Жорий йил 20 март куни Нидерландия термасига қарши ўйинда Испания миллий жамоаси либосини илк марта кийган «Борнмут» вакили Дин Хёйсен мавсум бошида кенг футбол жамоатчилиги учун нотаниш йигитча эди. Қаранг-ки, у жуда қисқа вақт ичида замонамизнинг энг кўзга кўринган ҳимоячиларидан бирига айланди. Бунинг ортидан эса, «Реал» раҳбарияти истиқболи баланд иқтидор трансферига 58 млн. евро ажратди. AS нашри журналистлари 20 ёшли футболчи билан суҳбат давомида у «Қироллик клуби»да нималарни кўзлаётганига қизиқишди.
- Кечагина камтарин «Борнмут»да тўп сурган Дин Хёйсен бугун дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирида. Хўш, у айни дам борлиқдаги энг бахтиёр футболчими?
- Эҳтимол, лекин мендан кўра, отамнинг хурсандчилиги беқиёс. Зеро, узоқ йиллик меҳнат ва машаққат роҳатини тотадиган вақт келди. Ҳар ҳолда, жаҳон футболида етакчи ўринларда турувчи Испания термаси ва «Реал» клуби либосини кийиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
- Ўзи қачонлардир «Мадрид» сафида ЧЛ ва Клублар ўртасидаги ЖЧ каби нуфузли турнирларда иштирок этиш ҳақида ўйлаганмидингиз?
- Яқин ўтмишга қарасак, «Борнмут»да 2-3 йил ўйнаб, тажриба оширган ҳолда, келгуси режалар сари юзланишни кўзлагандим. Қарангки, барчаси жуда тез ривожланди.
- 2022 йили атиги 470 минг евро эвазига «Малага»дан «Ювентус»га ўтган эдингиз. Орадан 3 йил ўтиб, Испанияга қайтишингиз баҳоси 58 миллион еврога етди...
- «Мадрид» шартномада кўрсатилган товон пулини тўлади, холос. Трансферимга сарфланган маблағ миқдорига заррача алоқам йўқ, бунга эътибор ҳам қаратмайман. Муҳими - ишончни оқлаш ва жамоага наф келтириш.
- Нидерландия термасига қарши ўйиндаги дебютингиздан олдин мухлислар сизни унча билишмасди. Майдонга тушишдан олдин нималарни ўйладингиз?
- Фақат фахр-ифтихор ҳиссини туйдим. Ахир профессионал фаолиятини эндигина йўлга қўйган футболчи учун ватан жамоаси сафида майдонга тушишдан шарафлироқ ҳодисот борми? Ўша дебют ҳозирга қадар эришган ютуқларимнинг энг қадрлисидир.
- Варан ёки Рамоснинг ўйин услуби нуқтаи назари билан қарасак, Дин Хёйсен қайси синфга мансуб марказий ҳимоячилар сирасига киради?
- Рафаэль Варан шубҳасиз, жаҳоннинг энг кучли ҳимоячиларидан биридир. Лекин ўзим болалигимдан Серхио Рамос каби ўйнашга интиламан. Чунки унда замонавий футболда талаб этиладиган барча хислатлар мужассам - етакчилик, мақсад, шахсият, характер... Қисқаси, футбол оламидаги энг ёрқин марказий ҳимоячи - бу Рамос.
- Аммо майдон бўйлаб ҳаракатларингиз кўпроқ Йеррони эслатмоқда...
- Иккимиз ҳам Малагадан бўлганимиз учун шундай туюлар балки. Эҳтимол, чиндан ҳам, ўйинимизда ўхшаш жиҳатлар бордир, тўғриси, билмадим...
- «Мадрид»га келишдан олдин Хаби Алонсо билан телефон орқали гаплашганингиз ҳақида хабарлар чиққанди. Қизиқ, нималарни муҳокама қилдинглар?
- Аслида Алонсо қўнғироғигачаёқ барчаси ҳал этилганди. Мураббий билан шунчаки, келгуси лойиҳа ва режалар юзасидан бироз гаплашдик. Албатта, барчамиз буюк муваффақият истаймиз ва буни уддалашимизга ишончимиз комил.
- «Барселона»нинг «Реал»га тақдим этаётган рақобатини назарда тутсак, янги мавсум янада қизиқарли тус олиши мумкин. Бунга тайёрмисиз?
- Ҳозирча Ла Лигадаги рақобат борасида тўлиқ тасаввурга эга эмаслигим боис, руҳиятда қандайдир бўшлиқ ҳис қиляпман. Лекин факт шуки, «Мадрид» аъзоси сифатида умумий муваффақият йўлида бор кучимни ишга соламан.
- АПЛда Холанд ва Исакдек кучли ҳужумчиларга қарши ўйнадингиз. Сизнинг-ча, Ла Лигада ҳам шундай даражадаги ижрочилар борми?
- Англия ва Испания жамоалари услубан бир-биридан фарқли футбол намойиш этади. Ла Лигада эркинлик чекланган ва моҳиятан тактик-прагматик ўйин чизмасига кўпроқ эътибор қаратилади. Шунинг учунми, майдонда яккама-якка курашлар камроқ кузатилади. Бу эса ҳимоячилар учун қулайлик яратади, албатта.
- Килиан Мбаппе билан бир сафда ўйнаш ҳаяжони қандай?
- «Реал»да Мбаппедан ташқари, Винисиус, Родриго ва Беллингем каби ўз позицияси бўйича жаҳоннинг етакчи ҳужумкор футболчилари бор. Агар энг яхшилар даврасида ўйнашни уддалай олсам, фаолиятимда туб бурилиш бўлиши тайин.
- Отангиз Йоахим Вирц ҳужумчи сифатида тўп сурган экан. Қизиқ, сизда ҳимоячи инстикти қандай шаклланган?
- Отам аслида ҳужумчи бўлишимни истаган, аммо бу позицияда ўзимни тўлиқ кўрсата олишимга кўзи етмаган. Асосийси, ҳужумга қўшилиш ва рақиб дарвозасига хавф солишни яхши кўраман.
- Ўнг оёқда мукаммал ўйнайдиган футболчилар сирасига кирасиз. Аммо марказий ҳимояда чап оёқни ҳам тўғри ишлатиш жуда муҳим...
- Ҳа, кўпчилик ўнг оёқда мукаммал ўйнашимни айтади. Ваҳоланки, чап оёғим ҳам чакки эмас. Болалигимда ҳовлимиздаги майдончада бу борада алоҳида шуғулланганман. Қисқаси, аввалига машғулотлар, кейинчалик ўйинларда ҳар икки оёқда бирдек тўп суришни ривожлантирганман.
- «Борнмут»да асосан 2-рақам остида ҳаракатланардингиз. Аммо «Мадрид»да бу рақам Карвахалга тегишли...
- Рақам масаласи мени умуман ташвишга солмайди. Қисқаси, «Реал»дек буюк клубда ҳар қандай рақам остида ўйнашга тайёрман ва бу мен учун фахр-ифтихор демакдир (унга 24-рақам насиб этди).
- Айтишларича, 4та тилда мукаммал гаплашар экансиз. Одамлар билан мулоқотда кўпроқ қайси тилдан фойдаланасиз?
- Аксарият ҳолларда испан тилидан. Ахир испанияликман...
Манба: fondoruso.ru, Хуршидбек тайёрлади