Search

Легионерлар. Гол уришдан тўхтама, Элдор!

Англия. «Манчестер Сити» 29 октябрь куни Лига кубоги 1|8 финалида «Суонси» меҳмони бўлиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ушбу ўйинда жароҳатдан ке­йин ниҳоят, сафга қайт­ди. «Сити»нинг бошланғич таркибидан жой олган 21 ёшли легионеримиз 63-дақиқагача марказий ҳимоя-да ҳаракатланди ва Sofascore порталидан 6,1 балл олди. Бироқ Ҳусанов АПЛ 11-тури доирасидаги «Борнмут» билан ўйин (3:0) қайдномасидан четда қолди. Mail Sport нашрининг журналисти Жек Гоуэннинг ёзишича, ҳамюртимиз тактик сабабларга кўра, рўйхатга киритилмаган. «Манчестер Сити» афсоналаридан бири Ричард Данннинг фикрича, Абдуқодир ҳамон мослашиш жараёнида: «Айрим футболчилар янги муҳитга тезда мослашишса, баъзилари кўпроқ вақт сарфлашади. Менимча, Ҳусанов ҳали ҳам АПЛ суръатидан бироз ҳайратда. Аслида у жуда тез, лекин баъзан қарор қабул қилишда шошилиб, хатоларга йўл қўймоқда. Ўйлайманки, у тажрибасини ошириш асносида бу жиҳатларни тўғрилайди. Ҳа, «Сити» ҳозир олдингидек мутлақ ҳукм­рон эмас, шунинг учун ёш ҳимоячиларга кўпроқ имконият бериш номақбулдек. Лекин ишончим комил, Абдуқодир мавсум давомида етарлича ўйинларда қатнашиб, тажриба орттиради. Ахир у машғулотларда жаҳон даражасидаги футболчилар билан ишламоқда. Йигитча дунёдаги энг кучли клублардан бирида дарҳол асосий таркибга кириш қийинлигини тушуниши ва сабрли бўлиши керак. Асосийси, у яхши ҳимоячи бўлиш учун зарур барча жисмоний хислатларга эга. Менимча, Ҳусановни келажак учун сотиб олишган ва у ҳали элита даражага етмаган бўлса-да, сезиларли ўсишга эришмоқда». «Манчестер Сити»нинг мисрлик вингери Омар Мармуш эса Абдуқодир Ҳусановни яна бир марта жамоадаги энг тезкор футболчи сифатида эътироф этди. «Сити»да энг тезкор футболчи ким? Ҳусанов! Менда ҳам тезлик ёмон эмас, лекин Ҳусанов бу борада яхшироқ», - деди Мармуш.

Туркия. Элдор Шомуродов Суперлигада тобора маҳсулдорликни оширмоқда. Миллий жамоамиз сардори бу сафар «Кожалиспор» дарвозасини 90+1-дақиқада пенальти воситасида нишонга олиб, «Истанбул Башекшеҳир» ғалабасини таъминлади - 1:0. Умуман, Элдор охирги 4та ўйинда рақиблар дарвозасини 4 марта нишонга олди. 30 ёшли легионеримиз шу билан чемпионатдаги голлари сонини 7тага етказиб, тўпурарлар пойгаси пешқадами Пол Онуачу («Трабзонспор») билан тенглашди. Аббос Файзуллаев ҳамон четда қолаётган бўлса, «Ризе­спор» ҳимоячиси Асрор Алиқулов ниҳоят, майдонга қайтди. Ўзбекистон миллий жамоаси вакили Туркия кубоги учинчи раундида «Каракупру»га қарши кечган сафар ўйинида тўлиқ вақт тўп суриб, 3:0 ҳисобидаги ғалабага ҳисса қўшди. Ризеликлар чемпионат ўйинини эса кеча ўтказишди («Фотиҳ Қорагюмрюк»ка қарши).

Эрон. «Истиқлол» яна бир ишончли ғалаба қайд этди. Аниқроқ айтсак, чемпионатнинг 9-турида «Алюминиум Арак»ни қабул қилган Теҳрон клуби 3:1 ҳисобида устун келди. Жамоа ҳимоячиси Рустам Ашурматов бу сафар майдонда 86 дақиқа ўйнади ва захирага олинишидан олдинроқ сариқ карточка олди. «Персеполис» ярим ҳимоячиси Остон Ўруновнинг ишлари эса унча яхши эмас. Дейлик, жамоа бош мураббийи Осмар Виейра ҳам­юртимизни яна бир бора танқид остига олди. «Ўрунов охирги 2 йилга нисбатан пасайиб қолди. Ҳозир уни умуман таниёлмаяпман. Агар «Персеполис»да асосий футболчилар қаторига қайтишни истаса, аввалги спорт формасини тезроқ тиклаши шарт», - дея бразилиялик 50 ёшли мутахассис сўзлари келтирилди Uzbekistan Legionaries каналида. 

БАА. «Ўзбекча дерби» («Бани Яс» - «Дибба Ал-Фужайра») 2:2 ҳисоби билан якунланди. Мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров тўлиқ вақт давомида тўп суриб, биринчи голга ассистлик қилган бўлса, Акмал Мозговой 71-дақиқада захирадан сафга қўшилди. Меҳмон жамоа вакили Абдулла Абдуллаев эса тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди.

 

Related to this topic: