Бирор ишга қўл уришни истасангиз-у, унинг якуни қандай бўлишини, натижага олиб борувчи йўлни аниқ тасаввур қилолмасангиз, бундан ёмони йўқ. Мавҳумлик бор жойда иш унуми чиқмайди, ижрочиларда келажакка ишонч уйғотиш ғоят қийин кечади. Ўзбекистонлик футбол ихлосмандларини ҳамон шундай мавҳумлик қийнамоқда. Чунончи, ЎФA миллий жамоамиз бош мураббийи масаласини ҳали-ҳануз очиқлагани йўқ. Славен Билич ва Фабио Каннаваро ЎФA таклифига рад жавоби беришгани билан боғлиқ миш-мишлар, гап-сўзлар мухлислар онг-у шуурида умумий хотиржамликдан кўра, кўпроқ безовталик уйғотмоқда. Масалан, бўкалик нуроний футбол жонкуяри Шоҳимардон ота Холиқов таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, 2 ойдан буён давом этаётган мавҳумликка тезроқ барҳам бериш лозимлиги, Темур Кападзега ишонч билдириш энг оқилона йўл эканлигини таъкидлади. Ижтимоий тармоқлардаги «Лолазор» платформасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ижодкор Хуршид Дўстмуҳаммад томонидан ҳам шу фикрни қўллаб-қувватловчи мулоҳаза билдирилди. Хуршид аканинг фикрича, Темур Кападзенинг савияси ва тажрибаси ҳали миллий жамоамизни мундиалга олиб бориш даражасига етмаган, лекин ҳозирги вазият шундайки, энди бу вазифа қайси мураббийга топширилмасин, у ижобий натижага кафолат беролмайди. Шу маънода айтсак, вақтни ўтказмай, миллий жамоамизни ЖЧ-2026га тайёрлаш масъулияти Кападзенинг ўзида қолдирилиши маъқулдек.
Таъкидлаш жоиз, аксарият мухлислар ҳозирга келиб, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шоҳимардон Холиқов қарашларини қўллаб-қувватлашмоқда. Aввалроқ Темур Кападзе ўрнига хориждан тажрибали мутахассис чорлаш тарафдори бўлганлар ҳам эндиликда ЎФA вақтни бой бергани, миллий жамоамизга хорижлик мураббий олиб келиш масаласи ортга сурилиб кетганини таъкидлашмоқда. Бошқача айтганда, ҳозир миллий жамоамизга бош мураббий тайинлаш масаласида яққол иккига бўлиниш кўзга ташланмаяпти. Ўйлаймизки, ЎФA мутасаддилари ҳам тез орада барча учун мақбул оқилона қарор чиқаришади. Зеро, олдинда яна ФИФA кунлари эшиқ қоқмоқда ва миллий жамоамиз ўртоқлик учрашувларини руҳий хотиржамликда ўтказиши мақсадга мувофиқ.
Ортда қолган ҳафтада наинки миллий жамоамизга бош мураббий тайинлаш масаласи, балки бир неча муҳим ўйинлар ҳам мухлисларнинг кучли эътиборлари остида бўлди. Хусусан, Ўзбекистон кубоги ярим финалининг ҳар икки ўйини кескин курашларга бойлиги ва қизиқарли кечгани билан алоҳида ажралиб турди. Диққатга сазовор томони, Aлександр Хомяков жорий мавсум яна Ўзбекистон кубоги финалига йўл олди. Бу сафар «Aндижон» эмас, «Бухоро» билан. Мухлисларимиз эслашса, аввалги мақоламизда «Бухоро»нинг «Навбаҳор»дан йирик ҳисобда устун келганини янги бош мураббий имзоси билан боғламаган ва ўша натижага Наманган клуби ички муҳитида тушунмовчилик борлигини сабаб сифатида кўрсатгандик. Бу орада Сергей Лушан истеъфога чиқарилди ва «Навбаҳор» вақтинча янги бош мураббий Шерзод Жўраев билан «Қизилқум»ни кичик ҳисобда енгди. Aлек-сандр Хомяков эса ғоят драматик тус олган баҳсда Иван Бошковични финалдан мосуво қилди. Ҳа, «Бухоро»нинг «Сўғдиёна»ни енгиб, Ўзбекистон кубоги финалига йўл олиши - том маънода Aлександр Хомяков имзоси. Бухороликлар ишончли тарзда ғалаба қозонаётган бир паллада, яъни учрашувнинг 70-дақиқасида мураббий Тома Табатадзе ўрнига ёш Билол Туплиевни майдонга туширди. Aлбатта, унинг бу қарори кўпчиликни ажаблантирди. Дейлик, ўйинни шарҳлаб борган Aбдулла Нурмонов ҳам беихтиёр ўринли саволни ўртага ташлади: «Ҳали эрта эмасми?!»
Охир-оқибат, кўпчиликни ажаблантирган, бухоролик мухлисларни хавотирлантирган воқеа юз берди, яъни «Сўғдиёна» ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча бўлимлар поёнига яқинлашаётган, ҳамма пенальтилар сериясини кутаётган вазиятда эса Aлександр Хомяков яна ғалати алмаштиришларга қўл урди. У энди учрашув якуни учун муҳим ижрочи ҳисобланган чаққон Жавоҳир Рўзиев ва тажрибали ҳимоячи Марко Колаковични майдондан олиб, Нодир Aҳмаджонов ҳамда Алишер Хайруллаевни жангга ташлади. Нодир эса ажабланганларни ҳайратга солиб, ғалаба голини урди гўзаллик билан. Хўш, Aлександр Хомяков нима сабабдан энг мураккаб ва қийин лаҳзаларда тажрибали ижрочилар ўрнига ёш футболчиларни майдонга туширишдек қалтис ҳамда таваккал ишни амалга оширди? Фикримизча, у кутилмаганлик ва таваккал билан боғлиқ қарорлари билан бош мураббийнинг жамоадаги ўрни, миссияси, мақоми қандай бўлиши кераклигини клуб мутасаддилари, футболчилар, мухлисларга эслатиб қўйди. Яъни қандай қарор чиқаришидан қатъий назар, бош мураббий ҳақ ва унинг қарори муҳокама қилинмайди. Ташқаридан қараганда, Aлександр Хомяковнинг таваккалга асосланган алмаштиришлари ўз «мен»ига эътибор қаратиш учун амалга оширилгандек. У билардики, «Бухоро» ютқазган тақдирда ҳам бош мураббий жиддий айбланмайди. Шунинг учун вазиятдан устамонлик билан фойдаланди ва жамоа муҳитига бироз эго қоришган «мен»и таъсирини ўтказди. «Aндижон» томонидан истеъфога чиқарилган мутахассиснинг «Бухоро»да иш бошлаши билан боғлиқ эксперименти кубок ярим финалида ўзини оқлади. У Суперлига баҳсларида ҳам шу кайфият, шу руҳни ушлаб тура оладими, яна иккиланмай таваккалига иш тутадими? Буниси энди вақт ҳукмига ҳавола!
Ўзбекистон кубоги ярим финалининг иккинчи учрашувида ҳам мухлислар муросасиз кураш гувоҳига айланишди. «Пахтакор» финал йўлланмаси йўлида анча тер тўкди. Пенальтилар сериясини Марко Станоевич эмас, балки Хислат Халилов бошлаганида, чарчоқ ҳолидаги Aнвар Ҳожимирзаев зарба нуқтасига яқинлашмаганида, воқеалар бошқача ривожланиши ҳеч гап эмасди. Ҳайтовур, «Жар»да «Пахтакор»нинг омади чопди. Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасидаги учрашувлардан сўнг мухлислар, айниқса, наманганликлар «Навбаҳор» - «Қизилқум» тўқнашувини сабрсизлик билан кутишди. Ҳа, наманганлик мухлислар «Марказий» стадиони ўриндиқларини лиқ тўлдиришмади, лекин Шерзод Жўраевнинг қадами қутлуғ келиши билан боғлиқ баҳс-мунозаралар асло тинмади. Ёш мутахассис Сергей Лушандан фарқли ўлароқ, бразилиялик Гильерме Гедеш ва Жулио Сезарни майдонга туширмади. У учрашувдан кейинги матбуот анжуманида бундай ёндашувни шахсий қарори сифатида изоҳлади. Чакки эмас! Янги иш бошлаган ҳар қайси бош мураббийда ўзига ишонч руҳи бу даражада мустаҳкам бўлмайди. Ҳамма гап энди шу ишончни тизимли жараёнга айлантиришда, U-21 жамоаси сафидаги ёш истеъдодларни «Навбаҳор»нинг асосий таркибига тортишда! Шу ўринда эслатиш жоиз, кубок ярим финалида «Бухоро» учун ғалаба голини урган Нодир Aҳмаджонов аслида наманганлик эканлигига «Навбаҳор» мухлислари алоҳида эътибор қаратишди. Нодирнинг қалтис паллада масъулиятни ўзига олиб, узоқ масофадан зарба йўллагани наманганликларни қувонтирди ва улар «Навбаҳор» сафида ҳам шундай ёш футболчилар тўп суришларини исташмоқда.
Муҳаммад ВАЛИ