Search

Ёзги трансферлар бозори: дастлабки келишувлар ва кутилмалар...

Ўзбекистонда ёзги трансферлар бозори очилиши билан жамоалар таркибни кучайтириш ишларини бошлаб юборди. Жумладан, «Сўғдиёна» 15-тур ўйини олдидан дастлабки келишувларни расмийлаштиришга ҳам улгурди. Умуман, хабарлар оқимига қарасак, ёзги бозор роса қизийдиган кўринади.

«НАСАФ»

Қарши жамоаси «Динамо» етакчиларидан бири Ратиньога қизиқмоқда. «Насаф» бразилиялик 28 ёшли футболчини хорижга кетиши кутилаётган Акмал Мозговой ўрнига мўлжалламоқда. Тўғри, Ратиньонинг «Динамо» билан шартномаси бор. Инсайд хабарларига қараганда, «Насаф» легионерни кўндира олса, унда 200 минг доллар тўлашига тўғри келади (шартномасида шунча товон пули белгиланган). Эслатма, Акмал Мозговой «Бани Яс» (БАА)га кетиши мумкин. «Насаф» шунингдек, «Сўғдиёна»га йўл олган ҳужумчи Рубин Хебай ўрнини «Истиқлол» (Эрон)да ўйнаётган Жоэль Кожо билан тўлдирмоқчи. Қаршиликлар Теҳрон клубининг 17та ўйинида 3та гол урган «Динамо»нинг собиқ ҳужумчисидан ижара келишуви асосида фойдаланмоқчилар. Шунингдек, «аждарлар»нинг миллий жамоамиз ярим ҳимоячиси Отабек Шукуровни таклиф этиш имкониятини кўриб чиқишаётгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор. Жавоҳир Сиддиқов эса катта эҳтимол, собиқ клуби - «Қўқон-1912»га қайтади. 

ОКМК

Олмалиқ клуби «Нефтчи» ҳужумчиси Тома Табатадзени ўз сафида кўрмоқчи. Хабарларда айтилишича, ОКМК грузиялик 33 ёшли футболчи билан алоқа ўрнатишга улгурган. Табатадзе жорий мавсум «Нефтчи»нинг жами 15та ўйинида 1та гол ва 2та ассист қайд этди. Умуман, Миржалол Қосимов жамоаси ёзги трансферлар бозорида фаол бўлиши кутилмоқда.

«СЎҒДИЁНА»

Жиззах клуби кетма-кет 3та трансферни эълон қилди. Хусусан, албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай («Насаф») билан 1,5 йиллик шартнома имзоланди. 26 ёшли футболчи «Насаф»да атиги 10 марта майдонга тушиб, 2та гол урди. Transfermarkt портали айни пайт Хебай трансферини 350 минг еврога баҳоламоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, албаниялик форвард Жиззахда ойига 250 миллион сўм миқдорида маош олади. Факт «Сўғдиёна» Рубин учун профессионал фаолияти давомидаги 9-кубдир. Олдинроқ ОКМК билан хайрлашган тажрибали ҳимоячи Сардор Раҳмонов ҳам 1,5 йиллик келишув асосида «Сўғдиё­на» сафига қўшилди. Яна бир янги футболчи - бу Озарбайжоннинг «Сумгаит» клубидан қайт­ган Жасур Жалолиддинов. Жалолиддинов бунга қадар фаолияти давомида «Бунёдкор», «Локомотив» (Москва), «Тамбов», «Андижон», «Локомотив» (Тошкент), «Қайрат» (Қозоғистон), «Олимпик», «Нефтчи» жамоалари либосида тўп тепган. Бунгача нақ 9та клубда ўйнашга улгурган 23 ёшли ярим ҳимоячи ҳам 1,5 йиллик шартнома остига имзо чекди. Ҳозирда Жасурнинг трансфери 600 минг еврога баҳоланмоқда (transfermarkt талқини). «Сўғдиёна» шунингдек, мухлисларимизга «Навбаҳор»даги ўйинлари билан танилган сербиялик ҳимоячи Филип Ивановични чемпионатимизга қайтариш устида иш бошлади. 33 ёшли футболчи жорий йил бошида Баҳрайннинг «Ал-Ҳалдия» клубига йўл олганди. Ҳимоячи «Нав­баҳор» сафидаги 48та ўйинда 6та гол урганини қўшимча қилиш жоиз. «Қизилқум» ҳимоячиси Дилшод Комилов ҳам «Сўғдиёна» сафини тўлдирса, ажабмас. 26 ёшли футболчи жорий мавсум 17та ўйинда ўз ҳисобида 2та гол ва 1та самарали узатма ёздириб қўйди.

«НЕФТЧИ»

Фарғона жамоаси ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида либерия­лик Сильванус Нимелини жалб қилди. 2023-2024 йиллар «Сурхон»да тўп сурган футболчи охирги мавсум Озарбайжонда «Сумгаит» учун 18та ўйинда 1та гол урди ва 1та ассист қайд этди. Унинг трансфери баҳоси - 450 минг евро. 

«ПАХТАКОР»

Тошкентликлар хорижда тўп сурган Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоларини ортга қайтармоқчилар. Гап ҳужумчи Бобур Абдухолиқов, ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев ва вингер Ҳожимат Эркинов ҳақида кетмоқда. Бобур охирги мавсум «Сумгаит» (Озарбайжон)нинг 14та ўйинида 4та гол ва 3та ассист муаллифига айланган бўлса, 30 ёшли Турғунбоев «Сивасспор» (Туркия)да 37та ўйин ўтказди (1та гол ва 3та ассист). 24 ёшли Ҳожимат эса БААнинг «Ал-Ваҳда»сига тегишли. Араблар уни 2024 йилнинг февраль ойида «Торпедо» (Москва)дан 300 минг еврога сотиб олишганди. Ҳамюртимиз якунланган мавсум БАА чемпионатининг 22та ўйинида 4та гол ва 1та самарали узатма тўплади. Айтиш керак, у айнан «Пахтакор» тарбияланувчиси саналади. Таъкидланишича, «шерлар» Турғунбоев ва Эркинов билан келишувга ҳам эришишган. Эслатма, ҳар икки футболчи олдин «Пахтакор»да ўйнаган. Бразилиялик ярим ҳимоячи Жонатан Лукка эса жамоадан кетса керак. 31 ёшли футболчи йил бошида «шерлар» билан 2 йиллик шартнома тузганди. Кутилишича, Лукка билан ҳамкорлик ўзаро келишув асосида тўхтатилади.

«ДИНАМО»

Самарқанд клуби «Сурхон» етакчиларидан бири Дмитрий Плетнёвни ўз томонига оғдирмоқчи. Россиялик футболчи ҳам «Динамо» таклифини қабул қилишга мойил. Маълумот учун, 28 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсум Суперлиганинг 10та ўйинида 1та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилди.

«АНДИЖОН»

Кутилишича, «Пахтакор»нинг икки нафар ярим ҳимоячиси - Саидумар Саиднуруллаев ва Муҳаммадали Усмонов Суперлига иккинчи даврасини Максим Шацких бош­қарувида бошлашади. Ҳар икки футболчи Андижонда туғилган. 20 ёшли вингер Усмонов 2023 йилдан буён «Пахтакор» сафида жами 25 марта майдонга тушиб, 4та гол ва 1та ассист қайд этган. Англиянинг «КПР» клуби кузатувида тургани айтилган Саиднуруллаев ҳам 2023 йили «шерлар» таркибига қўшилган: жами 14та ўйин, 2та гол ва 1та самарали узатма. 

«ҚИЗИЛҚУМ»

Ёзги трансферлар ойнаси очилмасидан Навоий клубидан кетган Элгужа Лобжанидзе фаолиятини Қозоғистонда давом эттиради. Йил бошида «Қизилқум» билан шартномаси муддатини узайтирган грузиялик ҳужумчи оилавий муаммолари сабабли кетганди. Маълум бўлишича, футболчи ҚПЛ иштирокчиси «Женис» сафини тўлдирди. Элгужа «Қизилқум»нинг Суперлигадаги 7та ўйинида 3та гол урганини айтиш керак. Унинг трансфери 250 минг еврога баҳоланмоқда. 

«МАШЪАЛ» 

Муборакликлар 30 ёшли ҳужумчи Шоҳназар Норбеков билан хайрлашди. Жорий мавсум бошида таклиф этилган футболчи Суперлига доирасидаги 7та ўйинда майдонга тушди, аммо бирорта гол уролмади. 

«ҚЎҚОН-1912»

Қўқонликлар «Насаф» марказий ярим ҳимоячиси Жавоҳир Сиддиқовни ортга қайтармоқчилар. Хабарларга қараганда, Қаршида етарли амалиётсиз қолаётган (8та ўйинда атиги 380 дақиқа ҳаракат) 28 ёшли футболчи ҳам бошқа клублар таклифларини кўриб чиқишга тайёр. «Қўқон-1912» шунингдек, «Пахтакор» ҳимоячиси Муҳаммадқодир Ҳамроалиевга бефарқ эмас. Тўғри, «шерлар» 23 ёшли футболчини қўйиб юбормоқчи эмаслар. Жорий мавсум Тошкент жамоасининг атиги 8та ўйинида қатнашган Ҳамроалиевнинг трансфери 500 минг еврога баҳоланмоқда transfermarkt портали томонидан. 

«ХОРАЗМ»

Ҳаким Фузайлов ҳам Муҳаммадқодир Ҳамроалиев («Пахтакор»)ни ўз сафида кўрмоқчи. Бироқ «Хоразм»нинг 23 ёшли ҳимоячи трансферини амалга ошириши қийин масала. Чунки «Пахтакор» ундан айрилиш ҳақида ўйлаётгани йўқ. 

«ОЛИМПИК MOBIUZ» 

Про лига  иштирокчиси Дилшод Муртазоев билан ижара шартномасини расмийлаштирди. Шоядбек Равшанов эса жамоадан кетди. Унинг шартномаси ўзаро келишув асосида бекор қилинди.

«Суперлига ва Про лига регламенти»га кўра, клублар 30 июлгача давом этадиган ёзги трансферлар вақтида 6 нафар янги футболчи (бири дарвозабон) билан шартнома тузиши мумкин. Бунда жамоа сафига ижара келишуви асосида қўшилган футболчи ҳам янги ҳисобланади. 2003 йилдан кейин туғилган футболчилар ва 2002 йилдан кейин туғилган дарвозабонларни эса лимитдан ташқари рўйхатга киритиш мумкин.

Related to this topic: