Мартин Эдегор: «Артета – тактикалар бўйича ўзига хос мутахассис»
Мартин Эдегор: «Артета – тактикалар бўйича ўзига хос мутахассис»
Замонавий футболнинг энг интеллектуал ярим ҳимоячиларидан бири Мартин Эдегор бугун нафақат «Арсенал» сардори, балки майдонда жамоасини олдинга етаклайдиган йўл кўрсатувчи сифатида эътироф этилади. Чиндан ҳам, катта фаолиятини «Реал Мадрид»да бошлаган норвегиялик футболчи кучли босим ва юксак талаблар аро роса тобланди. Мана, энди Лондонда ҳақиқий салоҳиятини тўлиқ намойиш этмоқда. Эдегор машҳур FourFourTwo журналига берган интервьюсида кўп масалаларга тўхталди: «Реал»дан воз кечиб, «Арсенал» томон оғиш қарори, жорий мавсум жамоанинг чемпионлик йўлидаги имконияти, шахсий ривожланиш сирлари ва ҳоказо…
– Келинг, барчасини «Арсенал»га қандай келиб қолганингиз ҳақидаги фикрларингиз билан бошлаймиз. Қизиқ, «канонирлар»дан тушган таклифни қабул қилишингиздан олдин Микель Артета сизга нималар ҳақида гапирди?
– Ҳа, «Арсенал» либосини кийишимга қадар «Реал» футболчиси эдим. Бироқ «Мадрид»да кутилган даражада ўсиш осон эмаслигини 16 ёшдаёқ англаб етганман. «Мадрид»да айниқса, кучли босимнинг яққол таъсири сезилади, барибир. Эсимда, Артета билан биринчи марта Zoom платформаси орқали гаплашган эдим. Ўшанда у «Арсенал»нинг яқин келажак учун режаларига тўхталиб, ўйин услубига жуда яхши тушишим, жамоада катта роль ўйнашим мумкинлигини самимий ва очиқ тушунтиришга уринди. Очиғи, ўша илк мулоқотдан кейиноқ менда Лондонга йўл олиш масаласида бирор шубҳа қолмади. Оддий ифода этсам, ўзим учун келажак йўлини аниқ белгилаб олдим – фақат «Арсенал»!
– Айтингчи, Микель Артета жамоа учун мураккаб вазиятларда бошқаларда кузатилмайдиган қандай хусусиятлари билан ажралиб туради?
– Бош мураббийимиз барчасини чуқур таҳлил қилиш қобилияти, тактик малакаси ва ўйин боришини ўзгартириш учун нима қилиш кераклигини теран тушуниши билан кўпчиликка намунадир. Дейлик, у баъзан ўйинга қандайдир кичик ўзгаришлар киритади ва якунда арзимасдек туюлган шу юриши ёрдамида муваффақиятга эришамиз. Қисқаси, Артета – футбол фалсафаси бой мураббий. У яна тактика бўйича ҳам беназир.
– Шу ўринда Артета профессионал футболчи сифатида ривожланишингизга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида гапириб берсангиз…
– Мураббий тактика бўйича билимларимни бойитиш баробарида ўйинни қандай бошқариш-назорат қилиш, кичик деталларга тўғри ёндашиш, майдонда вазифамни эффектли бажариш учун нималарга эътибор қаратишим кераклигини атрофлича тушунтирди. Очиқ тан оламан, айнан унинг кўрсатмалари асосида ишлаб, бугунги даражага етдим, футболда ўз ўрнимни топдим. Қолаверса, Артета билан ишлаш асносида жамоавий ўйин бўйича фойдали бўлиш, вазиятларни тўғри баҳолаш ва муайян ҳолатларда муҳим қарорлар қабул қилишни ўргандим.
– Замонавий футболда тўпга кўпроқ эгалик қилиш қай даражада муҳим?
– Ниҳоятда муҳим жараён. Зотан, агар тўп сизда бўлса, ўйин суръатини белгилашингиз, майдонда назоратни қўлга олишингиз, қўйингки, рақиб устидан ҳукмронлик ўрнатишингиз анча осонлашади. Шунингдек, ўйинга қачон тезлик қўшиш ва қайси пайт секинлашишни ўзингиз ҳал қиласиз. Мисол учун, баъзида бўш ҳудудлардан унумли фойдаланиш учун фаолроқ ҳаракатланиш талаб этилади. Гоҳида эса шошилмасдан, энг тўғри лаҳзани кутишингизга тўғри келади.
– «Арсенал»нинг АПЛда охирги марта чемпионликни тантана қилганига 22 йил тўлмоқда. Сизнингча, жамоангиз жорий мавсум якунида ниҳоят, «абадий иккинчи» қабилидаги совуқ тавқи лаънатдан қутулармикан?
– Жуда қийин савол. Тўғри, жорий мавсумнинг катта масофасини турнир пешқадами сифатида босиб ўтдик. Аммо ҳозир вазият жуда-жуда қалтис. Гап АПЛдек энг рақобатбардош лига ҳақида кетаётган экан, барчаси бир зумда ўзгариб кетиши мумкинлигини унутмаслик даркор. Албатта, ҳаммамиз бу сафар ҳар қачонгидагидан яхшироғига эришиш умидидамиз. Ҳар ҳолда, охирги йилларда барқарор ўйин намойиш этиб келяпмиз ва ниҳоят, нуфузли совринлар ютишга яқинмиз. Асосийси, машғулотларда янада яхшироқ ишлаяпмиз, энг кичик деталларга ҳам эътибор қаратяпмиз. Айни пайт энг муҳими – жамоа учун боримизни бериш. Насиб этса, шу йўл орқали кўзланган мақсадга эришамиз. Келажак ҳақида бош қотириш эса кейинги масала. Лекин такрор айтаман, АПЛда ғолиб чиқиш нақадар қийинлигини яхши биламиз.
– Эдегор «Арсенал»даги 5 йиллик фаолияти давомида футболчи сифатида қай даражада ўзгарди?
– Футболчилар улғайишгани сари нималарнидир ўрганишади ва муайян даражада тажриба орттириб боришади – бу ҳаётнинг оддий формуласи. Назаримда, ҳозирда анча хотиржамроқ футболчига айландим. Олдин ҳам жорий мавсумда кузатилганларига ўхшаш вазиятларга кўп марта дуч келганман. Шунинг учун ҳозир бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ва жамоага ёрдам бериш мумкинлигини яхши биламан. Яна бир бора таъкидлайман, ҳозир жуда узоққа қарашимиз, бир неча ойдан кейин нима бўлиши ҳақида ўйлашимиз шарт эмас, шунчаки, айни ҳолатда «Арсенал» манфаати учун ҳар куни қўлдан келганича ҳаракат қилиш керак.
– Дейлик, «Арсенал»нинг жорий мавсумдаги ярим ҳимояси чемпионлик пойгасининг барча талабларига жавоб бера оладими?
– Ҳа, шубҳасиз. Менимча, жамоамиз ярим ҳимояси салоҳият жиҳатдан чемпионлик талабларига мукаммал даражада мувофиқдир. Бинобарин, охирги икки трансферлар муддатида марказий ярим ҳимоя чизиғи сезиларли даражада кучайтирилди. Дейлик, ёзда сафимизга қўшилган Мартин Субименди билан «Реал Сосьедад»да бирга ўйнаганман ва уни жуда яхши биламан. Ҳа, эҳтимол, адашим жисмоний жиҳатдан ўта бақувват эмасдир, лекин ўйинни тушуниш, тўпсиз ҳаракатланиш ва тўғри позиция танлаш борасида юқори интеллектга эга. Шунингдек, майдонда Деклан Райс, Микель Мерино ва Эберечи Эзе каби ажойиб ижрочилар билан елкама-елка тўп суриш завқ бағишламоқда.
– Бундан 2 йил олдин «Арсенал»да сардорлик боғичини қўлга олдингиз ва Артета таъбири билан айтганда, Англия футболи тарихидаги энг яхши етакчилар рўйхатига қўшилдингиз…
– Бундай эътирофга эришиш – катта шараф! Чунончи, инглиз футболи катта салоҳиятга эга сардорларни жуда кўп кўрган. Биргина «Арсенал» тарихига қарасак, Тони Адамс, Патрик Виейра ва Тьерри Анри каби етакчиларни кўриш мумкин. Шундай буюк сардорларга издош бўлиш чинакам фахр уйғотади, албатта. Айтиш керак, сардорлик боғичи фақат тажриба ёки ўйин амалиётининг кўплиги учун бериб қўйилмайди. Аксинча, боғич эгаси жамоага ҳар томонлама ижобий таъсир ўтказа олиши керак.
– Энди Норвегия футболи ҳақида ҳам озгина гаплашсак. Мана, мамлакат миллий жамоаси нақ 28 йилга чўзилган узоқ танаффусдан кейин ниҳоят, яна жаҳон чемпионатига борадиган бўлди. Мазкур муваффақиятни қандай баҳолайсиз?
– Табиийки, бу натижа – мамлакатимиз футболи учун катта ғалаба. Умуман, узоқ кутилган йўлланманинг қўлга киритилиши ҳаммамиз учун унутилмас воқелик саналади. Ҳа, олдимизда жиддий рақиблар турибди. Мундиал гуруҳ босқичида Сенегал ва Франция термаларига қарши ўйнаймиз, яна «плей-офф» ғолиби билан ҳам. Бўлажак ўйинларнинг ҳеч бири осон ўтмаслиги тайин. Шунга қарамай, ўз кучимизга ишонамиз ва ўйлайманки, мусобақада яхши натижа кўрсатишга қурбимиз етади.
– Охирги савол: клуб миқёсидаги мақсадларингиз қандай?
– Ҳар бир футболчи каби энг юқори натижаларга эришиш орзусидаман. Ҳозирги асосий ва бирламчи мақсад – АПЛ чемпионлигини қўлга киритиш. Шу йўлда бор кучимизни беришимиз ўз-ўзидан тушунарли.
Манба: fourfourtwo, ХУРШИДБЕК тайёрлади




