Search

Салоҳ ва ван Дейк янги мавсумдан нималар кутишмоқда?

«Ливерпуль» етакчилари - Муҳаммад Салоҳ ва Виржиль ван Дейкнинг «қизиллар» либосида бирга тўп суришаётганига деярли 8 йил бўлди. Ортда қолган вақт ичида «Энфилд» ёқимтойи ва таркибнинг алмаштириб бўлмас ижрочисига айланган ҳар икки юлдуз айни пайт Арне Слот жамоасида тутган ўрни-мавқеидан мамнун. Хуллас, мисрлик голеадор ва нидерландиялик марказий ҳимоячи янги мавсумда ҳам «Ливерпуль» билан АПЛ тахтига чиқишдан умидворлар.

Муҳаммад Салоҳ ва Виржиль ван Дейк апрель ойида амалдаги шартномалари муддатини яна 2 йилга узайтириш асносида «Ливерпул»га нисбатан юксак садоқатларини намоён этишди. Айтиш керак, ҳар икки футболчида ёрқин тарихга эга клуб меросини янада бойитишга ҳисса қўшиш иштиёқи ҳар доимгидек жуда юқори. «Менимча, «Ливерпуль» сафига қўшилган ҳар бир футболчи ягона мақсад сари ҳаракат қилади. Бу - катта ғалабаларни қўлга киритиш асносида клуб тарихининг бир қисмига айланиш. Албатта, жамоа либосини кийиш оғир синов, муҳими, ҳаммамиз битта қайиқдамиз. Шундай экан, футболчилар, ходимлар ва мухлислар ягона оиладек бирлашишлари керак. Шундагина ҳар қандай ҳолатда ҳам, бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтишимиз, олдинга интилишда давом этишимиз мумкин. Биласизми, «Ливерпуль» билан қўлга киритиладиган ҳар қандай ютуқ футболчига таърифланмас туйғу бағишлайди. Шахсан мен айни шу такрори йўқ туйғуни қайта-қайта ҳис қилиш учун ҳамон жамоадаман. Бу клуб тарихида ўзига хос мерос қолдириш, мухлислар қалбидан чуқур жой олишни истаган футболчи майдонда келажак авлодни илҳомлантирадиган даражада жонбозлик кўрсатиши шарт. Бинобарин, «Ливерпуль» ўз қаҳрамонлари, афсоналарини ҳамиша эсга оладиган ва ҳурмат қиладиган клубдир. Демак, янада катта муваффақиятларга эришиш ҳамда номимизни тарихга муҳрлаш имкониятини қўлдан чиқармаслигимиз керак. Тўғриси, ҳаммаси шу қадар ажойиб ва гўзал туй­ғуки, ёшлигимда бунақасини ҳатто орзу ҳам қилолмасдим. Мана, футболнинг чиройи ва тақдирнинг кутилмаган инъоми ўлароқ, ҳозир ҳар бир кундан завқланиб яшаяпман», - дейди жамоа сардори Виржиль ван Дейк.

Муҳаммад Салоҳ ва Виржиль ван Дейкнинг «Ливерпул»да қўлга киритган энг катта ютуқлари орасида нақ 30 мавсум орзиқиб кутилган АПЛ чемпионлиги алоҳида ўрин тутади, албатта. Бироқ 2020 йилги ўша муваффақият СOVID-19 пандемияси ва ёпиқ эшиклар ортида ўйналган футбол шароитида қўлга киритилган ва уни мухлислар билан бирга нишонлаш имкони бўлмаганди. Орадан 5 йил ўтиб, «қизиллар» «Энфилд» жонкуярлари кўз ўнгида чемпион бўлиш орзусини яна бир бора рўёбга чиқаришди ва бу ҳаттоки, энг тажрибали, совуққон футболчиларга ҳам бош­қача таъсир кўрсатди. «Охирги мавсум АПЛда ғалаба қозонганимиздан сўнг ўзгача ҳис-туйғулар оғушида қолдимки, беихтиёр ўйлаб қолдим: бундай хурсандчиликни энди ҳеч қачон туёлмасам керак. Аслида мавсум якунига келиб, бизда олдинроқ АПЛ чемпиони бўлиш имконияти туғилганди. Аниқроғи, «Кристал Пэлас» 34-турда «Арсенал»ни мағлубиятга учратса, майдонга тушмасданоқ чемпионликни нишонлар эдик. Эсимда, йигитлар АХА машғулотлар марказида жамланиб, ўйинда «Пэ­лас»га мухлислик қилишди, ундан ғалаба кутишди. Мен эса тинимсиз равишда ичимда пичирлаб, дуода бўлдим: «Йўқ, илтимос, фақат шу сафар эмас». Чунки АПЛ маррасига «Энфилд»да етиш ва ғалабани мухлислар билан бирга нишонлашни хоҳладим. Якунда худди шундай бўлди ҳам («Кристал Пэлас» - «Арсенал» ўйини 2:2 ҳисобида якунланган эди)» - буниси Муҳаммад Салоҳнинг эътирофи.

Айтганча, мисрлик юлдуз ўтган мавсум «Ливерпуль» либосида барча мусобақалар ҳисобидан урган голлари сонини 245тага етказиб, клуб тарихидаги энг яхши тўп­урарлар рўйхатида 3-ўринга кўтарилиб олди. Қолаверса, Салоҳ мавсум якунида нақ 5та индивидуал соврин ютиб, АПЛ рекордини ҳам ўрнатди. Аниқроғи, Африка футболи фахри чемпионатнинг энг яхши тўпурари ва ассистентига аталган мукофотларни ўзини қилди, шунингдек, АПЛ, FWA (футбол журна­листлари ассоцияцияси) ва PFA (Англия профессионал футболчилар уюшмаси) томонидан мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Асосийси, Салоҳ клубдошлари Виржиль ван Дейк, Алексис МакАлистер ва Флориан Вирц билан бирга «Олтин тўп»-2025га даъвогар 30 нафар футболчи рўйхатидан ҳам жой олди. «Тан олиш керак, ёшлигимиздан футбол ичидамиз, мудом машғулотлар билан бандмиз, шунинг учунми, баъзан ўйин қувончини унутиб қўямиз. Лекин бир нарсага аминман - агар майдонда завқ билан тўп сурсангиз ва футболни чинакамига севсангиз кўп нарсага эришасиз. Афсуски, ҳозирги ёшлар ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказишади, шунинг баробарида бунинг ортидан келадиган  мухлислар босимига қарши курашишга мажбур бўлишади. Демоқчиманки, агар ёшлар биз каби катта натижаларга эришишни хоҳлашса, шунчаки, бор эътиборни футболга буришлари, ўйиндан чинакамига завқланишни ўрганишлари керак. Ҳа, «Ливерпул»дек буюк клубда афсонага айланиш ажойиб, албатта. Аммо бунинг ортида нечоғли катта меҳнат ва машаққат борлигини тушунтириш жуда қийин», - дея қўшимча қилади Салоҳ.

«Ливерпуль» ёзги трансферлар бозорида ўз таркибини Флориан Вирц, Уго Экитике, Жереми Фримпонг, Милош Керкез ва Гиорги Мамардашвили каби ёш, катта ғалабаларга чанқоқ футболчилар билан бойитди. Салоҳ ва ван Дейкдан эса янги йигитларга максимал даражада ёрдам бериш ҳам талаб этилади. «Ҳозирча янги йигитлар билан ҳаммаси жойида, - дейди ван Дейк. - Албатта, ёш футболчи учун «Ливерпуль» каби катта клубда дарҳол ўз салоҳиятини намойиш этиш осон эмас, лекин шахсан мен бу йигитлар мавсум давомида кўзланган мақсад ва вазифаларга эришиш йўлида кўп фойда келтиришларига тўлиқ ишонаман. Нима десам экан? Биз учун футбол ва «Ливерпул»нинг бир қисмига айланишдан ҳам аҳамиятлироқ жиҳат бор. Демоқчиманки, барчамиз аввало, эркакмиз ва майдонда ҳамиша орият-ғурур, шаънимизни ҳимоя қилишимиз керак».

Манба: liverpoolfc.com, ХУРШИДБЕК тайёрлади

Related to this topic: