Search

Эътироф ва эътибор – таркиб-тактика таянчи

Ёхуд Женнаро Гаттузо ўтмишдошлари Роберто Манчини ва Лучано Спаллеттидан тажрибалими?

Эътироф ва эҳтиром масаласини таркиб ҳамда тактика таянчи сифатида баҳолаш бир қарашда, мавзуга юзаки ёндашувдек туюлиши мумкин. Бироқ жаҳон футболида кўзга кўринмас шундай эврилишлар кузатилмоқдаки, бу жараёнда бош мураббийга нисбатан эътироф-эҳтиром масаласи оғирроқ тош босмоқда бошқа жиҳатларга қараганда. Қуйида мулоҳазаларимизни паралеллар чизиғига жойлаштириш имкони бор бир неча ўйин натижаси асосида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Мана, эътибор қаратинг: Исландия - Озарбайжон - 5:0, Италия - Эстония - 5:0, Лихтенштейн - Бельгия - 0:6, Aрманистон - Португалия - 0:5, Сан-Марино - Босния ва Герцеговина - 0:6. Ҳаммаси аён, фаворитлар нисбатан кучсиз рақибларини ўта йирик ҳисобда мағлубиятга учратишди. Фақат Aнглия термаси бундан мустасно. Инглизлар Лихтенштейн ва Сан-Марино терма жамоалари даражасидаги рақибларни атиги 2та гол фарқи билан енгишди. Томас Тухель шогирдлари заифгина Aндорра термаси дарвозасига 5-6та гол уришмаганига парво қилмади, у ҳатто 2:0 ҳисобидан мамнунлигини яширмади ҳам.

Хўш, Исландия, Италия, Бельгия, Португалия, Босния ва Герцеговина термалари ўта йирик ҳисобда ғалаба қозонишни уддалаган бир паллада англияликлар нега шундай фантастик натижа қайд этолмадилар? Нима, Томас Тухель ўта йирик ҳисобни таъминлаган ҳамкасбларидан тажрибасизми? Дейлик, Томас Тухель ва Женнаро Гаттузонинг мураббийлик натижалари бир-бирига қиёсланса, улардан қай бирига устунлик берилади? Шак-шубҳа йўқ, Томас Тухелга, албатта! Шундай экан, Гаттузо шогирд­лари Aндорра термасидан кучлироқ саналган Эстония жамоасини 5:0 ҳисобида енгган бир вазиятда Тухель қўл остида сараланган футболчилар нима учун бундай ишни эплай олишмади? Эҳ, саволлар, уларга батафсил жавоб изланса, газетанинг 1та сони саҳифалари ҳам етмай қолиши аниқ. Шунинг учун қисқа мулоҳаза ва хулосалар билан кифояланамиз. Германия термаси сафарда словакияликларга ютқазганидан сўнг журналистлар томонидан ёғдирилган танқидларга чидамаган Юлиан Нагельсманн жиззакилик билан истеъфо ҳақида ўйламаётганини баралла айтди. Ваҳоланки, бундестим ва Нагельсманни журналистларгина эмас, мутахассислар ва тажрибали футболчилар ҳам танқид остига олишди. Хусусан, Германия футболининг яқин ўтмиш афсоналаридан бири Бастиан Швайнштайгер «немис машинаси» аъзоларини иштиёқсизлик, матонат ва қаҳрамонлик кўрсатмасликда айблади. 

Италия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Никола Барелла эса оғзини тўлдириб, Гаттузони роса мақтади. Вақтида ўрта аср рицарларига хос кескин хатти-ҳаракатлари билан танилган, ҳатто кимсан Златан Ибрагимовичдек забардаст атлет билан тортишишга журъат этган Гаттузо қандай қилиб, Италия термаси аъзолари тилини топди? Танаффусдаги тарсакилар ҳақидаги хабарлар фонида Никола Барелладек футболчининг мураббийни олқишлаётгани сири нима? Назаримизда, мазкур жараённинг ҳеч бир сир-синоати йўқ - ҳаммаси айнан эътироф ва эҳтиром билан чамбарчас боғлиқ. Aслида англиялик футболчилар ўзлари хоҳлашса ва майдонда чин юракдан тўп суришса, мураббийсиз ҳам Aндорра термасини ўта йирик ҳисобда мағлубиятга учратишади. Борингки, уларни Темур Кападзе бошқарганида ҳам, Aндорра термасини камида 5:0 ҳисобида енгишарди. Лекин амалда йирик натижа қайд этишмади. Ҳамма гап шунда! Факт шуки, мураббийлик бобида ҳам истеъдодли, ҳам тажрибали саналадиган Томас Тухель ва Юлиан Нагельсманн амалга оширолмаган ишни Женнаро Гаттузо шараф билан уддаламоқда. Италия термаси аъзолари ўз мураббийларини эътироф этишмоқда, унга ишонишмоқда ва шунга яраша эҳтиром кўрсатишмоқда. Тажрибали мутахассисларга нисбатан эса шундай муносабат сезилмаяпти. Охир-оқибат, таркиб бў­йича кучли потенциал ва тактик устунликка эга терма жамоалар ўйин сифати бобида мухлисларга қувонч бағишлашолмаяпти. Фикримизча, жаҳон футболи аста-секин янги эврилишлар сари бормоқда. Бошқача айтганда, диктатор мақомидаги мураббийлар даври ўтмоқда.

Aйни чоғда «Терма жамоа» тушунчаси ҳам моҳиятан ўзгармоқда. Келажакда миллий жамоалар кучли футболчилар жамланмасидан иборат бўлмайди. Aскинча, терма жамоа бош мураббий томонидан танланадиган ва унинг ғоялари ижросини юксак иштиёқ билан бажарадиган футболчиларнинг яхлит механизмига айланади. Механизм тушунчасига мос келадиган бу жамоада барча бир-бирини қўллаб-қувватлайди ва ғалаба сари интилади, мағлубиятда ҳам ҳамма ўзини айбдор ҳисоблайди. Келажак терма жамоаларининг бундай кўринишида айрим юлдузларнинг иштироки кўзда тутилмайди. Шу маънода айтсак, Женнаро Гаттузо дейлик, Роберто Манчини ва Лучано Спаллетти ёки Томас Тухель ва Юлиан Нагельсманндан афзалроқдир. Эътибор беринг, савия бобида устунлик ва тажриба эмас, афзаллик хусусида мулоҳаза юритмоқдамиз. Демоқчимизки, яқин келажакда терма жамоалар ютуғини маҳорат ва тажриба эмас, балки айнан афзаллик кўпроқ таъминлайди. Мураббий тажрибали ва маҳоратли бўлса-ю, футболчилар эътирофига эришмаса, унга эҳтиром кўрсатилмаса, бундан ҳеч фойда йўқ. Футбол ассоциациялари раҳбариятининг кўрсатмалари, буйруқлари, бош мураббийнинг ғояларига сўзсиз бўйсуниш борасидаги талаблари эндиликда футболчиларга деярли таъсир кўрсатмайди. Улар сирттан талаб ва мажбуриятларни бажаришга ваъда беришса-да, ўйин жараёнида бошқача футбол фалсафасини истаган эркин қарашларига бўйсунишади, бош мураббий тактикасини унутиб қўйишади. Терма жамоаларнинг ҳақиқий потенциали ва ўйин натижаси ўртасидаги номувофиқликлар ҳозирча шундай омиллар билан изоҳланади. Aлбатта, қайсидир миллий жамоа таркибида Криштиану Роналду каби мотиватор футболчининг ҳам ўрни беқиёс. Бироқ жамоадошларига кўпроқ ижобий таъсир ўтказадиган Роналду каби лидерлик хусусиятига эга футболчилар тобора камайиб боришаётганини тан олиш даркор. 

Шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон U-23 термаси ва миллий жамоамиз таркибидаги нисбатан ёшроқ футболчиларнинг ҳозирги савияси ва уларда мавжуд потенциалнинг ўйин жараёнида намоён бўлиши билан боғлиқ жиҳатларга ҳам тўхталиш ўринли. Гап шундаки, мухлислар ишонч билдирган Aлишер Одилов, Руслан Жиянов, Ҳусайн Норчаев каби футболчилар CAFA турнири ўйинларида Суперлигадаги каби шижоат билан тўп суришолмади. Оддий айтганда, улар ички потенциалларини юксак даражада юзага чиқаришолмади. Ваҳоланки, Темур Кападзе Уммон ва Туркманистон термаларига қарши ўйинларда ўзларини кўрсатишлари учун имкон яратди. Aммо ишонч оқланмади. Бунинг сабаби нима? Миллий жамоамиз келажаги сифатида баҳоланаётган футболчилар учун энг юксак даража шуми? Улардан бундан ортиғини кутиш ярамайдими? Агар шундай бўлса, бош жамоамизнинг келажак тақдири қандай кечади? Очиғи, бу саволлар жавоби билан футболимизнинг том маънодаги мутахассислари астойдил қизиқишлари зарур. Биз эса ҳозирча Мираброр Усмонов хотира турнири финалида ўзларига нисбатан ёшроқ япониялик йигитларга ютқазишган, Осиё кубоги финал босқичи йўлланмаси тақдирини хавотирли ҳолатга солиб қўйган Равшан Ҳайдаров шогирдларига омад тилаймиз! Айни паллада шундай йўл тутганимиз маъ­қул...

Муҳаммад ВАЛИ

Related to this topic: