ЎФА таклифига кўра, ФИФА президенти Жанни Инфантино юртимизга ташриф буюрди. Жаҳон футболи бош ташкилоти делегациясини Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва расмийлар кутиб олишди. ФИФА раҳбари навбатдаги ташрифи давомида жумладан, Юртбошимиз қабулида бўлди ва CAFA Nations Cup 2025 финалини бевосита стадионда кузатиб, якунда тақдирлаш маросимида ҳам қатнашди.
ФИФА делегацияси Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини кўздан кечирди. 2 йил олдин ҳам Жанни Инфантино ушбу ҳудудда бўлиб, марказ қурилишига рамзий ғишт қўйган ва лойиҳалар билан танишганди. Бу сафарги ташриф давомида меҳмонларга марказ имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Эндиликда бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа шуғулланиши мумкин. Марказда замонавий стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари ва меҳмонхона футболчилар ихтиёрида. Спорт тиббиёти марказида бассейн, машғулот зали ва реабилитация бўлимлари ташкил этилган. Жароҳатлар олдини олиш ҳамда футболчилар қисқа фурсатда тикланишлари учун хорижий ускуналар олиб келинган, илғор услублар жорий этилган. ФИФА делегация Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, VAR, терма жамоалар тайёргарлик бўлими ва Республика футбол академияси фаолияти билан ҳам танишди. Жанни Инфантино шу ерда Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари билан учрашиб, уларни ЖЧ-2026 йўлланмаси билан табриклади: «Аввало, сизларни тарихий натижа билан қутлайман. Бу ютуқ мамлакатингизда спорт ва футболга берилаётган эътибор самарасидир. Футболингиз узоқ ва шарафли йўлни босиб ўтаётгани меваси ҳам. Олдингизда шарафли вазифа турибди — ЖЧда муносиб иштирок этиши. Сизлар миллионлаб мухлисларга қувонч улашяпсиз. Ишонаманки, мундиалда бутун дунё яна бир бор Ўзбекистон футболи салоҳиятига гувоҳ бўлади», - деди Инфантино. Умуман, ФИФА делегацияси марказ инфратузилмасига юксак баҳо бериб, бу ерда Ўзбекистон терма жамоаларининг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши мумкинлигини таъкидлади.
Жанни Инфантино шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда бошқа расмийлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида барпо этилган Олимпия шаҳарчасида бўлди. 2022 йилнинг 9 ноябрида қурилиши бошланган Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммаллиги, энергия тежамкорлиги ҳамда энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. 100 гектардан ортиқ майдонда қад ростлаган мазкур мажмуа бир нечта спорт турлари учун мўлжалланган замонавий иншоотларни бирлаштиради. Улар кўп функцияли бўлиб, турли спорт турлари бўйича халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказишга тўлиқ тайёр. ФИФА президенти ўз навбатида ушбу спорт инфратузилмасини юксак баҳолаб, Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва яратилаётган замонавий шароитларни очиқ эътироф этди.
ФИФА раҳбари Жанни Инфантино 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулида бўлди. ФИФА президенти ўзаро суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси ва халқини тарихий воқеа - миллий жамоамиз 2026 йили АҚШда бўладиган жаҳон чемпионати финал босқичига чиққани билан яна бир бора самимий табриклади. У ушбу ҳақли ютуқ мамлакатимизда олиб борилаётган самарали ислоҳотлар, спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ҳар томонлама кўмакнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли халқаро тузилма билан, энг аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, ёш истеъдодларни юзага чиқаришга кўмаклашиш, мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро даражада тайёрлаш борасидаги сермаҳсул ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Футболни биринчи навбатда, ёшлар ўртасида оммалаштириш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди:
ФИФАнинг техник кўмагида замонавий Миллий футбол маркази, шу жумладан, инновацион ечимларни жорий этган ҳолда рақамли футбол бўйича ситуацион марказ ташкил этилди.
Ўтган йили мамлакатимизда футзал бўйича жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилди.
Ўзбекистонда ФИФАнинг йирик мусобақалари ва тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент шаҳрида ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офисини очиш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти миллий футболимизни ривожлантириш ва халқаро майдонда илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси учун ФИФА раҳбари Жанни Инфантинога давлатимизнинг юксак мукофоти - «Дўстлик» орденини топширди. «Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўлидан Ўзбекистоннинг нуфузли «Дўстлик» орденини олиш шарафига муяссар бўлдим, Тошкентда муҳим музокаралар олиб бордик, жумладан, ушбу шаҳарда минтақавий ваколатхона очиш имкониятини самимий қабул қилдим. 2023 йили Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашгандим. Мана, 2 йилда унинг футболга муҳаббати янада кучайганини кўрдим. Албатта, унга миннатдорлик билдирдим, чунки Ўзбекистонда футбол ривожига қаратаётган эътибори, қўллаб-қувватлаши ҳақли равишда катта эътирофга лойиқдир. Эркаклар терма жамоасининг ЖЧга илк бор чиқиши унинг спортдаги етакчилиги ва футболга эътиборини яққол акс эттиради. Шавкат Мирзиёевдан вақт ажратгани, меҳмондўстлиги учун ҳамда ўзбек футболини ривожлантириш, халқаро майдонда тарғиб этишга қўшган ҳиссамни олий давлат мукофоти билан эътироф этгани учун миннатдорман. Унга ва Ўзбекистонга келаси йилги футбол мундиали ва барча спорт ишларида муваффақият тилайман. Спортимизни ўғил-қизларнинг ўз орзуларига эришиш воситасига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларингизда ФИФА ҳамиша сиз билан бирга бўлади», - деди Инфантино.
ФИФА президенти Жанни Инфантино ўзининг расмий саҳифасида ҳам Ўзбекистонга ташрифи, давлатимиз раҳбари билан учрашуви ва CAFA мусобақаси ҳақида пост қолдирди: «Ўзбекистон - ажойиб мамлакат. Сизларни, аввало, жаҳон чемпионати йўлланмаси, қолаверса, Миллий футбол маркази ва Олимпия шаҳарчаси ташкил этилгани билан табриклайман. Ўзбекистон келажакка катта лойиҳалар киритаётган футбол мамлакатидир».