Сардор Азмун керак эмас…
Сардор Азмун керак эмас…
Эрон оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, ҳужумчи Сардор Азмун мамлакат миллий жамоасидан четлаштирилади. Агар форслар якунда ЖЧ-2026га борсалар ҳам, 31 ёшли голеадор хизматидан фойдаланишмайди. Азмун Эронда хоинга чиқарилмоқда, бунга эса БАА раҳбарлари билан бирга тушган суратлари сабабдир…
*** ИИҚК (Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси)га боғлиқ Fars ахборот агентлиги хабарига қараганда, Сардор Азмун миллий жамоадан бутунлай четлаштирилади. Бу ҳақда футболчининг ўзи аллақачон огоҳлантирилган. Ҳаммасига Азмуннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига БАА раҳбарлари билан тушган суратларини қўйгани сабабдир. Жумладан, саҳифанинг кириш қисмида футболчининг Дубай амири ва БАА бош вазири Муҳаммад бин Рашид ал Мактум билан бирга тушган сурати ҳам бор. Тўғри, ушбу фото 2025 йилниинг январь ойида жойлаштирилган, бироқ Сардор уни Яқин Шарқда бошланган уруш фонида олиб ташлаши керак эди. Боз устига, сурат остига ёзилган изоҳ («Дунёдаги энг муваффақиятли ақл эгаларидан бири билан учрашиш – катта шараф») ҳам ўчирилгани йўқ. Айтиш керак, АҚШ ва Исроил армиясига ўз ҳудудидан Эронни ўққа тутишга рухсат бераётган мамлакатлар қаторида БАА ҳам бор.
Хўш, Азмун ва Рашид ал Мактумнинг сурати қаерда олинган? Гап шундаки, Сардор 2024 йилнинг ёзидан буён Дубайнинг энг совриндор клуби – «Шабаб Ал-Аҳли» (БААнинг 9 карра чемпиони, бу мамлакатда 2-юқори натижа) сафида ўйнамоқда. Рашид ал Мактум эса шу клубнинг фахрий президенти ҳисобланади. Айтганча, «Шабаб Ал-Аҳли» унинг ўғли (БАА мудофаа вазири)га тегишли. Умуман, Азмун «Байер»даги муваффақиятсиз даврдан сўнг БАА лигасини танлаганидан ғоят мамнун. У ҳозирга қадар «Шабаб Ал-Аҳли»нинг 47та ўйинида 28та гол урди.
*** Fars нашри хабарида айтилишича, Сардор яқинда БАА етакчиси Муҳаммад бин Зайд ал Наҳиён билан қўл бериб кўришаётгани акс этган суратни ҳам ўз саҳифасига жойлаштирган. Фақат бу борада шов-шув кўтарилганидан сўнг футболчи янги фотосуратни ўчириб ташлаб, эскисини қайта тиклаган. Яъни барчаси ўтмишдаги тасвир эканлигига шаъма қилган. Хуллас, Fars ҳужумчига «хоин» тамғасини босди ва ҳатто унинг мол-мулкини мусодара қилишга чақирди: «Футболчи суратларни ҳукумат душманни қўллаб-қувватлашга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирганидан кейин қўйган. Демак, у бунга беписанд қарамоқда».
*** Азмун 2025 йилнинг декабрь ойида Эрондаги кенг кўламли норозилик намойишларини қўллаб-қувватлади: «Сабрли ва мен учун азиз халқимнинг ўз орзуларидан шунчалик узоқ бўлиши нотўғри». Ҳужумчи 2022 йили ҳам намойишчилар томонини олганди. Ўшанда Теҳрон ахлоқ полицияси томонидан «ҳижобни нотўғри ўрагани» учун ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланди. Эслатма, талаба қиз полиция бўлимида комага тушиб қолган ва кейинчалик шифохонада вафот этганди. Сардор эса бунга кескин муносабат билдирди: «Миллий жамоадаги қоидаларга кўра, ўқув-машғулотлар йиғинида бўла туриб, қайсидир мавзуда гапиришимиз мумкин эмас – бу тақиқланган. Аммо ортиқ жим туролмайман. Бунинг учун миллий жамоадан четлатилсам ҳам майли. Чунки бундай қурбонлик эронлик аёл бошидаги бир тола сочга ҳам арзимайди. Ушбу пост ҳеч қандай ҳолатда ўчирилмайди. Одамларни шунчаки, ўлдираётганингиз – уят. Олға, эронлик аёллар». Тўғри, орадан кўп ўтмай, нафақат ушбу реакция, балки олдинроқ қўйилган фотосуратлар ҳам ҳужумчининг профилидан йўқолди. Ҳужумчи охир-оқибат, узр ҳам сўради: «Миллий жамоа футболчиларидан кечирим сўрашим керак. Улар менинг шошқалоқлигим туфайли ғазаб ўтига учрадилар. Баъзилар менинг постим учун ижтимоий тармоқларда миллий жамоанинг барча футболчиларини ҳақоратлашмоқда. Бу адолатсизлик, ахир хато ёлғиз меники».
*** Айтиш керак, тажрибали ҳужумчи БААдаги биринчи мавсумда барча ички совринларни ютди – миллий лига, БАА кубоги ва суперкубогида зафар. Кейин жароҳатлар эпидемияси бошланди. Хусусан, ҳужумчи тизза муаммолари ортидан 3 ой давомида майдонга тушолмади. Шундан сўнг машғулотларда орттирилган жароҳат туфайли яна 4 ойга сафдан чиқди. Шу йил февраль ойида тузалган бўлсада, 16 мартга қадар «Шабаб» ўйинларида иштирок этмади.
*** Охирги маълумотларга қараганда, Азмун Эронда ҳатто мамлакатга хиёнат қилганликда шубҳа остига олинди. Fars агентлиги хабарида такидланишича, 31 ёшли ҳужумчи ва таниқли мусиқачи Моҳсин Ягане Эрон расмийлари наздида «Террорчи Америка-сионист гуруҳи билан ҳамкорлик қилувчи ёлланма ишчилар ёки уларни қўллаб-қувватловчилар» рўйхатига киритилган. Ушбу «қора рўйхат»да айни пайт хорижда истиқомат қиладиган Эроннинг 16 нафар фуқароси бор.
Сардор Азмун Эрон миллий жамоасида қандай ўрин тутишини умумий статистикасидан фаҳмлаш қийин эмас. Дейлик, у жамоа тарихидаги иккинчи яхши тўпурар саналади (57та гол). Биргина афсонавий Али Даи терма жамоа учун Азмундан кўпроқ гол урган (109та). Умуман, 31 ёшли ҳужумчи 2014 йилнинг май ойидан буён Эрон терма жамоасида ўйнамоқда. У жумладан, Россия-2018 ва Қатар-2022 мундиалларида форсларнинг 3тадан ўйинларида ҳам майдонга тушди. Азмун шунинг баробарида катта гапиришни ҳам яхши кўради: «Мен, дарвозабон Алиризо Бейранванд, ҳимоячи Шожа Халилзода ва вингер Алиризо Жаҳонбахшсиз жаҳон чемпионатига йўлланма олиш Эрон футболи учун шунчаки, орзу бўлиб қоларди».
Манба: sports.ru, А.АҲМЕДОВ тайёрлади




