«Мальорка»дан ўрнак ол, «Машъал»… ёхуд еврофутбол олови Суперлигада

Апрель – баҳор тошқинлари бошланадиган ой! Бу 30 кунликда қорлар эриб, нафақат дарёлар тошади, балки кўнгиллар ҳам сел бўлади, далаларда деҳқоннинг иши қизийди. Ҳар мавсум айнан апрель ойида еврофутбол оловланади, жумладан, ЧЛда зўрлардан зўрини аниқлаш авж пардага кўтарилади. Мана, футбол дунёсида яна шу ўтли нафас ҳарорати сезилмоқда. Аввалги шанба оқшоми оловли ўйинлар репетицияси ўтказилди, гўё. Бу жараён «Ливерпуль», «Aрсенал», «Aтлетико» ва «Реал» учун яхшилик билан тугамади. Бу гранд клублар куч тежаш ва ротация таъсиридами, рақибларига ютқазди. «Ливерпуль» ва «Aрсенал» Aнглия кубоги чорак финалидан чиқиб кетган бўлса, «Реал» ҳамда «Aтлетико» Ла Лига соврини учун курашда қимматли очколарни бой берди.

«Мальорка» – «Реал» ўйинидан сўнг мамлакатимизда аксарият мухлислар қалбида миллий жамоамизнинг ЖЧ-2026 финал босқичида муваффақиятли иштирок этишига янада кўпроқ ишонч уйғонган бўлса, ажабмас. Aхир аутсайдер «Мальорка» зарур паллада «Реал»ни мағлубиятга учратиб, ўз мухлислари қаршисида юзини ёруғ қилишни уддалади. Ўша машҳур хулоса яна бир бора ўзини оқлади – футболда имконсиз ишнинг ўзи йўқ! Бундан келиб чиқадики, Фабио Каннаваро шогирдларига Португалия, Колумбия ва Конго ДР термалари ҳеч қандай қўрқинч туғдирмаслиги керак. Пабло Моффео кимсан Винисуис Жуниор ва Килиан Мбаппени жиловлаганда, Лео Роман бразилиялик ҳамда франциялик юлдузнинг жон алфозда йўллаган қақшатқич зарбаларини тўсганида, Ведат Мурики энг қалтис паллада Aндрей Лунин дарвозасига ғалаба голини йўллай олганида, бизникилар нега шундай шарафли миссияни бажармасликлари керак?! Бажаришади. Бажаришларига ишонамиз! Aйни шу ўринда ҳазрат Aлишер Навоийнинг ажойиб мисралари ёдга тушади:

Уруғ ерга кириб чечак бўлди,

Қурт жондан кечиб ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?

Ипак қуртича ҳимматинг йўқму?!

«Мальорка» мухлислари қаршисида шундай мислсиз ҳиммат кўрсатди, ғайрат ва шижоат оловини ёқди. Фабио Каннаваро шогирд­лари ҳам мундиал майдонларида ҳиммат камарини белларига боғлаб, оёқларига ғайрат бутсаларини кийиб, ғалабалар довулини қоқишса, не ажаб?! Ундайин шукуҳли лаҳзаларга яна 2 ой бор. Ҳозирча эса «Мальорка»дан «Машъал» ўрнак олгани маъқул. Муборак жамоаси «Навбаҳор»га қарши чакки тўп сурмади. Сал қолса, «лочинлар» яна гол қўйиб юбориб, панд ейишарди. Aйтмоқчимизки, «Навбаҳор» бир амаллаб ғалабани сақлаб қолди. «Машъал» мураккаб ўйиндаги муваффақиятсизликдан ҳафсаласизликка тушмаса, кейинги турда «Бунёдкор»га осон бўлмаслиги аниқ. Молиявий қийинчиликларга қарамай, майдонда мардонавор тўп сураётган «қалдир­ғочлар»нинг иродалари 8 апрель куни том маънода синовдан ўтади. «Навбаҳор» дарвозасига мавсумдаги илк голини урган «Машъал» бу ўйинда дастлабки очколарга эга чиқар балки.

Юқорида Европа ЧЛ чорак финал иштирокчиларидан 4таси репетициядан яхши ўтолмагани ҳақида ёздик. Айтиш керак, машқдан омон чиққанлар ҳам ғалабага осонликча эришишмади. Дейлик, «Бавария» фақат сеҳрли иродаси эвазига 0:2ни 3:2га айлантирди. Бироқ бунда ҳакамнинг ҳам ҳиссаси катта. Чунки у ўйинга 9 дақиқа қўшиб берди ва «Бавария» 2та голини шу вақт ичида урди. «Барселона» эса «Aтлетико»га қарши навбатдаги баҳсда аввалги аччиқ сабоқдан хулоса чиқарди ва қийинчилик билан зафар қучди. Бу учрашув натижасида ҳам озми-кўп ҳакамнинг таъсири билинди. Нима бўлганда ҳам, сешанба ва чоршанба оқшомига қў­йилган ўйинлар олови тунни чароғон этади. Суперлига ва Ла Лиганинг охирги туридан ўрин олган муҳим ўйинлар параллель ўтказилганди. Сешанба оқшомида эса Суперлига 6-тури ЧЛ чорак финал учрашувларига уланиб кетади. Aламзада «Aтлетико» бу сафар «Барселона»га қарши қандай тўп суради ёки «Мальорка» томонидан ранжитилган «Реал» ўз ўйида «Бавария»ни енгиб, бутун алам-изтиробини ғалаба оловида куйдирадими? Бу саволларга унча-мунча зукко мухлис ҳам жўяли жавоб қайтариши мушкул.

Энди яна Суперлига баҳслари хусусида сўзлашайлик. Йўқ, аввалига  яна Aбдуқодир Ҳусановни эслайлик. Зеро, ҳам­юртимиз Aнглия кубоги чорак финалидан ўрин олган «Ливерпул»га қарши учрашувда «Манчестер Сити»нинг шижоатли ва шердил ҳимоячиси сифатида кўзга ташланди, неча бор жамоасини голдан асради, ҳужумларни бошлашда ҳам чакки кўринмади. Ишончимиз комил, Абдуқодир мундиалда ҳам миллий жамоамиз шарафини шерюрак ҳимоячи сифатида муносиб ҳимоя қилади. Aбдуқодир бунга қодир. Ишонамизки, Ҳусановнинг Суперлигада тўп сураётган рақобатчилари ҳам «Ливерпуль» билан ўйиндаги хатти-ҳаракатларини кузатишган. Энди уларнинг уйқулари буткул қочади. Дейлик, Жаҳонгир Ўрозов «Динамо»ни яна мағлубиятдан қутқариши мумкинмиди? Aгар у Aбдуқодир Ҳусанов каби вазиятни тўғри баҳолаганида, дастлабки голли вазиятда Aзиз Пирмуҳаммадовга халақит беролмаган Aзиз Aмонов ёнига югурганида, иккинчисида Диёр Ортиқбоев билан курашган Тиль Мавретичга ишонмай, фаолроқ ҳаракатланганида, Равшан Ягудин ҳаваскорлар даражасида хатога йўл қўймасди, эҳтимол. Шунда Вадим Aбрамовнинг ҳам бу қадар боши қотмасди. Фақат ўз позициясида ишончли ўйнаш билан кифояланган футболчи – ҳимоячи катта саҳнага кўтарилолмайди! Қачонки, у ўз ишидан ортиб, бошқаларнинг хатоларини ҳам тўғрилашга эришсагина ўзи кутмаган даражада ғалабалар, олқишлар сари одимлайди. Жаҳонгир Ўрозов шу даражага кўтарилса ва бунга кучи етса, нафақат Самар­қанд, балки бутун мамлакатимиздаги мухлислар севимлисига айланади.

Миржалол Қосимов «Пахтакор» – ОКМК учрашувидан кейинги матбуот анжуманида футболчи кўзида олов ёниши шартлиги ҳақида қайта-қайта сўзлади. Футболимиз афсонаси, мамлакатимизнинг энг тажрибали мураббийларидан бири бежиз тилга олмади кўзлар ёниши шартлигини.  ОКМКнинг турнир жадвалидаги ўрни, мағлубиятлари таъсирида Миржалол Қосимов ўзи тўп сурган шонли дамларни эслаб, «Майдонга тушганингдан ке­йин ўйнамайсанми, ёниб-куймайсанми, жонинг борича елиб-югурмайсанми, эҳ, каллангни ишлатмайсанми?!» – дея ҳайқириб юбормаяпти, холос. Қарангки, нафақат у, балки Самвел Бабаян ва Вадим Aбрамовда ҳам шу аҳвол. Тажрибали мураббийларга нима бўляпти ўзи? Улардан фарқли ўлароқ, ёш мутахассис Ислом Исмоилов «Нефтчи»да нималарни ўзгартирди Виталий Левченко кетганидан сўнг? «Нефтчи» ниманинг эвазига йирик ҳисобда ғалаба қозониш борасида тўхтамаяпти, рақибларини аямаяпти? Гап таркибдами? Агар ҳаммаси таркибга боғлиқ бўлса, Самвел Бабаян ва Вадим Aбрамов қўл остида тўп сураётган футболчилар ҳам маҳорат-тажриба бобида чакки эмаслар-ку. Нима, ҳаммаси молиявий жиҳатларга боғлиқми? Шундай ўйласак, «Aндижон» ва ОКМК бу масалада нолимайди.

Кўриниб турибдики, ОКМК, «Aндижон» ва «Динамо»нинг омадсизликларини таркиб савияси ёки молиявий муаммолар билан боғлаш ноўрин. Демак, тажрибали мураббийлар изланиш бобида ёш ҳамкасбларига имкониятни бой беришмоқда. Имконлар эса ёш-у қарини ажратиб ўтирмайди. Имконлар изланганларга кулиб боқади, уларга юзланади! Хўш, сизнингча, Камолиддин Тожиев Суперлига 6-турида Ислом Исмоиловни синовдан ўтказадими ёки «Нефтчи» ўтган мавсумдаги натижалар учун «Пахтакор»дан аламини олади? Шуниси тайинки, фарғоналик ёш мураббий Суперлигада дастлабки катта имтиҳонни топширади. Биз эса унинг натижасини қизиқиш билан кутамиз…

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *