Search

Федерико Вальверде: «Баъзан «Реал»да сардор ва асосий ўйинчилардан бири эканлигимга ишонишим ҳам қийин»

«Реал»нинг уругвайлик ҳимоячиси Федерико Вальверде одатда журналистлар билан мулоқотга киришишни унча хушламайди. Real Madrid TV телеканали ижодкорлари эса навбатдаги машғулотлардан сўнг жамоа сардорларидан бирини қисқа интервью беришга кўндира олишди. Феде шу тариқа Хаби Алонсо қўл остидаги иш жараёнига тўхталди, яна Ла Лига старти юзасидан фикр билдирди.

Мавсум старти

- Ҳозир ҳар доимгидек бағоят хурсандман. Ахир Ла Лиганинг янги мавсуми бошланди. Оддий айтганда, яна «Мадрид» либосида майдонга тушиш, шундай буюк клуб шарафини ҳимоя қилиш имконияти туғилди. Айтишим керак, менда «Реал» билан соврин ютиш иштиёқи ҳар қачонгидан-да юқори. Демак, жамоа муваффақияти йўлида бор куч-салоҳиятимни кўрсатишга тайёрман. Барча йигитлар таътил пайти ҳам қаттиқ шуғулланишгани, клуб ихтиёрига имкон қадар оптимал спорт формасида қайтишга ҳаракат қилишгани яққол сезилиб турибди. Ўйлайманки, яхши тайёргарлик кутилмаган жароҳатлар олдини олиш ва мавсум бошидан яхши ўйнашга ёрдам беради, албатта.

Алонсо қўл остидаги 

машғулотлар

- Ҳозир ҳар бир машғулотдан максимал даражада фойдаланишимиз шарт. Чунки олдинда узоқ масофа кутиб турибди ва бутун мавсумни бир маром, юқори тезликда босиб ўтиш учун етарли «ёқилғи» тўплашимиз муҳим. Шундай экан, бор куч ва эътиборимизни мураббий талабини бажаришга қаратганимиз маъқул. Алонсо қўл остида асосан тактика, прессинг, уюшқоқлик, тўпни ушлаб туриш ва ўзаро тушуниб ҳаракатланиш устида ишлаяпмиз. Шунингдек, ҳимоя ва ҳужумда бирдек самарали тўп суриш қобилиятини ҳам ошир­япмиз. Ҳа, таркибда янги йигитлар бор, муҳими, ҳаммамиз улар ўзларини эркин ҳис қилишлари учун қўлдан келганича ёрдам беряпмиз.

Сардорлик боғичи 

- Такрорлайман, яна «Реал» футболкасини кийиш имконияти туғилганидан хурсандман, жамоа сардорлари қаторидан жой олганим эса ўзгача ғурур бағишламоқда, албатта. Энг қувонарли томони, футболдаги натижаларимдан оилам ҳам бахтиёр, яқинларим ҳар куни мени машғулотларга хушкайфиятда жўнатишади. Тўғриси, баъзида «Реал» сардорларидан бири ва жамоанинг асосий футболчилари қаторида эканлигимга ҳам ишонишим қийин бўляпти. Бу ерда ҳар бир дақиқадан худди сўнггисидек завқланиш муҳим. Менимча, шу кунга қадар қўлга киритган ютуқларим футболга меҳр қўйиб, у билан шуғуллана бошлаган ҳар бир болакайда ҳавас уйғотса керак. Оддий ифода этганда, бу - орзунинг ушалиши...

Манба: fondoruso.ru, МУҲАММАДХОН тайёрлади

Related to this topic: