Каннаваро нима демоқчи? Футболимиз руҳидаги травмалар
Каннаваро нима демоқчи? Футболимиз руҳидаги травмалар
Ҳар бир ишда ўз ҳикмати бор, албатта. Гарчи бу сафар Фабио Каннаваронинг миллий жамоамиз ҳақидаги мулоҳазаларига муносабат билдиришни режалаштирган бўлсакда, якшанба куни ёзишга киришишдан олдин «А» серия 24-туридан ўрин олган «Болонья» – «Парма» ўйинини томоша қилдик. Танаффус чоғи беихтиёр телевизор пультидаги «Зўр-ТВ» каналига бурадиган рақамни босдик. Қарасак, «Ким миллионер бўлмоқчи?» шоуси бўлаётган экан. Чамаси 5 дақиқача шоуни кузатиб, саволлар ва жавоблар савиясига эътибор қаратдик. Иштирокчи АҚШ штатларидан нечтасининг номи «М» ҳарфи билан бошланиши ҳақидаги саволга жавоб беришни истамади ва уни алмаштирди. Шунда бошловчи агар таваккал қилганида, 4та вариантдан қайси бирини танлаши мумкинлигига қизиқди. Иштирокчи эса «C» жавобини тилга олди. Ўша жараёнда ўзимиз ҳам АҚШда номи «М» ҳарфи билан бошланувчи штатларни санашга тушдик. Эслаганларимиз: Массачусетс, Мичиган, Миссури, Миссисипи, Миннесота, Монтана. Адашмасак, жавоб вариантларида 12, 10, 8 ва 4 рақамлари бор эди. Кейин маълум бўлдики, биз ҳам 2тасини эшитмаган эканмиз, яъни Мэн ва Мэрилендни. Саволни алмаштириш жараёнида иштирокчининг омади келди ва у автомобиль русумларига хос атамани тўғри топиб, 2 миллион сўм эгасига айланди. Агар у саволни алмаштирмай, ўз таваккалига ишонганидами, кўпроқ маблағ оларди.
Албатта, бундай кириш қисмини бежиз ёзмадик. Зеро, футболда тажриба-маҳорат билан бир қаторда таваккал ва омаднинг ҳам ўрни беқиёс. Фабио Каннаваро миллий жамоамиз ҳақидаги саволларга жавоб қайтарар экан, футболчиларимизда характер борлигини айтиб, улар майдонда қўрқувни унутиб, завқ-шавқ билан тўп суришлари лозимлигини таъкидлабди. Эътибор беринг, бош мураббий миллий жамоамиз ўйинида шаклланган ва бўртиб кўринадиган услуб, фалсафа ёки бирор муаммо хусусида мулоҳаза юритмаяпти. У фақат характер, қўрқув ва завқ-шавқ билан тўп суриш масаласини урғулаяпти, холос. Ҳозирги ҳолатда италиялик мутахассиснинг миллий жамоамиз ўйин услуби ёки шунга дахлдор муаммолар тўғрисида сўзламаслигини тўғри тушуниш мумкин. Ҳар қандай терма жамоа бош мураббий мундиал арафасида бу мавзуда чуқурлашишни истамайди, камчилик ва нуқсонларни эсламайди.
Хўш, Фабио Каннаваронинг очиқ мулоҳазалари замирида футболимиз ва миллий жамоамизга хос қандай муаммолар яширин, у айнан қайси масалалар хусусида сўзлашдан ўзини олиб қочмоқда? Мана, энди мулоҳазаларимиз аввалида нима сабабдан таваккал ва омад факторига эътибор қаратганимизни айтиш мавриди келди. Ҳа, Каннаваро ўтган вақт давомида футболимиз ва бош жамоамиз ўйинида кўзга ташланадиган энг катта муаммони тўғри илғабди. Фақат у ҳозирча бу ҳақда очиқ сўзлашдан ўзини тиймоқда. Италияликни вазиятни тўғри баҳолаган мураббий сифатида олқишламоқ даркор. Чунончи, у миллий жамоамизда характер борлиги, футболчилар қўрқувни унутиб, завқ-шавқ билан ўйнашлари лозимлигини таъкидлаш асносида мавжуд руҳий жароҳатлар масаласига тўхталмади. Ақлли мураббийлар шундай йўл тутишади ва муаммоларни очиқ сўзлаб, яна бир руҳий трамвага сабабчи бўлишмайди. Матбуот, футбол журналистикасининг йўли эса бошқа. Бош мураббий фикрлари ва матбуотда билдирилган мулоҳазалар залвори бир-биридан анчайин фарқли. Оддий айтганда, бош мураббийнинг сўзи футболчилар руҳиятига ўта кучли таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам Фабио Каннаваро футболчиларимизда характер борлигини олқишлаб, муаммоларни эсламаяпти ва шу аснода шогирдларини яна бир руҳий трамвадан асрамоқда. Бу – миллий жамоамиз бош мураббийи томонидан тўғри танланган позиция. Бироқ матбуот ҳам мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин айтишдан ўзини тийса, футболимиз тараққиётдан тўхташи – шу!
Дон Фабио қисқа вақт ичида нафақат миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинларни томоша қилди ёки уларни ўзи бошқарди, балки ёш футболчиларимиз Саудия Арабистонида ташкилллаштирилган U-23 тоифасидаги Осиё чемпионатида Равшан Ҳайдаров қўл остида қандай тўп суришганини ҳам трибунадан кузатди. Назаримизда, у Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳаракатларини баҳолаш чоғи ҳам мураббийлар штаби, ҳам футболчиларимиз руҳиятида намоён бўлган ортиқча эҳтиёткорлик, ўйинни мунтазам хавотир билан кузатиш, олиб бориш иллатини кўриб, чарчаб кетган, айни шу масалада кўпроқ бош қотирган, шекилли. Ортиқча эҳтиёткорликнинг илдизи қўрқув, хавотирнинг моҳияти эса босимдир. Мазкур муаммо U-23 белгиси остидаги Осиё кубогида қатнашган жамоамиз ўйинида яққол сезилганди. Аслида узоқ йиллардан буён футболимиз, терма жамоаларимиз ва клубларимизни қийнаб келаётган, барчага маълум мазкур муаммо Фабио Каннаваро эътиборини тортгани, уни ташвишлантираётгани катта ижобий ҳодиса ҳисобланади.
Вақтида футболимиз табиатини теран англамаган-англолмаган мураббийларнинг пала-партиш иш услублари, мураккаб вазиятларда асосан айрим футболчиларнинг индивидуал маҳоратига таянишлари, ўйинга тайёр бўлиш-бўлмасликларидан қатъий назар, фақат улар хизматидан фойдаланишлари, жисмоний тайёргарлик савиясини оширувчи замонавий методларни қўлламасликлари-қўллай олмасликлари оқибатида ушбу муаммолар чуқур илдиз отди. Яъни футболимиз қонига, терма жамоаларимиз ва клубларимиз ўйин чизмасига сингиб кетди. Матбуотда бу мавзу неча бор ёритилди ва ёритилмоқда. Футболимиз мазкур муаммодан халос бўлмагунича ёритилаверади ҳам.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Анвар Ҳожимирзаевнинг интервьюсига кўзимиз тушди. Саволларга соддалик билан самимий жавоб қайтарган «Динамо» етакчиси ҳам ўзи сезмаган ҳолда, футболимизда мавжуд муаммоларни очиб ташлабди. Дарҳақиқат, Суперлига клублари бош мураббийлари орасида жойи келганида, жўяли таваккалдан фойдаланадиганлари жуда кам. Вадим Абрамов – таваккалига иш тутишдан чўчимайдиган, шу туфайли гоҳ йирик ҳисобда ютқазадиган, лекин кўпроқ ғалаба қозонадиган мураббийлардан бири. У туфайли футболимиз жамоатчилиги Анвар Ҳожимирзаевни росмана таниди. Ваҳоланки, «Динамо»да етакчига айланган футболчи аввал ҳам Суперлигада тўп сурганди. Аммо таваккалчи мураббий билан ишламагунига қадар кўзга яққол ташланмади. Бу мавсум эса Вадим Абрамов «Динамо» таркибига креатив ҳаракатланишга мойил Бектемир Абдуманноновни қўшиб олди. Бу футболчининг «Металлург» ва «Андижон»да тўп сургани, Темур Кападзе бизга номаълум сабабларга кўра, уни собиқ олимпия термаси таркибига қўшмагани кўпчиликка маълум. Агар жароҳат ёки бошқа сабаблар халақит бермаса, Бектемир Абдуманнонов ҳам «Динамо»да порлаши ва миллий жамоамиз даражасида тўп суришига ишончимиз комил. Фабио Каннаварони айнан шундай масалалар кўпроқ қизиқтирмоқда ва унинг жавобларида барчаси яширин тарзда уфириб турибди. Фикримизча, у миллий жамоамиздаги фаолиятида кўпроқ таваккал ва омадга ишонадиган футболчилар, майдонда қўрқмасдан тўп сурадиган ижрочиларга таянади. Абдуқодир Ҳусанов, Остон Ўрунов, Аббос Файзуллаев, Анвар Ҳожимирзаев, Бектемир Абдуманнонов, Беҳруз Каримов, Жавоҳир Ҳусанов шундай тоифага мансуб футболчилардир.
Дарвоқе, «Болонья» мураббийи «Парма»га қарши учрашувда бир қатор асосий таркиб футболчиларини майдонга туширмади ва улардан иккинчи бўлимда вазиятга қараб, фойдаланишни режалаштирди. Амалда унинг ўйлагани иш бермади – «Болонья» ўз майдонида мағлубиятга учради. «Хом сут эмган банда, нима қиласан, таваккалга қўл уриб, жамоа маромини бузиб? Биринчи бўлимдаёқ асосий таркиб футболчиларини майдонга тушириб, ўйин тақдирини ҳал қилиб қўймайсанми?» – дегинг келади «Болонья» бош мураббийига қарата. Ҳа, футболнинг қолипга тушмайдиган табиатини тўла-тўкис тушуниш мухлиснинг ҳам, мураббийнинг ҳам тафаккур имконларидан ташқарида…
Муҳаммад ВАЛИ




