Search

Тафсилот. Нима учун тер Штегенни ҳайдашмоқчи...?

«Эспаньол»даги Жоан Гарсия - «Барселона»нинг янги дарвозабони. Дастлабки ёзги трансфер 2031 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Инсайдер Фабрицио Романонинг хабарига кўра, «Барса» 25 млн. евро тўлади, Ла Лига келишувни мувофиқлаштирди, трансфер лимити бўйича ҳаммаси жойидадек. Marca Жоанни харид қилиш учун кредит олинганини маъқуллади, лекин бу маълумот ҳозирча тасдиқланмади.

Тўғри, рўйхатдан ўтказиш бўйича саволлар йўқ эмас: «Гарсия контрактининг имзоланганини расман эълон қилиш битта масала бўлса, ўйинчини рўйхатдан ўтказиш бошқа масала. Ўйинчиларни рўйхатдан ўтказиш учун «Барса» айрим юмушларни бажариши шарт. Гарсия ҳолатида унчалик кўп эмас, лекин улар воситаларни бўшатишларига тўғри келиши аниқ», - деганди Ла Лига президенти Хавьер Тебас.

Бошқа бир инсайдер Жерар Ромеро 24 ёшли испаниялик дарвозабон камтарона маошга рози бўлишини таъкидламоқда - ҳар ҳолда, «Эспаньол»да унга 240 000 евро йиллик иш ҳақи беришарди.

Тер Штегенни 

«Барса»дан ҳайдаб юборишгани тўғрими?

«Барса»га янги посбон келди, бироқ аввал эскиси билан хайрлашиш керак. Медиа хабарларини ҳамма кутмоқда.

Capology келтирган рақамларга биноан, тер Штегеннинг маоши катта эмас - ҳар мавсум учун 6,3 млн. евро атрофида. Сабаби жуда оддий: германиялик посбон молиявий инқироз шароитида талаб-эҳтиёжларни мунтазам тарзда пасайтириб, каталонияликларга ёрдам бериш мақсадида маошини камайтирарди.

Узоқ йиллар давомида тер Штеген эмин-эркин тўп сурганди. Лекин сўнгги мавсумда у жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқиб қолди. Натижада мутасаддилар Шченснини олиб келишга мажбур бўлишди. Якунда жамоа сардори атиги 8 учрашувда иштирок этди: 6та ўйинни ўтган мавсумнинг ёз ва куз фаслларида, 2тасини май ойида ўтказди.

Аs нашридан олинган маълумотларга кўра, айнан жароҳатларга мойил бўлиб қолганлиги туфайли клуб тер Штегендан воз кечди. Мунтазам равишда ўйинларни ўтказиб юбораётгани раҳбариятни хижолатга солиб қўймоқда.

Лекин бошқа далиллар ҳам етарли. Масалан, инсайдер Фернандо Полонинг айтишича, «Вильярреал»га қарши ўйиндан кейин дарвозабон ўз мухлислари билан мулоқот қилишдан бош тортгани клуб директорлар кенгаши аъзоларини қаттиқ ранжитган. Байрамона муҳитда сардор нима сабабдан ўзини жамоадан четга олганлигини улар тушуна олишмаган.

Шунингдек, тер Штеген Ханси Фликнинг режасига кирмаган ўйинчи эканлиги хусусида ҳам маълумотлар бор. Жумладан, дарвозабон мураббийдан «Интер»га қарши баҳсда майдонга туширишни талаб қилган, рад жавобини олгач, жамоа билан Италияга боришдан бош тортган экан. Флик бунга эътибор бермаган ва раҳбариятдан янги дарвозабон беришларини сўраган, Маркни кўришни истамаслигини баён этганди.

Тер Штегеннинг ўзи барча айбловларни инкор этди: «Ҳеч ким мен билан гаплашмаган. Келаси йили ҳам «Барселона»да бўлишимни биламан. «Барса» - энг йирик клублардан бири, рақобат эса нормал ҳолат. Мен учун вазият ўзгармайди».

Марк ҳозирча кетишни истамаяпти. Касбдошимиз Елена Кондиснинг хабарига кўра, немис «Монако», «МЮ» ва «Галатасарой» таклифларини рад этган. 33 ёшли посбоннинг яқинлари ҳам бошқа жамоалар билан мулоқот қилганини инкор этишмоқда.

«Барса» тер Штегенга амалдаги шартномани бекор қилиши учун бир йиллик маоши миқдорида пул беришга тайёр. Бироқ шартноманинг муддати 3 йилдан кейин тугайди. Шу сабабли, тер Штеген аввалги йиллар учун ваъда қилинган тўловларни қўшиб ҳисоблаганда, 42 млн. евро олишга ҳақли.

Жоан Гарсия ким ўзи?

Жоан - «Эспаньол» тарбияланувчиси, 15 ёшидан барча ёшлар жамоаларида тўп суриб, 2021 йил ёзида асосий жамоадан жой олган. Тенгдошлари орасида Жоанга юксак баҳо беришган бўлсада, аввалига у тажрибали Диего Лопесдан сабоқ олганди. Лопеснинг маслаҳатлари Гарсия фаолиятининг стартида жуда қўл келганди. Гарсия ҳозир ҳам Лопесни асосий устозларидан бири сифатида ҳурмат қилади.

Лекин «Эспаньол»нинг камерунлик афсонаси ва Жанлуижи Буффоннинг суюкли дарвозабони бўлмиш Тома Нконо Гарсияга кучлироқ таъсир кўрсатди. Нконо испаниялик шогирди билан 6 йил шуғулланди. «Унинг машғулотларга биринчи бўлиб келиб, энг охирида кетишига шахсан ўзим тирик гувоҳман. Касбим - ёшларга ҳунар ўргатиш. Бироқ ўз фаолиятимда менга ёқиб қолган ва ҳеч қачон ўзгармаган ажойиб муносабатни бошқа учратмадим», - деганди афсона Жоан ҳақида.

2022 йилда Лопес клубни тарк этди, унинг ўрнини Фернандо Пачеко эгаллади. Гарсия тажрибали касбдошига муносиб рақобат кўрсата олмаган бўлсада, вақти-вақти билан имкониятга эга бўлиб турди. Масалан, Ла Лига доирасида «Эльче»га қарши майдонга тушиб, 2та гол ўтказиб юборди: «Ҳаётимдаги энг ёқимсиз оқшом. Маҳоратимни намойиш эта олмаганлигим мен учун кучли зарба бўлди. Бироқ шерикларим ва мураббийлар ёрдам беришди. Улардан бир умрга миннатдорман».

Кейинги мавсумда Гарсия савиясини тиклаб олди: мавсум ярмини захирада ўтказиб, 2024 йил мартида бирданига асосий дарвозабон бўлиб олди - Пачеконинг бош мураббий билан можароси унга қўл келди. Топларга хос ярим йил ичида «Эспаньол» билан Ла Лигага чиқиб олди. Кейин «Арсенал»дан «совчи» келди. Бироқ Гарсия «Эспаньол»га ишонч учун манфаат келтириш ниятида таклифни рад этди. Кейин Жоан Ла Лигадаги дастлабки ажойиб мавсумини ўтказди: «Ўлик» тўпларни ҳам қайтариб, жамоани камида 8та нақд голдан қутқариб қолди. Ҳа, «Эспаньол»ни дарвозабоннинг ўта ишончли ўйини қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолди. Жоан эса камтарликни ўрнига қўйди: «Менинг қиладиган ишим - тўпларни тутиш. Агар кимдир мақтовга лойиқ бўлса, улар менинг шерикларим».

Бу ёғига ҳаммаси тушунарли: ёзда Гарсия номдор жамоага кўтарилади, талабгорлар орасида ҳатто «Реал» ҳам бор.

Бироқ Жоан «Барселона»ни танлади. Бу танлов трансферга мурч сепди: Каталония бўйича рақибнинг асосий тарбияланувчисини олишди - кўпчилик буни хоинликка йўйишди. «Эспаньол» фанатлари норозилик намойишини ўтказиб, дарвозабоннинг жонажон шаҳри Сальенда ҳақоратомуз ибораларни ёзишди: «Жоан - каламуш», «сотқин».

Дарвозабон ўз яқинларининг хавфсизлигидан ташвишланган бўлсада, қароридан қайтмади. У ўз она шаҳрида, оиласи ёнида бўлишни афзал кўрди.

«Барса» эса ўз навбатида ваъда берди - Жоан 1-рақамли дарвозабон бўлади. Войчех Шченсни иккинчи даражали ролга рози бўлди ва шартнома муддатини узайтирди.

Related to this topic: