Search

Чемпионшип – Лэмпард учун қайта кўтарилиш майдони

Машҳур Фрэнк Лэмпард - Англия футбол пирамидасида иккинчи ўринда турувчи Чемпионшип мавсумининг энг катта кашфиёти. Англия миллий жамоаси ва «Челси» клуби афсонаси қўл остидаги «Ковентри» 11-турдан кейин нафақат турнир жадвалида етакчилик қилмоқда, балки барча жиҳатларда яққол кўзга ташланмоқда. 25 очко, голлар нисбати бўйича +23 ва мағлубиятсиз серия. Қисқаси, «Ковентри» тарихидаги энг яхши старт.

Айтиш керак, «Ковентри» 1 йилча олдин Чемпионшип турнир жадвалининг 17-қаторида «осилиб» турганди. Фрэнк Лэмпард эса бошқарувни 2024 йилнинг ноябрь ойида қўлга олди ва барчасини тезда ўзгартирди. Баҳорга келиб, жамоа турнирнинг «плей-офф» босқичига йўл олди ва деярли финалга ҳам чиқди. Бироқ «Сандерленд»га қарши «дуэль» якунида аламли тарзда мағлубликни тан олди (2та ўйиннинг умумий ҳисоби - 2:3). Энди эса «Ковентри»нинг қиёфаси мутлақо ўзгарди - тажовузкор, барқарор, аниқ тизимли. Жамоанинг олдинги чизиғида қотилнамо трио бор. Дейлик, «Ковентри»нинг бирданига 3 нафар футболчиси Чемпионшип тўпурарлари пойгасида кучли тўртликда бормоқда:

 Брэндон Томас-Асанте - 8та гол ва 3та ассист

 Хейжи Райт - 8та гол

 Виктор Торп - 6та гол

Асосийси, Лэмпард «Ковентри» бошқарувидаги 1 йил давомида яхшигина статистика йиғди: 46та ўйин, 24та ғалаба, 10та дуранг  ва 12та мағлубият. Opta суперкомпьютери мавсум стартидан олдин «Ковентри»нинг Чемпионшип ғолиби бўлиш имкониятини 6,6 фоиз, АПЛга кўтарилиш эҳтимолини эса 14,4 фоиз даражасида баҳолаган эди. Энди ушбу коэффициентлар тегишли равишда 52,66 фоиз ва 71,16 фоизга ўзгарди. Букмекерлар ҳам Лэмпард жамоасининг зафар қучиш имкониятини юқори баҳолашмоқда. Аксинча, мавсум олдидан яққол фаворит ўрнида кўрилган «Шеффилд Юнайтед» 10та ўйиндан 9тасида енгилди ва имкониятини кескин пасайтирди. Ҳа, Лэмпардга тож кийдиришга ҳали эрта, лекин «Ковентри» дарҳақиқат, даҳшатли бошлади. Якуний натижа учун эса яхши старт жуда муҳим. Дейлик, ўтган мавсум Чемпионшипнинг дастлабки 11та туридан сўнг кучли олтиликка кирган жамоалардан 4таси финишда ҳам шу ҳудудда қолган. Якунда 3таси АПЛга чиқди, яна бири эса («Шеффилд Юнайтед») «плей-офф» босқичи финалида енгилди. 

Факт. «Ковентри» 2000|2001 йиллар мавсумидан буён АПЛ юзини кўргани йўқ. Ваҳоланки, жамоа ундан олдин кетма-кет 34 мавсум элит дивизионда ўйнаган. Демак, Фрэнк Лэмпард «Ковентри»ни мухлислари узоқ кутган жойга қайтариш асносида ўзи ҳам қайта қўзғалиш имкониятига эга.

Манба: sports.ru, А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Related to this topic: