ЎФФ юртимизда футзал тараққиётини янги даражага олиб чиқиш йўлида мудом изланишда. Мана, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси III Осиё ёшлар ўйинларида чакки иштирок этмади. Нодир Элибоев бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси эса VI Ислом бирдамлик ўйинларида бронза медалини қўлга киритди.
***
ЎФФ Ижроия қўмитасининг махсус йиғилишида ўсмирлар терма жамоасининг III Осиё ёшлар ўйинларидаги иштироки ҳамда келгуси режалар муҳокама қилинди. Ташкилот президенти Бекзод Маматқулов Баҳрайн-2025 мусобақаси ўсмирлар термаси учун илк расмий халқаро мусобақа ва катта тажриба мактаби бўлгани таъкидлади. Айтиш керак, ЎФФнинг «Мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш Регламенти»да Олий лига жамоалари камида бир нафар 2009 йили ва ундан кейин туғилган футзалчини қайдномага киритиши шартлиги белгиланган. ЎФФ раҳбари ўз сўзида Тошкентда меҳмон бўладиган 2029 йилги Осиё ёшлар ўйинларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш зарурлигини уқтирди. Якунда ёшлар термаси бош мураббийи Константин Свиридов олдига Баҳрайн-2025да иштирок этган ўсмирлар жамоаси негизида янги таркиб шакллантириш вазифаси қўйилди. Мураббийлар штаби кейинги йилнинг биринчи чорагидан 2013 йил ва ундан кейин туғилган истеъдодларни саралашга киришади. Ўсмирлар термаси бош мураббийи Дилшод Раҳматов шартномаси муддати якунланганлиги боис, у билан ҳамкорлик тўхтатилди.
***
ОФК ташаббуси билан ўтган ой Куала-Лумпур шаҳрида футзал мураббийлари салоҳиятини янада оширишга қаратилган 5 кунлик ўқув-машғулотлар семинари ташкил этилди. Унда ЎФФ номидан ОФК йўриқчиси, «Нефтчи» бош мураббийи Фаррух Зокиров иштирок этди. Тадбир давомида қатнашчилар назарий ва амалий машғулотлар орқали ўз малакаларини оширишди. Улар шунингдек, «ўйин ўтиш босқичлари», «индивидуал техника» ва «маълумот йиғиш» мавзуларида тақдимотлар тайёрлашди. Семинар якунида номзодлар «Ўйин қоидалари» ва «Тутор компетециялари» бўйича имтиҳон топширишди. Натижалар тингловчилар ўз минтақаларида AFC Futsal Level 1 курсларини юқори савияда ўтказишга тайёр эканликларини кўрсатди.
***
VI Ислом бирдамлик ўйинларида бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. ЎФФ президенти Бекзод Маматқулов Саудия Арабистони пойтахти - Ар-Риёдда ўтган мусобақада муваффақиятли қатнашган жамоа аъзолари билан учрашувда спорт соҳасидаги ютуқлар замирида шахсан Президентимизнинг катта эътибори ҳамда ғамхўрлиги беқиёс ўрин тутаётганини қайд этди: «Куни кеча муҳтарам Президентимиз «Янги Тошкент» стадионига тамал тоши қўяр экан, бу мажмуа эртанги ғалабаларимизга асос бўлиши, ёшлар учун илҳом, халқимиз учун ифтихор рамзларидан бирига айланишини таъкидлади. Албатта, бундай эътибор, ғамхўрликларга халқаро майдонлардаги зафарли юришлар, ютуқлар билан муносиб жавоб қайтариш лозим. Айниқса, жамоавий спорт турларида қўлга киритиладиган ғалабалар ғоят қадрлидир. Чунки барчаси катта меҳнат, ҳамжиҳатлик, спортчилар бирлиги ва фидойилигининг юқори намунасидир. Барчангизни бронза медали билан яна бир бор табриклайман», - деди Бекзод Маматқулов. Учрашувда қатнашган ЎФА президенти маслаҳатчиси Аваз Азизхўжаев Ислом бирдамлик ўйинларида қўлга киритилган бронза медалини ҳали ташкил этилганига 1 йил ҳам бўлмаган ЎФФнинг улкан муваффақияти сифатида эътироф этди. Тадбирда жамоа бош мураббийи Нодир Элибоев ҳамда сардори Машраб Одилов сўзга чиқиб, Ислом бирдамлик ўйинларида иштирок этиш имконияти ва билдирилган ишонч учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Спорт вазирлиги, МОҚ ҳамда ЎФФга миннатдорлик изҳор қилдилар. Учрашув якунида Ислом бирдамлик ўйинларида муносиб иштирок этган терма жамоа аъзолари ЎФФ томонидан тақдирланишди. Жамоа аъзолари эса ЎФФ президентига Ислом бирдамлиги ўйинлари бронза медалини топширишди.
***
ЎФФ Тартиб-интизом қўмитаси йиғилишида эса Олий лига 4-турига дахлдор 3та масала кўриб чиқилди:
ОКМК — «Локомотив». 33-дақиқада рақибининг белига тирсаги билан зарба бергани учун қизил карточка олган Самуэль Рибейро Коста (ОКМК) 3та ўйинга дисквалификация қилинди ва 1 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.
«Бунёдкор» — Oil Star. 4-дақиқада иккинчи ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка олган Жасур Содиқов («Бунёдкор» мураббийи) 3та ўйинга дисквалификация қилинди.
«Максам-Чирчиқ». Расман огоҳлантирилганига қарамай, 4-турда ҳам Регламент талабларини бажармаган (тур ўйинларида ўз шифокорисиз иштирок этган, ижтимоий тармоқларда ўйинларини ёритиб бормаган) «Максам-Чирчиқ» 5 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.