Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 10,686

Антон Вальдемар: «Боруссия» тарихидаги энг яхши натижага эришишимиз керак»

Антон Вальдемар: «Боруссия» тарихидаги энг яхши натижага эришишимиз керак»

Олмалиқ шаҳрида туғилиб, болалигида оиласи билан Германияга кўчиб кетган Антон Вальдемар бугун Бундеслигадаги энг барқарор ва ишончли ҳимоячилардан бири ҳисобланади. Қисқа вақтда Дортмунд «Боруссия»си етакчилари қаторига қўшилишга улгурган 29 ёшли футболчи клуб расмий сайти ходимларининг интервью масаласидаги илтимосларини ерда қолдирмади. Антон шу тариқа самимий суҳбат давомида болалик хотираларини эслаш баробарида яна кўплаб мавзуларга тўхталди: оилавий қадриятлар, рақамларга муҳаббати, жамоавий мақсадлар, замонавий футбол талаблари…

– Германияга оилангиз билан Ўзбекистондан кўчиб келгансиз этник немис иммигранти мақомида. Айтингчи, ўша вақтларни қандай эслайсиз?

– Оиламиз Германияга кўчиб келган пайт атиги 2 яшар болакай бўлганман. Демакки, ўша кезлар нималар рўй берганини эслолмайман. Ке­йинчалик ота-онам бу ерда оёққа туриб олиш учун тинмай ишлашганини яхши биламан. Чунки Германияга деярли ҳеч вақосиз келган эканмиз. Тўғриси, болалигимда ота-онам роса қийналишганини кўриб, олдимга аниқ вазифа қўйганман: «Қандай бўлмасин, оиламга тезроқ ёрдам беришим керак». Хуллас, шу масъулият мени эрта кундаёқ шахс сифатида анча шакллантирди.

– Билишимизча, биология ва математикага ихтисослашган мактабда таҳсил олгансиз. Хўш, ҳали ҳам рақамлар дунёсини яхши кўрасизми?

– Албатта. Айниқса, фарзанд­ларимга математика бўйича ёрдам бериш онлари келишини интизор кутяпман. Умид қиламанки, орадан анча вақт ўтганига қарамай, уларга уй вазифаларини бажаришда бемалол тўғри йўл кўрсата оламан. Ҳар доим рақамларга меҳр билан қараганман, уларни яхши тушунганман. Кимларгадир ғалати туюлиши мумкин, лекин мен учун математика ҳамиша энг енгил ва севимли фан саналган.

– Жорий йил учун белгиланган мақсад ва орзуларингиз ҳақида гапирсангиз…

– Футбол нуқтаи назаридан бутун жамоамизда битта мақсад бор – чемпионат якунига қадар имкони борича кўпроқ очко тўплаш. Умуман, ушбу мавсум клуб тарихидаги энг яхши натижага эришмоқчимиз, шунинг учун ҳар бир ўйинда имкониятимизнинг энг юқори даражасини кўрсатишимиз муҳим.

– Хўш, Бундеслига финишига қадар айнан неча очко жамғаришни мўлжаллаётганингизни айта оласизми?

– Бу борада яширадиган ҳеч нима йўқ. Жорий мавсумни муайян блокларга бўлганмиз ва ҳар бирида 4тадан ғалабага эришишимиз шарт. Шунда очко бўйича олдиндан кўзланган маррага етамиз. Қолганини ҳар кимнинг ўзи ҳисоблаб олиши мумкин (кулади)

– Таблоидларга ишонсак, Германия кубогидаги муваффақиятсизликдан сўнг «Боруссия»нинг жорий мавсумдаги бор умидлари чиппакка чиққан…

– Нега энди? Ҳа, Германия кубогида «Байер»га ютқазиб қўйганимиз оғир зарба бўлди. Зеро, турнирда ғалаба қозонишни ўйлагандик. Тан олиш керак, айни ҳолатда биз учун кубок мусобақасида ғалаба қозониш эҳтимоли юқорироқ эди, ҳар ҳолда, ўйинлар сони ҳам камроқ. Лекин шу билан мавсум тугагани йўқ. Бинобарин,  ҳали катта мақсадлар сари интилиш имконияти бор. Ғалабага ишонмай майдонга тушишни эса тасаввур қилиш ҳам қийин. Яхшиси, олдинда турган муҳим ўйинларда ижобий натижа учун курашиш, ўйинимизни мукаммал даражада йўлга қўйиб олишга ҳаракат қилишимиз керак. Қолгани вақт ўтгани сайин кўринаверади.

– Профессионал футболчининг иш жараёни 90 дақиқалик ўйин ёки машғулотлар билан чекланмаслиги кўпчиликка маълум. Айтингчи, Антон Вальдемарнинг оддий бир куни қандай ўтади?

– Агар болаларни боғчага олиб бориш навбати менда бўлмаса, жуда яхши. Чунки бу – ярим соат кўпроқ ухлаш имкони. Кейин тикланиш машқлари ва реабилитация муолажаларига киришаман. Четдан қараганда, ҳаммаси одатий юмушлардек туюлар, аслида эса бу катта меҳнат ва сабр талаб қилади. Шунга қарамай, бугунги ҳаётимдан асло нолимайман. Зеро, болалигимда айнан шундай ҳаётни тасаввур қилган ва бунга эришиш учун кўп тер тўкишим кераклигини яхши билганман.

– Жорий мавсум тўпни рақибдан тортиб олиш бўйича энг юқори кўрсаткичингизни биласизми?

– Ҳа, 84 фоиз.

– Деярли шундай! Аниқроғи, «Майнц»га қарши ўйин­да бу борада 83,3 фоизлик натижа кўрсатгансиз. Энди айтингчи, қайси ўйинда рақиб дарвозаси томон кўп зарба йўллагансиз?

– Менимча, «Кёльн» билан учрашувда, тўғрими?

– Адашмадингиз. 3та зарба, аммо ҳеч бири аниқ эмас. Давом этамиз, жамоадошингиз Карим Адейеми ўйинлардан бирида 35 км.|соатдан юқори тезлик намойиш этди. Хўш, сизнинг энг юқори тезлигингиз қанча?

– Агар янглишмасам, қарийб 33 км.|соат (Вальдемар «Кёльн»­га қарши ўйинда тезликни 32,8 км.|соатга кўтарганди)

– Ҳужумчи ва ҳимоячи тезлиги орасидаги бундай тафовут рақамларда арзимасдек кўринади. Аммо бу майдонда қўшимча муаммо келтириб чиқармайдими?

– Йўқ, мутлақо. Чунки агар рақиб билан бир чизиқ бўйлаб югуришга тўғри келмаса, кўпинча устунлик марказий ҳимоячи томонида бўлади. Муҳими – жойни тўғри танлаш ва ҳужумчининг ҳаракат йўналишини олдиндан пайқаш.

– Замонавий футболда асосан уч кишилик ҳимоя услубига таянилмоқда. Бунда марказий ҳимоячиларда иш ҳажми ва босим ортиб кетмайдими?

– Йўқ, чунки услуб ўзгаргани билан марказий ҳимоячининг мажбуриятлари ўша-ўша… У биринчи навбатда, тўғри ҳимоя­ланишни уддаласа, бас.

– Жорий мавсум фақат 1та ўйинда икки мартадан кўпроқ қоидабузарликка йўл қўйдингиз. Афтидан, мураббий сиз билан бу борада жиддий ишлаган кўринади…

– Демак, ҳозирча ўз ишимни яхши уддалаяпман. Биласизми, «Боруссия»да ҳамиша юқори савияли марказий ҳимоячилар тўп суришган ва ҳозир ҳам бу позицияда рақобат жуда баланд. Шахсий кўрсаткичлар эса ҳар бир ўйинда ўзгариб туриши мумкин. Бу рақибларга ҳам боғлиқ, албатта. Демоқчиманки, турли статистик кўрсаткичлар ўйин давомида ўз аҳамиятини буткул йўқотади. Асосийси – ҳимояланаётган пайт рақибдан тўпни тортиб олиш ва хавфни бартараф этиш. Мазкур жараёнда истайсизми-йўқ, рақибга тегиниш, баъзан қўполлик ишлатишга тўғри келади. Ҳа, мураббийлар жарима майдони атрофида имкони борича қоида бузмасликни талаб қилишади. Лекин марказий ҳимоячиларда танлов унча катта эмас. Улар маълум вазиятларда жуда тез қарор чиқаришлари лозим. Акс ҳолда, рақиб чув тушириб кетиши тайин.

– Диққатга сазовор томони, ҳар бир ўйинда 11,1-11,6 километр оралиғида масофа босиб ўтасиз – марказий ҳимоячилар учун фантастик натижа…

– Очиғи, бу ўйин услубимиз ўзгаргани билан боғлиқ. Аниқроғи, ҳозирда иложи борича кўпроқ вақт тўпга эгалик қилишни хоҳлаймиз, шунинг учун ҳимоячиларнинг ҳам тўпсиз кўп югуришларига тўғри келади. Шу тариқа майдонда босиб ўтилган масофа йиғиндиси кўпайиб кетади.

– Ўтган йил бошида жамоа бошқарувини қўлга олган Нико Ковачнинг сизга нисбатан мутлақ ишончи қанчалик муҳим?

– Исталган футболчи бош мураббий ишончидан қувват олади. Доимий ўйин амалиётига эга бўлиш иштиёқи туғилиши учун аввало руҳий жиҳатдан мукаммал даражада тайёрланиш ва кўп ишлаш лозим.

– Ака-укаларингиз ёки опа-сингилларингиз ҳам борми?

– Йўқ, оилада ёлғиз фарзандман. Хайриятки, ҳар доим ғамхўрлик қиладиган ва қийин дамларда кўнглимни кўтарадиган дўстларим етарли.

Манба: bvb.de, ХУРШИДБЕК тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *