Search

Ги Киала: "Футболда сармоясиз яхши натижаларга эришиш қийин"

Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги саралаш босқичи «F» гуруҳидан ўрин олган ўйинлар Тошкентда ўтказилди. Йўлланма учун асосий даъвогар бўлган Непал терма жамоаси билан дуранг қайд этдик - 3:3. Пеналтилар сериясида эса омад Котрине Кулбите шогирдларига кулиб боқди - 4:2. Ана шу ҳал қилувчи ўйин олдидан Непалнинг The Katmandu Post нашри мухбири Наяк Паудель юртимиз футболи ҳақида мақола тайёрлади. Шунингдек, ЎФА техник директори сифатида ишлаётган бельгиялик мутахассис Ги Киала билан ҳам суҳбатлашди. Биз ҳам футболимизнинг бош ташкилотида фаолият юритаётган мутахассиснинг сўзларини ҳавола этишни маъқул топдик.

«Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Париж-2024 Олимпиадасида дебют қилди. Бош жамоаси эса ЖЧ-2026га илк бор йўлланма олди. Бу ютуқлар давлат сармоясининг бутун футбол тизимидаги таъсирини намоён этмоқда. Янги замонавий инфратузилма, ёшлар академиялари ва мутахассислар аёллар дастурига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сармоясиз футболда яхши натижаларга эришиш қийин», — деб гап бошлади бельгиялик мутахассис.

Ўзбекистон футболида илк бор Олимпиада ва жаҳон чемпионати йўлланмалари айнан Киала ушбу лавозимга тайинланган даврда (2024 йилнинг февралида тайинланган) қўлга киритилди.

«Жаҳон чемпионатига чиқиш осон эмас — сиз бошқалардан яхшироқ бўлишингиз керак. Бу натижалар узоқ йиллик меҳнат ва инсон ресурсларига сармоянинг самарасидир», — деди Киала.

Ўзбек футболининг тарихи 100 йилдан ортиқ давом этади. СССР тарқалгандан сўнг, 1990-йиллардаёқ аёллар терма жамоаси ташкил қилинди. Бу ислом анъаналари устун бўлган жамият учун катта қадам эди.

Непал ва Ўзбекистон аёллар терма жамоалари илк бор 1999 йилда Филиппинда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида тўқнаш келишган. 16 ноябрь куни Пема Долма Лама Непал тарихидаги илк халқаро голни айнан Ўзбекистон дарвозасига урган. Лекин ўйин 1:6 ҳисобидаги мағлубият билан якунланганди.

«Ўзбекистонда аёллар футболида ҳануз жинсий стереотиплар бор. Аммо вақт ўтиши билан бунга муносабат ўзгармоқда», — деди Киала.

«Пахтакор» клуби — мамлакат футбол маданиятининг асосий таянчи. У Совет Иттифоқи даврида юқори лигада ўйнаган ягона жамоа бўлган.

«Ўзбекистонда кўплаб кучли эркаклар клублари бор. Улар футбол маданиятини тирик сақлаяпти. Ҳозир ЎФА аёллар футболини ҳам шу йўлда ривожлантирмоқчи», — деди Киала.

Мамлакат 14та ҳудудга бўлинган. Ҳар бирида давлат томонидан молиялаштириладиган футбол академияси мавжуд бўлиб, уларда 154 нафардан футболчи таҳсил олади.

«Ҳар бир академияда 21 нафардан мураббий, шунингдек, спорт директорлари, скаутлар, аналитиклар, шифокорлар ва дарвозабон мураббийлари бор», — деди Киала.

Академиялар футбол таълимидан ташқари ўқув ва шахсий ривожланиш ҳаражатларини ҳам қоплайди.

«Ҳар бир ўқувчи профессионал бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун биз уларга бошқа соҳалар учун ҳам ҳаёт кўникмалари берамиз».

Янги марказий академия сентябрдан фаолият бошлайди. Бу ерга ҳудудий академиялардан сараланган 154 нафар энг яхши ёш футболчи жамланади.

Марказда 8та машғулот майдони, футзал ва ёпиқ футбол майдонлари, меҳмонхона ва тиббиёт маркази бор.

«Техник департаментимиз августда шу ерга кўчиб ўтади. Бу тузилма бизга дунё аренасида доимий иштирокчи бўлиш имконини беради».

Киалага кўра, Олимпиада ва жаҳон чемпионатига чиқаётган Ўзбекистонга энди хусусий сармоядорлар ҳам қизиқиш билдира бошлаган.

«Сармоядорларни жалб қилиш учун дастлаб давлат жамоага ишониш керак. Бу фақат иқтисодий эмас, ижтимоий лойиҳа сифатида кўрилиши зарур».

УЕФА инструктори Киала мамлакатда 64тадан ортиқ УЕФА про-лицензияли мураббий борлигини маълум қилди.

«Яна 20 нафари тайёрланмоқда. Энди ҳар йили 2та ўринни аёллар мураббийлар учун ажратамиз».

ЎФА аёллар жамоаси учун 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпиадаси ва Осиё Кубоги ор­қали ЖЧга йўл олишни мақсад қилган.

Тошкентдаги стадионлар ҳар куни машғулотлар ва ўйинлар билан тўла. Ота-оналар кечқурун фарзандларини майдонларга олиб келиб, спорт орқали фаол ва интизомли ҳаётга ундашмоқда.

Манба: www.kathmandupost.com

Related to this topic: