Англия. «Манчестер Сити» АПЛ 3-турида «Брайтон»га қарши ўйнаб, аламли тарзда мағлубиятга учради - 1:2. Энг ёмони, ниҳоят, «шаҳарликлар»нинг бошланғич таркибидан жой олган Абдуқодир Ҳусанов 85-дақиқада жароҳатга йўлиқди ва ўрнини Рубен Диашга бўшатиб берди. 21 ёшли ҳамюртимиз шунингдек, 63-дақиқада сариқ карточкага муносиб кўрилди. «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиоланинг айтишича, ҳамюртимизнинг жароҳати жиддий эмас: «Иккинчи голни тезкор футболчилар яратишди - рақиблар катта суръатда ҳаракатланишди. Эҳтимол, Ҳусанов бу гол олдини оларди, ҳар ҳолда, у жуда тез. Афсуски, бу футболчимиз жароҳат туфайли ўйинни давом эттиролмади. Менимча, Ҳусановда ҳаммаси жойида». «Манчестер Сити» ўйинларини таҳлил қилиб борадиган эксперт Жеронимо Морганс эса ҳамюртимиз ўйинини олқишлади. «Ҳусанов бизнинг энг яхши ҳимоячимиз бўлди: орқа ва ўрта чизиқ боғламларида ажойиб ҳаракатланди, ўйинни мукаммал ўқиди - тўпсиз ҳам, тўп билан ҳам. У рақибнинг бир неча қарши ҳужумида жамоани қутқарди, яккакурашларда устун келди, cовуққонликни сақлаб қолди. Ҳусанов жароҳатланганидан кейин Диаш майдонга тушди ва деярли дарҳол гол қўйиб юбордик. Шунинг ўзи кўп нарсани англатади. Умид қиламанки, Абдуқодир узоқ муддатга сафдан чиқмаган. Чунки «Сити» ҳимояси у, Стоунз ва Гвардиолсиз мутлақо таназзулга юз тутади», — деб ёзди Морганс.
Туркия. «Истанбул Башакшеҳир» КЛ саралаши якуний босқичида «Университатя Крайово» клуби тўсиғидан ўтолмади. Туркиядаги дастлабки ўйинда мағлубиятга учраган турк клуби Руминияда тезкор гол урди, аммо кейинчалик ўз дарвозасидан 3 марта тўп олиб чиқди - 1:3. Шу тариқа «Истанбул» еврокубоклар билан хайрлашди. Жавоб ўйинида тўлиқ вақт ҳаракатланган Элдор Шомуродов жамоадошларидан ажралиб турди, бироқ Sofascore порталидан анча паст баҳо олди - 6,1 балл. 63-дақиқада ўйинга қўшилган Аббос Файзуллаевнинг ҳаракатларига эса нисбатан баландроқ баҳо қўйилди - 6,7 балл. Айтганча, «Истанбул Башакшеҳир»да мураббий ўзгариши мумкин. FotoSpor нашрида ёзилишича, халқаро майдондаги омадсизлик таъсирида Чағдаш Атаннинг исътеъфога чиқиш эҳтимоли анча ошган. Унинг ўрнини эгаллашга номзодлар орасида эса машҳур Нури Шахин фаворит бўлиб турибди. Туркия Суперлигаси 4-туридан ўрин олган «Башакшеҳир Истанбул» - «Эюпспор» ўйинида эса ҳар икки легионеримиз асосий таркибда майдонга тушди. Бироқ жамоа яна ғалаба қозонолмади - 0:0. Шомуродов бу сафар ҳам охиригача майдонда қолган бўлса, Файзуллаев 70-дақиқада алмаштирилди. «Ризеспор» Суперлига 4-турида «Галатасарой» меҳмони бўлиб, 1:3 ҳисобида ютқазди. Ўйинни меҳмон жамоа бошланғич таркибида бошлаган миллий жамоамиз ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов 73-дақиқада захирага олинди. У 53-дақиқада сариқ карточка ишлаганини ҳам айтиш жоиз.
Бельгия. «Антверпен» Юпилер-лига 6-турида «Вестерло»га бас келолмади — 0:2. Жамоа сафидаги ярим ҳимоячимиз Муҳаммадали Ўринбоев ушбу сафар учрашувининг 65-дақиқасида майдонга тушди ва чакки кўринмади. Дейлик, Sofascore портали ҳамюртимиз ҳаракатларини 7 баллга лойиқ кўрди (бу «Антверпен» футболчиларига берилган 2-юқори баҳодир.
Эрон. «Персеполис» Про лига 2-турида «Сепаҳон» майдонидан ғалаба билан қайтди - 1:0. Теҳрон жамоаси вингери Остон Ўрунов ушбу муваффақиятли ўйиннинг 85-дақиқасида захирадан майдонга тушди. Эрондан ёқимли хабар ҳам бор: ёзги трансферлар вақти «Рубин»дан «Истиқлол»га кўчиб ўтган Рустам Ашурматов тизза жароҳатидан кейин машғулотларга қайтди. 29 ёшли марказий ҳимоячимиз айни пайт «Истиқлол»нинг жамоавий машғулотларида фаол қатнашмоқда.
БАА. «Ал-Наср» ва «Ал-Батеҳ» ўртасида кечган Лига кубоги 1/8 финал босқичининг илк ўйинида ҳисоб очилгани йўқ. Меҳмонлар вакили Азиз Ғаниев доимгидек, майдонда тўлиқ 90 дақиқа фаол тўп сурди. Эслатма, БАА Про лигаси 2-туридан ўрин олган «Ал-Батеҳ» — «Хорфаккан» ўйини (2:1)да 2та голга ассистентлик қилган ҳамюртимиз Sofascore портали томонидан 7,4 балл олганди. Лига кубоги 1/8 финалидан ўрин олган «Бани Яс» ва «Хорфаккан» учрашувида ҳам кучлар тенг келди. Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой («Бани Яс») 2:2 ҳисобида якунланган баҳснинг 73-дақиқасигача майдонда ҳаракатланди.
Қозоғистон. Ярим ҳимоячи Шаҳбоз Умаров жорий мавсумни «Туран»да бошлаган, бироқ клуб моддий муаммолар таъсирида легионерлар билан хайрлашганди. Ҳамюртимиз ниҳоят, янги жамоа топди - «Тобол». Костанай клуби матбуот хизмати бу ҳақда расман хабар берди ва футболчини таништирди. Шаҳбоз фаолияти давомида ОКМК, «Энергетик-БГУ», БАТЭ, «Ордабаси» клублари либосида ҳам тўп сурган. Transfermarkt портали талқинига мувофиқ, Умаровнинг трансфер баҳоси 400 минг еврога тенг. «Тобол» директори Сержан Сейткозинов ҳамюртимиз билан келишувни алоҳида изоҳлади: «Бу таркибимизда жароҳатланган футболчилар кўплиги билан боғлиқ. Шаҳбоз билан музокара қийин кечмади, узоқ чўзилмади». Умаров мавсумнинг биринчи ярмида «Туран»нинг 11та ўйинида 4та самарали ҳаракатга муаллифлик қилганди.
Гонконг. Мамлакат чемпионати 1-турида «Таи По»ни қабул қилган Достон Турсуновнинг клуби - «Ли Ман» 2:2 ҳисоби билан чекланди. Ҳамюртимиз илк ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушиб, тўлиқ вақт тўп сурди.