Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 3,874

Адолат туйғуси Еврофутбол таассуротларидан устун…

Адолат туйғуси Еврофутбол таассуротларидан устун…

– Қолган ишга қор ёғади! – дейди доно халқимиз вақтида амалга оширилмаган, кечиктирилган юмушларни назарда тутиб. ЎФA томонидан 30 январь куни ўтказилган ҳисобот йиғилиши ва тақдирлаш маросими шундай хулосага мос. Ўйлаймизки, бу борада бизни тўғри тушунишасиз. Назаримизда, 2025 йил лауреатларини аниқлаш билан боғлиқ тантанали маросим декабрь ойида ташкиллаштирилганида, шукуҳи ўзгача бўларди. Янги йил арафасидаги байрамона руҳ ва тантанавор маросим бир-бирига ярашарди. Ҳозирги ҳолатда эса йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш шодиёнаси кулишни истамаган одамни атайлаб қитиқлаш, мажбуран кулдиришга ҳаракатдек таассурот уйғотди. Нима, ҳисобот-сайлов йиғилишини алоҳида ўтказиш мумкин эмасмиди? Aслида бирга бўлиши шарт саналмаган икки тадбир мамлакатимизда коррупцияга қарши жиддий кураш бошланган, мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилаётган, жамоатчилик Юртбошимиз томонидан ўтказилаётган улкан тозалашлар таъсирида яшаётган бир паллага тўғри келди. Очиғи, бундай вазиятда футбол тадбири кимнинг ҳам эътиборини тортарди… Хуллас, ўзига хос футбол байрамини юксак савияда ташкил этишни режалаштиришган мутасаддилар ўзлари билмаган ҳолда «қовун» туширишди. Байрам кўпчиликка татимади ва шунга яраша ижтимоий тармоқларда унга нисбатан етарли акс-садо янграмади. Қолган ишга қор ёққани – шу!

Ёдингиздами, миллий жамоамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритган вақт футбол жамоатчилиги бир овоздан Ўткир Юсупов 2025 йилнинг энг яхши футболчиси бўлиши кераклиги ҳақида бонг урганди. Мутахассислар, журналистлар ва мухлислар олдиндан қатъий тарз­да шундай фикр билдиришганди ҳеч иккиланмай. Табиийки, дарвозабон ҳам ижтимоий тармоқларда билдирилган олқишлардан мамнун ҳолда, катта ишонч билан расмий эътирофни кутгандир. Якунда ҳаммаси бошқача тус олди. Шу тариқа 7 ой аввал миллий жамоамизни минг фоизлик яққол голлардан қутқарган, Президентимиздан қаҳрамон мақомини олган Ўткир Юсуповнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Ваҳоланки, КХДР термасига қарши кечган ҳар икки ўйинда пенальтини тўсган голкиперимиз мундиал йўлланмаси йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг қарийб ярмига ҳақли эди. Ҳа, у «дуэл»да қут­қарган ўйинлар 2024 йили бўлиб ўтганди. 2025 йили эса Ўткир БAA термаси билан бўлган сафар учрашувида аҳамияти 10та пенальтига тенг зарбани тўсди. У ўша биргина «сэйв» учун 2025 йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга лойиқ эди.

Ўткир Юсуповдан шундай расмий эътироф тортиб олинди. Тўғри, у жароҳат туфайли миллий жамоамиз ғолиб чиққан икки халқаро турнирни ўтказиб юборди. Ўтса, ўтавермайдими шунақа халқаро турнирлардан 10-15таси?! Ҳар ҳолда, бизнингча, Ўткир Юсупов БAA термасига қарши кечган драматик ўйинда кўрсатган «сэйв»лар икки хал­қаро турнир ғолиблигидан устун. Мундиал йўлланмаси қадрини футболимиз жамоатчилиги ҳозирданоқ унутиб юбормаяптими?! Инкор этмаймиз, Элдор Шомуродов ва бошқа футболчиларимиз муҳим учрашувларда бир тан-у бир жон бўлиб мардонавор тўп суришди. Лекин инсоф юзасидан тан олайлик, айнан футболчиларнинг қўпол хатолари туфайли юзага келган таҳликали вазиятларни шу Юсупов бартараф этди фантастик «сэйв»лари воситасида. Футбол жамоатчилиги нима учун шу қадар унутувчан? Нима учун кейинги воқеалар таъсирига шу қадар тез берилувчан?! Билмадик! Ҳайронмиз! Мундиал йўлланмаси учун ярим ишни ўз зиммасига олган ва бу масъулиятни шараф билан уддалаган, ҳозирги кунда ЖЧга ажойиб спорт формасида бориш учун изланаётган, меҳнат қилаётган қаҳрамон дарвозабон учун оғриқли руҳий зарба эмасми бу?! Бизнингча, Ўткир Юсупов айнан шу кунларда футбол жамоатчилигининг қўллаб-қувватлашига, расмий эътирофига эҳтиёж сезаётганди. Бундай эътироф унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшарди! Aммо овоз бериш жараёни «Истанбул Башакшеҳир» ўйинлари таъсирида кечди. Натижа – шафқатсиз хулоса! У – кўпчиликнинг овози!

Қизиқ, яна йилнинг энг яхши футболчиси бўлиш Элдор Шомуродовнинг хаёлига келганмикан? Фикримизча, унинг ўзи бу хусусда ўйлаб ҳам кўрмаган. Зеро, миллий жамоамиз футболчилари ҳам аллақачон Ўткир Юсуповни йил лауреати сифатида танлаб бўлишганди. Кўпинча бундай вазиятда «Ўтган ишга саловот», дейилади ва мавзу ёпилади. Биз эса айни шу ёндашувни ҳар доим ҳам ёқламаймиз. Чунки бундай ёндашув Ўткир Юсуповнинг мундиал йўлланмаси йўлида амалга оширган ишларига нисбатан адолатсизликдир. Яна бир бор такрорлаймиз, Элдор Шомуродов – барчамиз учун севимли футболчи! Унинг Туркия чемпионатида кўрсатаётган ўйини ҳаммамизни беҳад қувонтирмоқда. Мундиалдан олдин Шомуродовнинг мухлислар орзу қилган спорт формасига кириб олгани ва шунга яраша кетма-кет гол ураётгани ҳар қанча олқишга сазовор. Миллий жамоамиз сардорини «Башакшеҳир»даги фаоллигини қайта-қайта олқишлаган ҳолда, такрорлаймиз – биз учун 2025 йилнинг энг яхши футболчиси – Ўткир Юсупов!

Энди дарвозабоннинг ўзига мурожаат қиламиз: «Ўткир, бўлиб ўтган ишлар ҳақида ўйлама! Ўйламаслик қийин, барибир, ўйлаётганинг, ўйлашингни ҳам биламиз. Нима дердик, ҳаёт шунақа. Биздан тасалли, қолган барчаси Aллоҳдан! Ҳар бир ишда ҳикмат бор. Жумладан, Элдор Шомуродовнинг 2025 йил лауреати сифатида тан олинганидан ҳикмат излайлик. Энг муҳими, сен энг яхшиси эканлигингни билувчи мухлисларинг борлигини унутма! Уларнинг ҳурмати учун ҳам мундиалга яна-да жиддийроқ тайёргарлик кўр, янги курашлар ва мураккаб имтиҳонларга ўта масъулият билан ҳозирлан! «Навбаҳор» сафида шундай ўйинлар кўрсатки, сенга энг яхши мақомини бермаганлар уялишсин, хижолат тортишсин. Мундиалга ҳар жиҳатдан тобланиб, Ўзбекистоннинг расман эътироф этилмаган энг яхши футболчиси сифатида кўкрак кериб бор, Португалия ва Колумбия термалари каби кучли рақибларга қарши учрашувларда кучли «сэйв»ларинг билан довруғ қозон! Шуни унутмаки, шаънингга билдирилаётган олқишлар шунчаки, мухлислик эътирофи эмас, балки адолат тантанаси, у мавжудлигини овоз беришда иштирок этганларга эслатиб қўйиш учун айтилаётган изтиробли мулоҳазалардир! Негаки, адолат нуқтаи назаридан, мамлакатимизнинг 2025 йилдаги энг яхши футболчиси ўзингсан!»

Муҳтарам мухлис! Бу сафар  мулоҳазаларни ёзишдан аввал «Жазава ва жозиба жўрлиги» сарлавҳасини танлагандик. Шу сарлавҳа остида «Реал»нинг «Бенфика» ва «Райо Вальекано»га қарши драматик учрашувлари, жазавага тушган Виннисиус Жуниорнинг баскетболча улоқтиришни эслатиб юборган фусункор голи, Килиан Мбаппенинг Браим Диасни қўллаб-қувватлаб, моҳирона амалга оширган пенальтиси, шунингдек, «МЮ»ни бутунлай ўзгартириб юборган Майкл Кэррик ҳақида ёзишни режалаштиргандик. Шу сарлавҳа остида мақола ёзишни бошлагандик ҳам. Бироқ тушунарсиз бир ҳолатда барчасини ўзгартирдик. Нимадир бизни мулоҳазани Ўткир Юсупов томон буришга ундайверди. Шу тариқа еврофутболнинг энг қизиқарли ва жуда шиддатли кечган учрашувлари бир четга сурилди. Aдолат туйғуси еврофутбол таассуротларидан устун чиқди, чоғи…

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *