Баъзан клублар тўғридан-тўғри трансферларни амалга оширмайдилар, футболчиларни алмашиб қўя қоладилар. Гоҳида алмашув қўшимча тўловсиз юз бериши, гоҳо клублар айёрлик ишлатиб, бир-бирларидан бошқа ўйинчиларни харид қилиш билан МФП қоидасини четлаб ўтишлари мумкин. Навбатдаги ҳикоямиз футбол оламидаги қизиқарли алмашувлар ҳақида.
11. Франческо Коко ва Кларенс Зеедорф
Зеедорф 3та турли жамоа билан 4та ЕЧЛ кубогини қўлга киритгани барчага маълум. 2002 йилда у «Интер» сафида тўп сурган, ўшанда жамоа ҳайратомуз қарорга келиб, нидерландиялик футболчини «Милан»нинг италиялик чап қанот ҳимоячиси Франческо Кокога алиштирганди. Коко «Интер»да муваффақиятга эриша олмай, 30 ёшида бутсаларини михга илди, Кларенс эса «Милан» билан яна 2та нуфузли соврин соҳибига айланди.
10. Диего Симеоне ва Кристиан Вьери
Италия клублари алмашиш бўйича чалкашган келишувларни хуш кўрадилар. Уларнинг бири «А» Сериядаги икки қаҳрамон - Диего Симеоне ва Кристиан Вьерилар иштирокида бўлиб ўтганди. Улар 1999 йил ёзида «Лацио» ва «Интер»га қарама-қарши йўналишда йўл олишганди. Бироқ бу тўғридан-тўғри келишув эмасди. «Интер» римликларга 48,5 млн. доллар тўлади, Бобо Вьери эса фаолиятининг энг сермаҳсул ва барқарор даврини ўтказди. У «А» Сериянинг 143та учрашувида 103та гол урди, лекин қандайдир сабабга кўра, 6 мавсумда фақат битта Италия Кубогига сазовор бўлди. Симеоне эса 1999|2000 йиллар мавсумида «Лацио» билан Скудетто соҳибига айланди. Бундан дарғазаб бўлган Вьери Нестани «Интер»га ўтишга кўндирмоқчи бўлди. Бироқ миланликлар Алессандро баҳосини қиммат дейишди.
9. Диего Милито, Тиаго Мотта ва Леонардо Бонуччи
Самуэль Это~Онинг «Барселона»дан ўтиши 2009|2010 йиллар мавсумида «Интер»ни треблга эришадиган жамоага айлантириш ниятида бўлган Жозе Моуриньо учун ҳаётий аҳамиятга эга воқеа бўлганди. Мазкур келишувга ҳикоямиз сўнгида қайтамиз. Ҳозир эса Милито ва Моттанинг Генуядан кетишига, Леонардо Бонуччининг Роберт Аквафреска, Франческо Больцони, Риккардо Меджорини ва Иван Фатичлар билан «Женоа»га йўл олишига сабабчи бўлган кулгили чалкаш ўтишга тўхталиб ўтамиз. Келишув тафсилотларини тушунтириш жуда қийин, факт шуки, у «Милан»га жуда қўл келди. Чунки жамоа Италия Кубоги, «А» Серия ва ЕЧЛда ғолиб чиқди. «Женоа» эса келиши билан «Бари»га сотиб юборилган Бонуччининг ўйинидан завқ олишга ҳам улгурмади.
8. Жулио Баптиста ва Хосе Антонио Рейес
Ҳозирда ёруғ дунёни тарк этган Рейес 2006 йилда «Арсенал»даги икки унутилмас мавсумдан кейин Испанияга қайтгач, бир мавсумни «Реал»да ўтказиб, 7та гол, 4та ассист ва Ла Лига ғолибига айланганди. Жулио Баптиста эса Лондоннинг шимолида «тўпчилар» учун 10та гол ва 4та ассистни амалга оширган бўлсада, бирорта совринга эга бўлмади. Кейинги йил ёзида бу футболчилар Мадридда тўп суришди: Баптиста «Реал»га, Рейес эса «Атлетико»га қайтишди.
7. Эшли Коул ва Вильям Галлас
Коул АПЛда «Челси»дан кўра «Арсенал» билан кўпроқ совринларга сазовор бўлганига ишониш қийин. Таажжубки, узоқ вақт Англия терма жамоасида тўп сурган чап қанот ҳимоячиси «Стэмфорд Бриж»даги 8 йил ичида атиги битта чемпионликка эришганди. Бироқ бу рўйхатни ЕЛ, Лига Кубоги ва Англия Кубоги билан тўлдириб қўйишни ҳам унутмаганди. Галлас «Эмирейтс»да ҳеч нарсага эриша олмаганини гапириш ортиқча. Франциялик ўйинчига қўшимча равишда, «Арсенал» ўшанда 5 млн. фунтга эга бўлганди.
6. Рикарду Куарежма ва Деку
«Барселона»даги омадсизликдан кейин Куарежма ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби бўлмиш «Порту» билан шартнома имзолаш ниятида Португалияга қайтганди. Ўзининг юлдузлик ролини якунлаган Деку эса, Моуриньонинг унутилмас клубидан қарама-қарши йўналишда сафарга отланиб, 2006 йилда Каталония гранди билан нуфузли турнирдаги ғалабани такрорлади. Якунда «Порту» Куарежмага қўшимча равишда 15 млн. еврога эга бўлди. Деку эса ҳозир Каталония клуби мутасаддиларидан бири.
5. Алексис Санчес ва Генрих Мхитарян
«МЮ»даги тақдимот маросимида чилилик футболчи пианино чалган, кейин майдонда шунчаки, бўшашиб қолганди. Арманистонлик касбдоши эса «Арсенал» мухлисларини лол қолдира олмади. Лекин Генрих АПЛ унинг чемпионати эмаслигини ўз вақтида англаб олди ва якунда топларга хос ўйинни намойиш этди. Молиявий ҳисоботларга ишонадиган бўлсак, келишув пул ўтказишларсиз амалга оширилган, ўйинчилар тахминан 35 млн. фунтга баҳоланган эдилар.
4. Луис Гарсия ва
Фернандо Торрес
Гарсия «Ливерпул»ни тарк этиб, «Атлетико»га йўл олганида, Фернандо Торрес унинг ўрнини тўлдириш учун келганди. Ўшанда «қизиллар» мадридликларга қўшимча 21,5 млн. фунт стерлинг беришганди. Мерсисайддаги даврида Торрес бирорта соврин олмаган бўлсада, АПЛдаги энг хавфли ҳужумчига айланди ва совринларни «Челси»да қўлга киритди.
3. Давид Луис ва Неманья Матич
Таажжубки, «Стэмфорд Бриж»да ёнма-ён тўп сурган икки футболчи бир куни қарама-қарши томонга йўл олганди. Бироқ 2011 йилда «Челси» аввалига «Бенфика»дан Луисни харид қилганида, навқирон Матични келишувга қўшимча сифатида олганди. Бразилиялик ҳимоячи «кўклар»га ЕЧЛда ғалаба қозонишларига, шунингдек, икки мартадан ЕЛ ва Англия Кубоги турнирларида ғолиб чиқишларига ва битта АПЛ чемпиони унвонини қўлга киритишларига ёрдам берганди. Матич эса 2014 йилда «Челси»га қайтиб, жамоа билан фақат ички совринларни қўлга киритган.
2. Миралем Пьянич ва Артур
Бразилиялик футболчи техник жиҳатдан «Барселона»нинг Неймардан кейинги энг қиммат сотуви ҳисобланади. У 80 млн. евро эвазига «Ювентус»га йўл олган бўлса, Пьянич энг қиммат харидлар рўйхатидан жой олган, у учун туринликларга 60 млн. евро берилган. Ҳозирда Миралем эркин агент мақомида, яқинда ЦСКАни тарк этди. Артур эса ҳамон «Ювентус»да, лекин унинг вазияти омонат - доимо ижарада юради. Иккала клуб молиявий ҳисоботни яхшилаш ва МФПни четлаб ўтиш мақсадида ўйинчилар учун бир-бирларига пул тўлашган.
1. Златан Ибрагимович ва Самуэль Это~О
Это~О «Интер» сафида «А» Серия ва ЕЧЛда ғолиб чиққан, Ибрагимович эса «Барса» билан 46та ўйиндаги 22та гол эвазига дастлабки ва ягона чемпионлигига эришганди. Кейин у «А» Серияга қайтиб, аввалига ижара асосида «Милан» билан шартнома имзолаганди. Ўшанда «Барса» швециялик ҳужумчи учун 49,5 млн. евро тўлаб, келишувга «Анжи»нинг бўлажак ўйинчисини қўшиб қўйганди. Аслида, Златан Каталония клубида топ даражасига чиқиши ҳам мумкин эди. Бироқ Месси ва унинг шериклари билан тил топиша олмаганди.
Манба: soccer.ru, Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади