Сўнгги икки-уч ой ичида султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолиятига тааллуқли ўнлаб илмий-ижодий ҳамда тарихий-бадиий асарларни мутолаа қилишга тўғри келди. Машҳур саркарда ва давлат арбоби ҳақидаги мазкур китоб-ларнинг деярли барчасини битта умумий жиҳат бирлаштириб туради. Аниқроқ айтсак, қаршингизда оқаётган улкан дарёни пайқамаслик, ёнингиздаги тоғкелбат фидокорга эътиборсиз қараш, инсон зотига хос турли иллатларга қул бўлиб, ўз ўғлонингизни менсимасликка нисбатан жиддий айблов руҳи, армон ва афсус мужассам бу асарларда. Дейлик, Шаҳобиддин Муҳаммад ан Насавий қаламига мансуб солнома якунида юракларни азоб ва изтироб гулханида ёндирувчи жумла бор: «Оламни Жалолиддинсиз етим қолдиришди!»
Муҳтарам мухлис, бу мулоҳазалар 5 октябрь оқшоми ёзилмоқда ва газетамиз қўлингизга етиб борган вақт миллий жамоамиз бошқаруви Фабио Каннаварога топширилгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланар балки. Жамоатчиликдаги кучли ижтимоий тўлқин таъсирида бу масалани кечиктиришлари ёки умуман кун тартибидан олиб ташлашлари эҳтимоли ҳам йўқ эмасди якшанба куни. Йўқ, мулоҳазаларимиз футболимиз раҳбариятининг Фабио Каннаваро билан боғлиқ қарори ҳақида ҳам эмас. Соҳа мутасаддиларида шундай ният, мақсаднинг борлиги эътиборимизни кўпроқ тортди ва бизни айни шу масала ўйлантирди. Раҳбар ёки кенгаш қарор чиқаришдан аввал омма фикрини ўрганиш керакми ёки йўқ? Жамоатчиликнинг катта қисми Темур Кападзе миллий жамоамиз бошқарувида қолишини истаётган бўлса, мутасаддилар нима сабабдан бу хусусда ўйлаб кўришмайди?
Миллий жамоамиз мураббий, ҳа, айнан мураббий Фабио Каннаваро хизматига шу қадар муҳтожми, италиялик мутахассис маҳорат бобида Темур Кападзедан яққол устунми? Бунда футболчи Фабио Каннаварони назарда тутмаяпмиз. Инчунин, барча машҳур футболчилар ҳам мураббий ролида ўзларини кўрсатолмасликларига жаҳон миқёсида мисоллар жуда кўп. ЎФА жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш ва унда муносиб иштирок этиш мақсадида Фабио Каннаварога таклиф билан чиқилгани ҳақида расмий хабар тарқатди. Ундаги икки жиҳатга алоҳида эътибор қаратинг ва хотирангизда сақланг: демак, миллий жамоамизни Каннаваро бошқарса, ЖЧга пухта тайёргарлик кўрилади ва футболчиларимиз мундиалда муносиб иштирок этишади. Бу ваъда хорижлик бош мураббий тарафдорлари учун - айни муддао. Ҳозир шу позицияда турган мутахассислар ва мухлислар жаҳон чемпионатидан сўнг ЎФАни олқишлашади ёки футболимиз раҳбарияти ёқасига ёпишишади.
Мундиал стартига 7 ой қолаётганини ҳисобга олсак, италиялик мутахассис терма жамоамизда катта роль бажарадиган легионерлар билан айтарли ишлай олмаслиги аёнлашади. Катта эҳтимол билан Темур Кападзе ассистент сифатида тайинланса, Фабио айнан унинг маслаҳатлари, тавсияларига қулоқ тутади. Юзага келадиган мураккаб вазиятда Кападзе маслаҳатлари-тавсияларига эҳтиёж сезилса, унда Каннаваронинг нима кераги бор? Воқеалар шу тахлит ривожланса, Фабиога қуруқ шон-шуҳрат учун қарийб 57 миллиард сўм ажратиладими ёки бу борада бошқа яширин мақсадлар кўзда тутилган? Тўғри тушунинг, кимнидир айблашдан мутлақо йироқмиз, Кападзега қариндош ҳам эмасмиз ва ундан буюртма ҳам олмаганмиз. Аниқроғи, Темур бундай ишни ўзига эп кўрмайди. Демоқчимизки, ЎФА мутасаддилари олиб бораётган мураббий танлаш сиёсати табиий равишда омма кўнглида шу руҳда мулоҳаза уйғотмоқда.
Таниқли олим ва жамоат арбоби, академик Азамат Зиё, машҳур журналист, ёзувчи Каримберди Тўрамурод томонидан Facebook ижтимоий тармоғида қўйилган постларга юртдошларимиз ёзган изоҳларни ўқисангиз, кўпчиликнинг позицияси билан боғлиқ ҳақиқий воқелик ойдинлашади. 57 миллиард сўм, бу айтишга осон. Ойига атиги 3 миллион сўм маош оладиган ва анчадан буён беморлик азобини тортиб, рўзғорига маблағ етказолмай қийналаётган ҳамкасбимиз, ўз ишининг устаси саналган журналистнинг италиялик мутахассисга улкан миқдорда маблағ ажратилиши билан боғлиқ хабарни ўқиганида, қай аҳволга тушганини бир тасаввур қилинг-а?! Агар маълумотлар тўғри бўлиб чиқса, Каннаваро унинг икки ойлик маошини 1 соатда олар экан. Биламиз, масалага бундай ёндашиш, таҳририят ходими ва миллий жамоа мураббийи маошини ўзаро солиштириш ноўрин. Авваллари бу каби қиёс, солиштирувлар бўлмаган, ваҳоланки, ўшанда ҳам журналистнинг чўнтаги пул билан тўлиб-тошмаган. Бугун Фабио Каннаваро ташрифига нисбатан кучли норозилик билдирилаётгани, олдин бу каби ижтимоий кайфият кузатилмаганининг битта сабаби бор: ЎФА аввалги қарорларида мантиқ чегарасидан чиқмаган, вазиятга нисбатан тўғри позиция танлаган.
Фабио Каннаваро тайинловини олқишлаётган оз сонли мухлислар хулосаларига қараганда, Кападзе футболимиз муҳитидаги босимлардан қутулолмайди, очиқроқ айтганда, тарафкашликка йўл қўяди ёки айрим футболчиларни ўз измига сололмайди. Уларнинг назарларида Каннаварода мураббийлик «мен»и жуда мустаҳкам ва у ташқи таъсирларга берилмайди, кимларнингдир бирор футболчини миллий жамоамизга тортиш билан боғлиқ қандайдир тавсияларига эътибор қаратмайди. Савол туғилади: Каннаваро шундай инсон ва мураббий эканлигига ким кафолат беради? Яна такрорлаймиз, у чиндан ҳам, шундай мўътабар инсон ва маҳоратли мураббийдир эҳтимол. Факт шуки, буни ҳозир ҳеч ким аниқ айтолмайди. Бошқача ифода этсак, ЎФА эҳтимоллар назариясига таяниб, иш тутмоқда. Хўш, назария нотўғри бўлиб чиқса, хато қарор масъулияти кимнинг зиммасига юкланади ёки шунча маблағ кўкка совурилган тақдирда ҳам ҳеч кимнинг мушуги «пишт» дейилмайдими?
ЎФА жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик ва унда муносиб иштирок этиш ҳақида баёнот бермаганида, футбол жамоатчилиги фикри билан ҳисоблашганида, бу каби оғриқли, жавобсиз саволлар ўртага ташланмасди. Мазкур мулоҳазалар ёзилишидан олдин янгиерлик футбол мухлиси Шоҳруҳ Аҳмадов қўнғироқ қилиб, «Илтимос, футболимиз раҳбарларига етказинг, Темур Кападзени ўз ўрнида қолдиришсин. Темур ва унинг жамоаси миллий ифтихор туйғуси билан мундиалга борсин!» - деганида, жамоатчиликда шаклланган ижтимоий кайфият қамрови ўйлаганимиздан ҳам кенгроқ ва ҳайбатлироқ эканлигини чуқур англадик. Бу сафар шу Шоҳруҳ Аҳмадов ва у каби минг-минглаб мухлислар илтимослари, хоҳиш-истаклари асосида мулоҳаза юритдик. Зеро, вазифамиз жамоатчилик фикрини очиқлаш ва матбуот минбарига олиб чиқишдан иборатдир.
Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, кўнгилда бошқа бир савол туғилди: ЎФА мутасаддилари нима сабабдан хорижлик мураббий масаласига маҳкам ёпишиб олишди? Бу савол ҳам бежиз қийнамаяпти, албатта. Зеро, ЎФАда ҳам жамоатчилик фикрини тушунадиган, унинг залворини ҳис қиладиган, мантиққа мос мулоҳазаларни ҳисобга оладиган мутахассислар ишлашади. Фикримизча, ихтиёр ўзларида бўлса, улар масалани бу тарзда қатъий қўйишмасди. Яъни Фабио Каннаварони олиб келишга мутасаддиларнинг ҳам кўзлари учмаяпти. Яна нима дердик, ўткинчи дунёда биз билмайдиган гаплар, ишлар кўп, жуда кўп...
Муҳаммад ВАЛИ