячи Акаки Шулая эса ўзига янги жамоа топди. Geo Goal нашри хабарига қараганда, 29 ёшли футболчи Қирғизистон чемпионати Олий лигаси дебютанти – «Азия» билан 1 йиллик шартнома бўйича келишувга эришди. Маълумот учун, ҳозирда «Азия»ни ҳамюртимиз Максим Шацких бошқармоқда. Акаки Шулая эса Ўзбекистон жамоаларидаги фаолияти давомида жами 58та ўйин ўтказиб, 15та гол ва 18та ассист қайд этган.
ПФЛ ва клубларнинг расмий саҳифалари, шунингдек, championat.asia, sports.uz сайтлари хабарларидан ҳам фойдаланилди




