Яқинда якунланган ОФК миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичи масофасида Осиё футболининг чин юлдузлари қатори кўплаб ёш истеъдодлар ўзларини кўрсатишди, максимал даражада порлашди. Хуллас, қитъа футболи энг юқори савияга чиқиш учун улкан салоҳиятга эга иқтидорларни тарбиялашда давом этмоқда. ОФК расмий сайти (AFC.com)да 8 июль куни айнан ортда қолган ЖЧ-2026 саралаши учинчи раунди якуни бўйича «Келажак юлдузи» - NEOM номинацияси ғолибини аниқлаш жараёнига старт берилди. Ҳал қилувчи квалификацион босқичнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга даъвогар 11 нафар номзод қаторида Ўзбекистон миллий жамоасидан икки вакил борлиги эътиборга молиқ. Гап ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ва вингер Аббос Файзуллаев ҳақида кетмоқда. Хўш, сўровда ҳамюртларимизга кимлар рақобат кўрсатишмоқда? Дарвоқе, ОФК «Келажак юлдузи» мақоми учун курашаётган йигитларнинг ҳар бири яқин орада Ли Кан Ин (Ж.Корея) ва Такефуса Кубо (Япония) каби жаҳон миқёсида эътирофга эришишига ишонч билдирди.
Мусаб ал ЖУВАЙР
(Саудия Арабистони) -
22 ёш
Мусаб ал Жувайр тажрибали ижрочиларга тўла Саудия Арабистони миллий жамоаси сафида чинакамига нур соча бошлади бирдан. 22 ёшли ярим ҳимоячи жумладан, Индонезия (1:1) ва Баҳрайн (2:0) термаларига қарши ўйинларда гол муаллифига айланди. Мусаб шунингдек, хитойликлар билан ўйиннинг 90-дақиқасида ўз ҳисобига самарали узатма ёздириб қўйди. Умуман, «Ал-Ҳилол»нинг ёш ярим ҳимоячиси Green Falcons («яшил лочинлар») келажаги сифатида тилга олинмоқда.
Зион СУЗУКИ (Япония) - 22 ёш
«Парма»нинг япониялик дарвозабони Зион Сузуки ҳам клуб футболи, ҳам миллий жамоалар миқёсида жуда таъсирли мавсум ўтказди. Дейлик, «А» сериядек кучли лигада 8та «қуруқ» ўйин тўплади. «Кўк самурайлар» либосида эса 8та ўйиндан 6тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Умуман, ЖЧ саралаши учинчи довонида атиги 2та гол қўйиб юборган Сузуки ўз мамлакати миллий жамоасининг қаторасига 8-марта мундиал чиптасини ютишида катта роль бажарди.
Абдуқодир ҲУСАНОВ (Ўзбекистон) - 21 ёш
2025 йилнинг январь ойида Англия Премьер-лигасида ўйнаган ўзбекистонлик биринчи футболчи сифатида тарихга кирган Абдуқодир Ҳусанов ўз мамлакати миллий жамоасининг илк марта жаҳон чемпионати йўлланмасини ютишига ҳам ёрдам берди. Марказий ҳимоячи учинчи босқич доирасидаги 8та ўйинда иштирок этди ва Ўзбекистон термаси шундан 6тасида ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади. Умуман, Абдуқодир дунё футболида энг кўп тилга олинаётган осиёлик иқтидорлардан бири бўлиб қолмоқда.
Жастин ХЮБНЕР
(Индонезия) - 21 ёш
Яна бир 21 ёшли умидли марказий ҳимоячи. Жастин Хюбнер Индонезия термаси учун ҳақиқий топилмага айланди. Майдонда курашларга дадил қўшилиши ва қўрқмас характери билан ажралиб турган йигитча жамоасининг 6та ўйинида бошланғич таркибдан жой олди. Индонезияликлар эса Жастин иштирок этган учрашувларда 3та ғалаба ва 1та дуранг қайд этишди. Нидерландияда туғилган марказий ҳимоячи айниқса, Саудия Арабистони (2:0) ва Австралия (0:0) терма жамоаларига қарши кечган баҳсларда ҳимояни мустаҳкам ушлашда аллақачон катта кўникма ҳосил қилганини кўрсатди. Айтиш керак, Патрик Клюйверт бошқарувидаги жамоа айнан шу натижалар самараси ўлароқ, жаҳон чемпионати саралашида курашни давом эттириш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Юсуф АМИН (Ироқ) -
21 ёш
Ироқлик вингер ўз мамлакати миллий жамоасининг учинчи босқичдан ўрин олган 8та ўйинида майдонга тушди. Юсуф Аминнинг энг муҳим лаҳзаси сафарда Уммон термасига қарши кечган баҳсга тўғри келди. Саудиянинг «Ал-Ваҳда» клубида тўп сураётган 21 ёшли вингер ўша баҳснинг 36-дақиқасида илк голини нишонлади ва бу «Месопотамия шерлари»га 1:0 ҳисобидаги ғалаба ва бебаҳо 3 очко тортиқ этди.
Ван ЮДОНГ (Хитой) - 18 ёш
Энди 18 ёшни қаршилаган Ван Юдонг Хитой миллий жамоасининг охирги 3та ўйинида қатнашди. Йигитча жумладан, Баҳрайн термасига қарши кечган ўйин (1:0)га қўшиб берилган вақтда хотиржам ҳолда, пенальти тепиш маъулиятини ўз зиммасига олиб, ҳар қандай ҳолатда руҳий мувозанатни сақлаб қолишини кўрсатди. Асосийси, ёш ҳужумчи ўша вазиятда гол уриб, жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади.
Иброҳим ал ҲАССАН (Қатар) - 19 ёш
Элит рўйхатга тушган яна бир ўсмир йигит. Иброҳим ал Ҳассан Қатар миллий жамоаси учун илк голини БАА термаси билан ўйин (1:3)да нишонлади. Унинг дебют голи натижа келтирмаган бўлса, иккинчи муваффақияти ғалабага уланди. Яъни Иброҳим қирғизистонликлар билан бўлган 3-тур ўйинида захирадан майдонга тушиб, 3:1 ҳисобидаги ғалабага салмоқли ҳисса қўшди.
Марселино ФЕРДИНАН (Индонезия) - 20 ёш
Индонезия термаси учинчи босқичдаги биринчи ғалабасини расмийлаштириш учун 6-турни кутишига тўғри келди. Шунда Марселино Фердинан ҳар икки бўлимда 1тадан гол уриб, Саудия Арабистони термаси 2:0 ҳисобида доғда қолдирилишида бош ролни бажарди. 20 ёшли ярим ҳимоячи баҳрайнликлар билан ўйинда эса ассист муаллифига айланди ва мухлислар эътиборини янада кўпроқ ўзига қаратди.
Пэ Жун ХО (Жанубий
Корея) - 21 ёш
Охирги йиллар Ж.Корея миллий жамоаси сафида майдонга тушган энг умидли футболчилардан бири. Пэ Жун жумладан, Қувайт термасига қарши кечган 5-тур ўйинига захирадан қўшилиб, ўзининг иккинчи халқаро голини урди ва корейслар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Асосийси, 21 ёшли йигит саралаш довони давомида 4та голга ассистентлик қилди. Хусусан, Сеулда қувайтликлар билан бўлган ўйинда атиги 4 дақиқа ичида 2та самарали узатма қайд этди.
Аббос ФАЙЗУЛЛАЕВ
(Ўзбекистон) - 21 ёш
Ўзбекистон футболи чинакам юксалишда ва Марказий Осиё мамлакати жамоасидан «Келажак юлдузи» бўлишга номзодлар рўйхатига 2 нафар ёш футболчи киритилгани бежиз эмас. Бинобарин, Аббос Файзуллаев ҳал қилувчи довонда нақ 4та гол урди. Тезкор вингер хусусан, «оғир вазнли» рақиблар - Эрон ва Қатар терма жамоалари дарвозасини нишонга олди. Файзуллаев шунингдек, КХДР термасига қарши ўйинда ғалаба голига муаллифлик қилди, қирғизистонликлар билан иккинчи баҳсда эса 3 очко тақдирига ойдинлик киритган ягона аниқ зарба ҳаммуаллифига айланди.
Ҳариб АБДАЛЛА
(БАА) - 22 ёш
Ўтган мавсум ОЧЛ-2 турнирида «Шабаб Ал-Аҳли» учун гол урган ва якуний ғалабага ҳисса қўшган Ҳариб Абдалланинг БАА миллий жамоасидаги ўйинлари янада жозибадор чиқди. Мамлакат футболининг энг ёрқин жавоҳири ЖЧ-2026 саралаши учинчи раундида NEOM юлдузига даъвогарлар орасида энг сермаҳсули бўлди. Яъни Ҳариб миллий жамоаси либосида 4та гол уришдан ташқари, 3та ассист тўплади. Катта ўйинларда «Гол}пас» тизими бўйича 7 очко - бу 22 ёшли йигит учун ажойиб кўрсаткич, албатта.
Изоҳ: «Келажак юлдузи» - NEOM номинациясида номзодларга овоз бериш жараёни 18 июлгача даъвом этади.
Манба: AFC.com