Search

«Порту» кушандаси – Абу Али, бу ким?

Клублар ўртасидаги ЖЧ гуруҳ босқичидаёқ бир қатор сенсациялар кузатилди. Масалан, «Порту» ва «Атлетико» клублари «плей-офф»­га чиқиш миссияни бажара олмади. Португалия жамоасини бундай имкониятдан маҳрум қилган футболчилардан бири - бу «Ал-Аҳли» (Миср) ҳужумчиси Вессам Абу Али. Қолаверса, у 3-турдан ўрин олган ва 4:4 ҳисоби билан якунланган ўйиндаги «хет-трик» эвазига ЖЧ-2025 гуруҳ раундининг энг яхши тўпурарлари қаторига қўшилди. Бироқ Абу Али ушбу муваффақият йўлида ёқимсиз лаҳзаларни ҳам бошдан кечирган, ҳаттоки футболни батамом йиғиштириб қўйиши ҳеч гап эмасди.

2021 йил сентябрь: Абу Али захирадан майдонга тушганидан 15 дақиқа ўтиб, ҳушини йўқотганди. Вессам Абу Али - фалас­тинлик|даниялик футболчи, «Ольборг» ёшлар тизими тарбияланувчиси. У 2009-2019 йиллар оралиғида айнан Дания клуби тизимида шуғулланган, ўйнаган. Иқтидорли ҳужумчи «Ольборг»дан кетгач, «Веннсюссель» ва «Силькеборг» клубларида 1 мавсумдан тўп суради. Бироқ «Силькеборг»да етарли ўйин амалиётисиз қолгач, 2021 йилнинг ёзида Дания чемпионати Биринчи дивизиони иштирокчиси «Веннсюссел»га қайтади. Абу Али ўша вақт Midtjyllands Avis нашрига берган интервьюсида жисмоний фаоллик пайти ўзини ноқулай ҳис қилиши ва юрак уриши тезлашишини яширмаганди. Футболчи шундан сўнг тиббий текширувдан ўтади, аммо шубҳали ҳеч нима аниқланмайди. 2021 йилнинг 11 сентябрида эса Вессамнинг «Веннсюссел»га қайтишдан кейинги илк ўйини фожиа билан якунланишига сал қолади. «Люнгбю»га қарши учрашувнинг иккинчи бўлими бошида майдонга тушган ҳужумчи атиги 15 дақиқадан сўнг майдонга йиқилади. Уни дарров ёнбошлаб ётқизишади, чунки тутқаноқ хуружи бошланган эди. Эътиборли томони, тиббий ёрдам кўрсатилаётган маҳал ҳар икки жамоа футболчилари ҳужумчи атрофида ҳимоя девори ҳосил қилишади (эсингиздами, худди ўша йили даниялик футболчилар Евро-2020да Кристиан Эриксенни шу тарзда ёпишганди). Чамаси 10 дақиқача ўтиб, Абу Али «Тез ёрдам» машинасида шифохонага етказилади. Тўғри, Nordjyske нашри футболчи деярли дарҳол ҳушига келгани ҳақида хабар берганди. Асли фаластинлик футболчи шифохонада 1-2 кун муолажа олгач, жамоа базасига қайтади, аммо маълум муддат майдон четида қолади, барибир. 

2022 йил февраль: Абу Али ўпкасидан деярли айрилганди. Москванинг «Динамо» клуби мавсум-2021|2022га қайта киришишдан олдин Туркияда йиғин олиб боради. «Оқ-кўклар» жумладан, ўртоқлик ўйинларидан бирида «Веннсюссель» билан куч синашишади. Абу Али эса 3-дақиқадаёқ «Динамо» дарвозабони Антон Шунин билан тўқнашиб кетади. Ҳужумчи шундан сўнг майдонда қолади, бироқ 36-дақиқада уни замбилда олиб чиқишади. Текширувлар тўқнашув оқибатида ҳужумчининг қовурғаси икки жойидан сингани ва ўпкаси лат еганини кўрсатади. «Барчаси аламли, аммо мутлақо адоватсиз вазиятда содир бўлди. Рақиб дарвозабони Алига тиззаси билан урилишидан 3-4 сония олдин ҳакам ҳуштаги янграганди», - деганди ўйиндан сўнг Дания клубининг Спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Сёрен Хенриксен. Муҳими, Абу Али бу сафар анча тез тузалади ва бир неча кун ичида машғулотларга қайтади.

ФИФА 2024 йили паспорт бўйича дания­лик ҳисобланган Висам Абу Алининг Фалас­тин миллий жамоасида ўйнашига рухсат берди. У эндиликда аждодлари ватани учун ўйнамоқда. Ҳа, Вессамнинг «Порту» дарвозасига урган 3та голи «Ал-Аҳли»га якуний натижа маъносида катта наф келтиргани йўқ - Қоҳира клуби гуруҳда охирги ўринни банд этди, барибир. Муҳими, Абу Али шу «хет-трик» ортидан турнир тарихига кирди.

Манба: sports.ru, С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Related to this topic: