Эйден О’Нил: «Австралия термаси шунчаки, иштирок учун ўйнамайди…»
Катта мусобақалар арафасида футболчиларнинг умумий кайфиятлари, тайёргарлик даражалари ва шахсий ҳаётларига алоҳида назар ташлаш ҳамиша қизиқ. Айниқса, майдонда фидойилик ва меҳнаткашлик хислатлари билан ажралиб турадиган футболчилар фикрлари кучлироқ аҳамият касб этади. Бугун MLS кенгликларида «Нью-Йорк Сити» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Австралия миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Эйден О~Нил шундай жонкуяр футболчилар сирасига киради. Эътиборлиси, у нафақат майдондаги ҳаракатлари, балки футболдан ташқари ҳаёти – фермерлик фаолияти билан ҳам диққат марказида. Қуйидаги интервьюда эса Эйденнинг шахсий қизиқишлари, ЖЧ-2026, жумладан, АҚШ термасига қарши кутилаётган ўйинга доир умидлари мужассам.
– Билишимизча, футболдан ташқари вақтда фермерлик билан шуғулланар экансиз. Дастлаб шу ҳақда гапириб берсангиз…
– Ҳа, четдан қараганда, бу кўпчилик учун бироз ғайриоддий ҳолатдек туюлиши мумкин. Негаки, кўплаб футболчилар ўз сармояларини бизнеснинг бошқа соҳаларига тикишади. Ҳар ҳолда, чорвачилик фермасига эгалик қиладиган футболчилар жуда кам. Мен эса болаликдан табиат қўйнида тер тўкиш, жонзотларга меҳр кўрсатишни яхши кўраман. Хуллас, ҳудуди чамаси 170 сотихга тенг фермани ўтган йили сотиб олдим. Ҳозир у ерда 40 бошча бузоқ бор, яқин ойларда улар сони янада кўпайиши керак. Тўғриси, машғулотлардан сўнг фермага бориб, бузоқларга қараш катта завқ бағишлайди, бу юмушдан қалбим ором олади.
– Фермерлик фаолияти футболга нисбатан эътиборингизни сусайтирмайдими?
– Йўқ, аксинча, фермадаги юмушлар ортидан сабр, интизом ва жавобгарлик одам ҳаётида нечоғли муҳим эканлигини тобора теран тушуниб боряпман. Бу фазилатлар футболда ҳам жуда муҳим. Айни пайт ўзимни «ишчи – футболчи» ҳисоблайман. Яъни майдонда жамоа учун унча сезилмайдиган, лекин муҳим ишларни бажараман. Ҳар бир тўп учун интилиш, охиригача курашиш – булар табиатимга сингган услуб.
– Австралия миллий жамоа-си бу сафар ҳам мундиалга чиқиш миссиясини айтарли муаммосиз уддалади. Хўш, ҳозирги кутилмалар, таассуротлар қандай?
– Жаҳон кубоги старти яқинлашган сари мамлакатимизда мусобақага нисбатан қизиқиш ортиб бормоқда. Зеро, жаҳон футбол форуми барча австралияликлар учун ҳаяжонли воқеликдир. Айтиш керак, бу сафар ҳам чипта йўлида тизимли равишда тер тўкдик. Ўйлайманки, энди таркибдаги ҳар бир футболчи ўзига бериладиган имкониятдан тўғри фойдаланади ва турнирда муваффақиятли иштирок этишимиз учун бор салоҳиятини ишга солади. Зотан, жаҳон чемпионати нафақат катта футбол ярмаркаси, балки нималарга қодирлигинг-ни бутун дунёга исботлаш имконияти ҳам.
– Гуруҳ раундида мусобақа мезбонларидан бири – АҚШ термаси билан ўйнайсизлар…
– Жуда қизиқарли ва кескин ўйин бўлса керак. Бу оддий тўқнашув эмас. Тўғри, АҚШ термаси кучли рақиб, айниқса, ўз майдонида хавфли. Америкаликлар билан аввал ҳам ўйнаганмиз ва ўша учрашувдан етарлича хулоса чиқарганмиз. Насиб этса, бу сафар мезбонларга қарши ўзгача ўйин кўрсатамиз. Эҳтимол, учрашув жисмонан ва руҳан оғир ўтар, лекин стадионда қайноқ муҳит ҳукм суриши тайин.
– Умуман олганда, Австралия миллий жамоасининг ЖЧ-2026даги имкониятини қандай баҳолайсиз?
– Бўлажак мусобақада ҳар бир ўйинга жиддий ёндашиб, ўз имкониятимизни тўлиқ ишга солишимиз шарт. Замонавий футболда барчасини номлар эмас, балки ҳаракат, иштиёқ ва уюшқоқлик ҳал қилаётганини кўриб турибмиз. Австралия термаси мундиалда шунчаки, иштирок учун ўйнамайди, албатта. Агар турнир олдидан яхлит жамоа сифатида бирлашиб, интизомли ўйин кўрсата олсак, катта натижаларга эришишимиз мумкин.
– Финал ўйинини қабул қиладиган Нью-Жерси шаҳри ҳақида қандай фикр-дасиз?
– Дунёдаги энг йирик спорт марказларидан бири! Шаҳар айниқса, катта мусобақалар вақти бутунлай ўзгача жозиба бағишлайди. Очиғи, Нью-Жерсида юзага келадиган муҳитни сўз билан таърифлашим қийин. Яхшиси, барчасини бевосита кўриш керак.
Манба: www.fifa.com, МУҲАММАДХОН тайёрлади