Search

ИНТЕРВЬЮ. Жан Пьеро Гасперини: «Биринчи мақсад – натижа кўрсатиш»

Римнинг «Рома» клуби янги мавсумга янги бош мураббий билан кирашади. Чунончи, аввалги мавсум «бўри­лар»ни яна равон йўлга олиб чиққан тажрибали Клаудио Раньери чемпионат тугаши билан ўз хоҳишига кўра, лавозимидан кетди ва унинг ўрнини бунгача узоқ муддат «Аталанта»ни муваффақиятли тарзда бошқарган яна бир номдор мутахассис Жан Пьеро Гасперини эгаллади. 6 июнь куни Centro Sportivo Fulvio Bernardini мажмуасида махсус таништирув маросими ташкил этилди ва журналистлар тадбир якунида «бўрилар»нинг янги йўлбошчисига бир қатор саволлар билан юзланишди.

- Жамоа раҳбарияти сиздан аввало, нималарни талаб қилмоқда? Умуман, «Рома» таклифини қабул қилишдан олдин кимлар билан маслаҳатлашдингиз?

- Римга келишга қадар Клау­дио Раньери билан жамоа истиқболи юзасидан атрофлича фикр алмашдик. Узоқ давом этган суҳбатда сўнгги йилларда кузатилган кўтарилиш ва пасайишлар, ижобий ҳамда салбий натижалар борасида бамайлихотир гаплашдик. Шундан сўнг клуб хўжайинлари билан алоҳида учрашдим. Илк мулоқотдаёқ улар «Рома»ни жонкуярлик билан бошқаришаётганини англадим. Яққол сезилдики, ҳозирги раҳбарият яхшигина сармоя эвазига жамоада рақобатбардошлик даражасини кескин оширмоқчи. Мақсад, вазифа ва режалар ҳам шунга яраша катта. Ҳар ҳолда, амбициялар римликлар билан шартнома тузишим учун етарли бўлди. Саволингизнинг биринчи қисмига келсак, бундай клубда нафақат мураббий, балки футболчиларга нисбатан ҳам талаб ҳамиша катта. Албатта, олдимизда турган вазифаларни босқичма-босқич бажариш орқали янги мавсум давомида кенг жамоатчиликда ижобий таассурот қолдиришдан умидвормиз.

- Жамоада сизни хавотирга солаётган жиҳатлар ҳам борми? Эҳтимол, гавжум матбуот хонасига қараб, Рим Бергамо эмаслигини ҳис қилаётгандирсиз... 

- Жамоа бошқарувини қўлга олишимдан аввал Римдаги футбол муҳитини тушунтиришди, бу шаҳарда ҳаммага ёқадиган даражада ишлаш қийинлиги ҳақида огоҳлантиришди. Ҳаммасини ўзим ҳам биламан. Лекин муҳитга ожизона қараш керак эмас, аксинча, ҳаракатчанлик кайфия­ти билан мослашиш талаб этилади. Оддий айтганда, энергия ва кучни тўғри йўналтириш зарур. Жамоа охирги йиллар ўз олдига қўйган вазифаларни бажаришда қи­йинчиликка дуч келган экан, унда нималарнидир ўзгартириш мумкин-ку, тўғрими? Мисол учун, «Наполи» 3 йил ичида икки марта скудетто ютди. Париж эса нафақат сайёҳлик, балки футбол масаласида ҳам Европа пойтахтига айланмоқда. Хуллас, нега энди Римда ҳам шундай муваффақият йўлини изламаслик керак? Шубҳасиз, аввало, мустаҳкам пойдевор қўйиш ҳамда барча масалаларга профессионал тарзда ёндашиш талаб этилади. Тушунаман, Италияда аксарият журналистлар «Рома» натижаларига бефарқ қарашмайди, клубдан ҳамиша юқори натижалар кутишади. Ишонтириб айтаманки, мураббийлардан тортиб, жамоага алоқадор ходимлар юксак марралар сари йўлда журналистлардан кам қайғурмайдилар.

- Мухлислар ишончи, қўллаб-қувватлови ва муҳаббатига қандай эришмоқчисиз?

- Ўйлашимча, тиффозилар билан тил топишишнинг энг қулай йўли - натижа келтириш. Бу борада Раньерининг охирги 23та ўйинда эришган ажойиб ғалабаларидан илҳом олмоқчиман. Зеро, у муваффақият фақат индивидуал жиҳатдан кучли футболчиларга боғлиқ эмаслигини амалда исботлаб берди. Ҳа, албатта, таркибда юқори малакали ижрочилар бўлиши жуда муҳим. Раньери эса захира вакилларидан ҳам оқилона фойдаланди. Натижада жамоадаги барча йигитлар бир-бирларига ёрдам бериш асносида мавсумни юқори нотада якунлашди. Бу - мен ҳимоя қилишим ва амалда қўллаб-қувватлашим зарур саналган энг яхши услуб. Биламан, Римда ҳеч кимга узоқ йиллик режа асосида иш юритиш имкония­ти берилмайди. Яъни бу ерда тезкор натижа кутишади, демак, мураббийдан ўзига хос прагматик бўлиш талаб этилади. Умидворманки, мухлислар рақибларга қандай жанг таклиф этишимизни кўриб, жамоа ҳамда ўйин услубимизга ижобий муносабатда бўлишади. Зеро, зиммамга юклатилган асосий вазифа айнан натижани таъминлашдир.

- Раньери сизни баъзи футболчиларни мутлақо ўзгартира оладиган мураббий сифатида таърифлади. Айтинг­чи, дейлик, Пауло Дибалага боғлиқ қандайдир режаларингиз борми?

- Йўқ, Дибалани ўзгартириш шарт эмас. Ахир у нималарга қодирлигини аллақачон исботлаб улгурган. Ҳозир мен учун энг асосийси - Пауло ва бошқа футболчилар таътилдан соғ-саломат, кутилган спорт формасида қайтишлари. Шунингдек, барча йигитларда жамоавий ғоя бўлиши, ҳамма бир йўналишда ҳаракатланиши лозим. Албатта, жисмоний тайёргарлик, техник ва тактик ишланмалар орқали барчасини жамоа ўйинига сингдириб борамиз. Бундан ташқари, индивидуал маҳорати юқори ижрочиларимизга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирганмиз. Зеро, етакчилар ўзларини кўрсата олишса, бутун жамоа тетиклашади. Фаолиятим мобайнида ҳар доим шундай иш тутганман. Аслида ҳеч бир жамоада нотўғри трансферлар бўлмайди. Шунчаки, айрим футболчилар жамоа ўйинига мос келмасликлари мумкин.

- «Рома» янги мавсумни худди охиргиси каби 5-ўринда якунласа, бундан қониқармидингиз? 

- Менимча, энг яхши натижа - ЧЛга йўл олиш. Тан олиш керак, ҳозирги «Рома» чемпионликка яққол даъвогар саналмайди, менимча. Лекин бемалол ўз олдимизга худди шундай катта вазифа қўйишимиз керак. Имкон қадар ҳар йили халқаро турнирларга йўлланма оладиган барқарор жамоа шакллантириш ҳаракатидамиз. Шунинг баробарида жамоа асосига айланадиган ва келгусида «планка»ни янада юқори кўтаришга ёрдам бера оладиган футболчиларни аниқлаб, уларни таркибда сақлаб қолмоқчимиз. Лойиҳамизнинг яна бир қисми - кейинчалик нисбатан ёш ва салоҳиятли йигитлардан иборат жамоага эга бўлиш.

- Трансферлар бозорида қандай футболчилар билан шартнома тузишни хоҳлайсиз?

- Агар юқори савияли жамоа тузишни истасак, Италия термасига номзод футболчилар ёки халқаро майдонда ўзларини кўрсатган легионерларни жалб этишимиз керак. Аввало, қай даражадаги футболчиларни харид қилишга қурбимиз етишини чамалаб кўрамиз, албатта. Шунингдек, академиядан етишиб чиқаётган истиқболли йигитларни ҳам секин-аста асосий жамоа­га тортмоқчимиз. Қисқаси, таркибда маҳоратли футболчилар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, замонавий футболда муваффақият омили охир-оқибат, жамоавий уюшқоқликка тақаляпти, барибир. Мисол учун, «ПСЖ»ни олайлик: парижликлар бир неча йил давомида мисли кўрилмаган харидларни амалга оширишди, таркибни фантастик ижрочилар билан тўлдиришди, лекин натижачи...? Қаранг, улар Месси, Неймар ва Мбаппедан айрилганларидан сўнг юқори дид ҳамда синчковлик билан жамоавий ўйин услубига ихтисослашган футболчиларни олишди. Шу тариқа тарихий муваффақият қўлга киритилди. Шу ўринда айтишим жоиз, ўтган мавсум Раньери қўл остидаги «Рома» ҳам худди шундай эди.

- Айтингчи, энг яхши сифатларингиз нима ва мураббийликда қайси камчиликларингизни тузатишни хоҳлайсиз?

- Ўзимга баҳо беришим қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмайману, лекин бағоят меҳнаткаш эканлигимни айта оламан. Ҳар кунлик машғулотларда фаол қатнашиш ҳамда шогирдларимнинг қанчалик тириш­-қоқлик билан ишлаётганларини кузатишни ёқтираман. Камчиликларга келсак, баъзида ҳис-туйғуларга хаддан ортиқ берилиб кетаман. Тўғри, ҳар доим ҳам эмас. 

- «Рома»нинг ўйинида қандай ўзгаришларга қўл урмоқчисиз? «Аталанта»да фойдаланган иш услубингиздан воз кечишингиз ҳам мумкинми?

- Ҳозирги кунда футбол ақл бовар қилмас тезликда ривожланмоқда. Шунинг учун ҳеч бир жамоа ёки мураббий муайян нуқтада қолиб кетишни истамайди. Бугунги ўйиннинг энг идеал сценарийси қандай? Айтишим мумкинки, майдонда қўллаб кўриш имкони бор барча услублардан озгина-озгина бўлсада, мукаммал фойдаланиш муҳим. Умуман олганда, кўп қирралилик муваффақиятнинг асосий омили бўлиб қолмоқда.

- Тажрибали мутахассис сифатида Италия футболидаги муаммолар хусусида нима дея оласиз?

- Айни дам Италия футболида бир қатор муаммолар борлиги рост. Айниқса, клубларимиз халқаро майдонда нуфузли соврин ютганига анча бўлди. Масалан, «Аталанта» «А» серия жамоалари учун 25 йиллик танаффусдан сўнг ЕЛда ғалаба қозонди. Ишонинг, муайян турнирда чорак аср совринсиз юриш - бу жуда ёмон кўрсатгич. Ҳа, «Рома» яқинда КЛда ғолиб чиқди, аммо Италия вакиллари 2010 йилдан буён асосий турнир - ЧЛда зафар қучолмаяпти. Балки баъзи эски одатлардан воз кечишимиз ҳамда воқеаларга янгича назар билан қарашимиз керакдир. Зеро, муваффақият сари йўл аллақачон бурилгани аниқ ва менимча, энди биз ҳам янги йўналишда ҳаракатланишимиз даркор.

Манба: asroma.com, Х.ЮСУПОВ тайёрлади