Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 7,018

Фабио Каннаваронинг хаёл кенгликларида не гаплар?

Фабио Каннаваронинг хаёл кенгликларида не гаплар?

Ўзбекнинг шундайин азамат-забардаст, ўктам-улкан фарзандлари борки, улар ҳақида ҳар қандай вазиятда сўзламоқ шарт ва бу ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ушбу мулоҳазалар 29 март куни шом намозидан кейин ёзилаётган дақиқаларда Тошкентдаги Чиғатой қабристонида халқимизнинг  жасоратли фарзанди, ўткир қалам соҳиби, таниқли журналист, шоир ва таржимон Карим Баҳриев (Абдукарим Баҳриддин) боқийлик сафарига кузатилди. Албатта, футболчиларимиз  жаҳон чемпионатида дадил ва зафарли одим отишлари ва бу хусусда тўлиб-тошиб ёзишни истаймиз. Унутмаслик керакки, бундай шукуҳли лаҳзалар Карим Баҳриев каби халқ дардига даво излаган, ватан изтиробига шерик бўлган улуғ инсонларни эсламоқдан, уларнинг мангу хотираси қошида қайғу билан мардона бош эгмоқдан, чексиз ҳасратда изтироб чекмоқдан бошланади. Фақат шу йўл билангина қадди ва қадри баланд миллатга айлана оламиз. Миллий футболимиз ҳам шу аснодагина том маънода юксалади. Шундагина мухлисларнинг ширин орзулари чинакамига реалликка айланади, рўёбга чиқади.

Раҳматли Карим ака қаламига мансуб  ушбу мисраларни «ИнтерФутбол»нинг ҳар бир мухлиси ҳаяжон билан ўқиши ва у кишини дуо қилишига ишончимиз комил:

КЕТГИМ КЕЛМАЯПТИ ОНАЖОН…

Шамоллар уйғонди. Барг – ҳаяжонда…

Ҳатто ер тагида қўзғолди илон.

Дунё тирилаётган шу тоза тонгда

Ўлгим келмаяпти, онажон.

        Ўнгирларда кезар муздай ҳаволар,

        Ишқалаб қобоғин кўтарар осмон.

        Дунё кўзларини очаётганда

        Мен кўз юмайинми, онажон?!

Қайдадир силкинар томчидил ўтлар,

Баргида чумоли кезади ҳайрон.

Ҳали мен кўрмаган боғлар бор экан,

Ўлгим келмаяпти, онажон. 

Карим Баҳриев футбол ҳақида сўзлаганини билмаймиз. Лекин бир ҳақиқат шуки, у киши миллат ва ватан тақдири ўртага тушган паллада ҳеч қачон мавзу танламаган. Демоқчимизки, миллий жамоамизнинг ЖЧ-2026 финал босқичида қандай иштирок этиши шак-шубҳасиз, Карим акани ҳам қизиқтирган. Ахир шоир ўзи кўрмаган боғлар борлиги ҳақида бежиз ёзмаяпти. Тасалли шуки, футболчиларимиз мундиал майдонларини хушнуд боғ-у бўстонларга айлантириб, Карим Баҳриев ва у киши каби терма жамоамизнинг жаҳон саҳнасидаги ўйинларини кўрмай кетган миллат ойдинлари руҳларини шодлантиришади.

Хўш, Фабио Каннаваронинг хаёл кенгликларида не гаплар? Габон ва Венесуэла термаларига қарши ўртоқлик учрашувларидан сўнг ҳар ким бу саволга ўз ҳолича жавоб қайтармоқда. Ижтимоий тармоқлардаги футболга оид мулоқотларда билдирилаётган муносабатлар шу қадар ранг-барангки,  агар дон Фабио улардан хабар топса,  калаваси учини йўқотиб қўйиши аниқ. Яхши ҳамки, италиялик мутахассис ўзбек тилини билмайди, русчани тушунмайди. Аммо тилимизни билмаса-да футболчиларимиз дилида нелар кечаётганини ҳис қилиш даражасига етибди. Габон термаси билан ўйин картинаси шундай хулоса чиқаришга ундади. Агар ихтиёр ўзимизга берилганида, Ҳусниддин Алиқулов, Абдулла Абдуллаев ва Абдуқодир Ҳусановни майдонга тушириш имкони бўлмаса, Акмал Мозговойни  марказий мудофаа ҳудудига тортардик. Шу йўл орқали рақиб учун кутилмаган совға тайёрлашга интилардик. Фабио Каннаваро эса майдонга тушиш ва ўзини кўрсатишни жуда-жуда хоҳлаётган футболчи кўнглида  нималар кечаётганини бошқалардан яхшироқ англайди, чоғи. Мана, у Жаҳонгир Ўрозов ўз салоҳиятини намоён этиши учун имконият яратди ва футболчи керагидан ортиқ даражада фойдаланди ўз ўрнида. «Динамо» ҳимоячиси икки вазиятда Ўткир Юсупов бўлиб бергани ва жамоамизни муқаррар голлардан асрагани учун уни ҳар қанча олқишлаш мумкин. Ваҳоланки, ўша икки вазият учун Фабио Каннаваро, Ўткир Юсупов ва бошқа футболчилар ҳар қанча танқид-дашномга муносибдирлар. Жаҳонгир Ўрозов ғоят қалтис паллада бир қарорга келишда шошиб қолмади ва  оний лаҳзада дарвозабон ўрнини эгаллади.

Тўғри қарор ва кутилмаган хато ёнма-ён эканлиги – шу. Габон термаси футболчилари Жаҳонгир Ўрозов мисолидаги дарвозабонга гол уролмадилар. Португалия ёки Колумбия термаси вакиллари ҳам гол уролмайдиларми? Йўқ, бундай ўйламаймиз. Португалия ва Колумбия терма жамоа­сининг тажрибали ҳамда маҳоратли футболчилари ҳимоячиларимиз шундай пала-партиш ҳаракатланишса, Жаҳонгир Ўрозов ва Ўткир Юсупов ёнма-ён туришса ҳам, гол уришлари муқаррар. Ҳимоячи сифатида «Олтин тўп» ютган Фабио Каннаваро шогирдларининг орқа фронтдаги беўхшов хатолари шармандаликдан бошқа нарса эмас. Сречко Канатец ва Темур Кападзе даврида терма жамоамиз ҳимояси бу даражада хатога йўл қўймаганди. Ҳа, хатолар ҳам кузатилган ва аксар ҳолларда хатоларни Ўткир Юсуповнинг ҳаракатлари ювиб юборган. Бу сафар ҳақиқий киперимизнинг ўзи хато қилувчиларга бош бўлди. Умид шуки, биз «Ўткир Юсупов» номли мақоламизда таърифлаган Ўткир мундиалгача ўзининг «пик» формасига қайтади ва бу каби хатоларни бошқа такрорламайди.  Мухлисларга Жаҳонгир Ўрозов қаҳрамонга айланганидан кўра, терма жамоамиз ҳимоя чизиғи хатога йўл қўймаслиги афзалдир. Футболчиларимиз ўйиндан кейинги интервьюларида ёмон ўйнашгани ва ғалабагина ўзларини асраганини тан олишди. Аввало, бу каби мардоналик учун уларга ташаккур. Бироқ шу ўринда бошқа савол туғилади: учрашувдан кейинги танқидий эътирофнинг нима кераги бор, ундан кўра, майдонга тушишдан олдин ёмон ўйнамасликка аҳдлашиш ва амалда ишонли тўп суриш афзал эмасми?

Наҳотки Фабио Каннаварони футболчилар руҳиятига боғлиқ муаммо қийнаётгани рост бўлса?! Нафақат марказий, балки ҳужумни хуш кўрувчи  қанот ҳимоячилари ҳам йўл қўйган хатолар кишини ўйга толдиради. БАА термасига қарши кечган ЖЧ саралаш учрашувида айнан қанот ҳимоячилари хатоларидан сўнг Ўткир Юсупов голга тортадиган зарбаларни ғоят қи­йинчилик билан тўсганди. Шундай қалтис хатолар яна такрорланаётгани ва энг афсусланарлиси, уларнинг сони оз эмаслиги Фабио Каннаваро учун огоҳлик қўнғироғидир. Унинг ўзи ҳам барчасини яхши тушуниб турибди ва балки шунинг учунми, ҳозир хатога йўл қўйишда ҳикмат борлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Тушунамиз, у жамоамиз босимсиз ва қўрқувдан мутлақо холи тўп суриши, эркин ҳаракатланишини истамоқда.

Қувончли жиҳати шуки, мураббий истаётган эркинлик терма жамоамиз ҳужум ҳаракатларида сезилмоқда. Остон Ўрунов габонлик дарвозабон қаршисига икки марта ёлғиз чиқиб борди. Ҳа, у гол уролмади, муҳими, ҳаммага хуш ёқадиган вазият яратишга эришди. Буни эътироф этиш даркор. Остон Ўрунов ўрнига тушган Алишер Одилов эса гол уриш вазифасини уддалади. У ўша вазиятда миллий жамоада эндигина тўп сура бошлаганини унутди ва бор эътиборини дарвоза нишонига қаратди, яъни масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимади. Бу – Фабио Каннаваро жамоамизда яратган эркин муҳит натижаси! Ўзи таъкидлаганидек, мағлубият ёки ғалабадан қатъий назар, у майдонда жангчиларни кўриш тарафдори! Узоқ йиллар эҳтиёткорлик  босими остида яшаган футболимиз учун унинг ғоялари ўзига хос янги ҳаводир!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *