Футбол қатъий қонун-қоидаларга бўйсундирилганлигини ҳар бир мухлис жуда яхши билади. Лекин унинг ўзгарувчан табиатини бир қолипга солиш имконсиздир. Ҳар бир ўйин бошқасидан кескин фарқланади. Савияси тенг икки жамоа 3 кун оралатиб, уч марта ўзаро куч синашган тақдирда ҳам, ўйинлардаги илҳом-иштиёқ, тезлик-тактика, мақсад-натижа такрорланмайди асло. Мана, евроареналарда янги мавсумга старт берилди ва мухлислар бир-бирларини шод-у хуррамлик билан қутлашди. Хусусан, «Барселона» ва «Манчестер Cити» тарафдорларининг бошлари осмонга етди гўё. Ҳар икки суперклубдаги ўзгаришлар жараёни ҳали тўла-тўкис тинмаганиданми, мухлислар улардан 1-турдаёқ йирик ҳисобли ғалаба кутишмаганди. Балки шунинг учундир сафарда қайд этилган ишончли натижалар «Барса» ва «Сити» фанатларини беҳад қувонтириб юборди. Бироқ ҳар икки клуб бош мураббийи дастлабки турдаги шукуҳли ғалабадан сўнг камтарликни ўрнига қўйди.
Сафар учрашувининг дастлабки дақиқаларида катта устунликка эришиб, 2та гол урган «Барселона»нинг бемажол «Мальорька»дан икки футболчи четлатилгач, ҳужумни сусайтириб юборгани Ханс-Дитер Фликка ёқмади. Фикримизча, германиялик мутахассис танаффус чоғи футболчилар олдига 5-6та гол уриш вазифасини қўйган ва ўта йирик ҳисобли ғалабани истаган. Футболчилар аксинча, буни исташмади, чоғи. Улар фақат сўнгги дақиқалардагина 3-голни юзага келтиришди. Ўйин чоғи кутилмаган сценарийга испанча ва немисча ёндашувнинг фарқли жиҳатлари яққол кўзга ташланди. Ҳар бир ҳолатга ўта эҳтиросли ёндашадиган испанлар «Мальорка»ни аяшгани, айни чоғда ортиқча энергия сарфлашни мақсадга номувофиқ билишгани кўриниб турди. Рақибнинг ноқулай ҳолга тушиб қолганига эътибор қаратмайдиган совуққон Флик эса уларни қалбан тушунмади, тушунолмади. Эсланг, шу немислар ЖЧ-2014 финал босқичида Бразилия термасига ҳеч бир хижолатсиз 7та гол «тортиқ» этишганди. Немисча прагматизм испанча эмоционалликни тушуниши қийин, барибир.
Хосеп Гвардиола эса «Вулверхэмптон»га қарши сафар учрашувида қайдномага киритилмаган ёки майдонга тушмаган тажрибали футболчилар таъсирида жамоа ички муҳити бузилишидан хавотирда. Лекин у «Сити» таркибида кўпни кўрган футболчилар билан бирга ёш истеъдодлар сафи ўз ташаббуси, таъсири ва гувоҳлигида ошиб бораётганини ўйламаяпти ҳам. Қаранг, Флик рақиб жамоа кутилмаганда ноқулай аҳволга тушиб қолгани, Гвардиола эса «Манчестер Сити»да ортиқча футболчилар йиғилиб қолишганида ўзи ҳам сабабчи эканлигини ўйлаб кўрмаяпти. Aниқроғи, мураббийлар буни ортиқча ҳисоблаяптилар. Юзаки қараганда, ҳар икки мутахассиснинг ёндашуви ноинсонийдек ёки адолатсизликдек туюлади. Aммо Флик ва Гвардиола бежиз топ-мураббийлар қаторида эмаслар. Ҳар иккиси учун футбол муттасил ҳаракатдаги ва фақат олдинга интиладиган жараёндир. Совуққон Флик ва эмоционал Гвардиолани айни шу жиҳатлар бирлаштиради. Ўз вазифасини юксак даражада ато этиш ҳар иккиси учун устувор миссиядир.
Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқсак, Суперлигадаги вазият анчайин ғариблиги яққол сезилади. Жорий мавсум иккинчи даврасида «Динамо» билан дурангга кўнган, ўз майдонида ОКМКдан енгилган «Пахтакор» 19-турда «Сўғдиёна»ни доғда қолдириш асносида ўз ҳисобига 3 очко ёздириб қўйди. Бир қарашда ҳаммаси мантиққа мос, яъни сафар учрашувида Вадим Aбрамов жамоаси билан дуранг - ғалабага тенг. Миржалол Қосимов шогирдлари стандарт вазиятларни аъло даражада бажаришса, бунга «Пахтакор» айбдор эмас, албатта. Демоқчимизки, «шерлар»даги ҳар бир дуранг, мағлубият ёки ғалабанинг етарлича изоҳ, асоси бор. Қизиғи, айрим мухлисларни ўша асос-изоҳлар қониқтирмайди. Масалан, Ортиқали Маҳмаюсупов «шерлар» ўйинига маром етишмаётганини бир неча сабаб билан боғлайди. Унинг фикрича, «Пахтакор» ҳужум чоғи ҳуда-беҳуда Ҳожиакбар Aлижоновнинг ҳаракатларига таянаверади. Ўнг қанот бўйлаб майдоннинг бир чеккасидан иккинчи томонига тинимсиз югурган ҳам, «аут»дан тўпни отиб берган ҳам Алижонов. Нима, таркибда шу вазифани бажарадиган ундан бошқа футболчи йўқми? Куюнчак мухлиснинг саволлари шу билан тугамайди. У «шерлар» сафида тўп сураётган Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Муҳаммадрасул Aбдумажидов, Aбдурауф Бўриев каби ёш футболчиларда яққол ўсиш кузатилмаётганидан ташвишланади. Aйни чоғда ўзи каби мухлисларни «ИнтерФутбол» газетасини кўпроқ мутолаа қилишга чорлайди.
Ортиқали Маҳмаюсупов ўзбек ва жаҳон футболи ҳақидаги мақолаларни ижтимоий тармоқлардан эмас, балки «ИФ» саҳифаларида ўқишни маъқул кўрадиган мухлислар тоифасидан. «Ўйинлар натижаси ҳақидаги хабар-маълумотлар ўз йўлига. Уларни интернетдан тезда билиб олганимиз маъқул. Бироқ таҳлилий мақолаларни газетада ўқишнинг фойдаси катта!» - деб ёзади у таҳририятга йўллаган мактубида. Ортиқали Маҳмаюсуповни тушуниш мумкин. У «Пахтакор» ўйинида ранг-баранглик йўқолиб бораётганидан хавотирда. Ўйлаймизки, мамлакатимизда Ортиқали каби ўзгача мулоҳаза юритишга интиладиган, клубларимиз ўйинида сифат ошишини хоҳлайдиганлар жуда кўп. Улар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини таҳририятга йўллашса, лозим топишса, янада бошқача қарашларни баён этишса, бундан фақат футболимиз ютади. «ИнтерФутбол» таҳририяти эса бир масалага турлича ёндашувларнинг барчасини тинглаш, уларга минбар беришга тайёр.
Суперлигадаги вазият ҳам ҳар биримизни шундай йўл тутишга ундамоқда. Ўз майдонида «Навбаҳор»га ютқазган «Aндижон» сафарда «Машъал»дан ҳам енгилиб, мухлисларини роса ранжитди. Максим Шацкихнинг асосий таркибда ротацияга қўл ургани ўзини оқламади, иккинчи бўлимда амалга оширилган ўзгаришлар фойда бермади. Ўтган турда ҳам сифат, ҳам натижа бобида «Бунёдкор»дан устун кўринган «Сурхон»ни «Қўқон-1912»га қарши учрашувда таниб бўлмади. Ўзаро футболчи алмашавериб, баъзи мухлисларни чалғитиб юбораётган «Нефтчи» ва «Навбаҳор» ўртасидаги дуэль ҳам кутилган даражада курашларга бой ўтмади. Дейлик, Муҳаммадали Ғиёсов «Нефтчи»га қарши баҳсда ўз савиясини кўрсатолмади, Aлишер Одилов эса «Навбаҳор» билан қарама-қаршиликда етарлича фаол ҳаракатланмади.
Мулоҳазаларимиз аввалида таъкидлаганимиздек, Фликнинг наздида профессионал футболчи ҳар қандай вазиятда ўз ишига масъулият билан ёндашиши шарт, яъни рақиб жамоанинг 9 киши бўлиб қолганини ўйлаб, хотиржамликка берилиши ярамайди. Аксинча, у ўйин суръатини тинимсиз ошириши ва кетма-кет гол уриши лозим. «Барселона» футболчилари ҳам, Суперлига клублари аъзолари ҳам бу масалада Флик билан фикрдош эмасликларини турли вазиятлар, натижалар кўрсатиб турибди. Бу ҳолат на оқлаш ва на олқишлашга ярайди. Ҳа, шундай учрашувлар кузатиладики, мухлислар ўйин сифатига эътибор қаратишмайди, 0:0 ҳисобини ёқтирмай, ҳуштак чалишмайди. Ўзбекистон миллий жамоаси шундай учрашувда мундиал йўлланмасига эга чиқди ва ўша бу барчамиз учун унутилмасдир. Лекин футболчилар Суперлига тақвимидан ўрин олган ўйинларда дангасалик қилишса, илҳом ва иштиёқ билан тўп суришмаса, ғалаба йўлида жон куйдиришмаса, гоҳо рақибни қўллаб-қувватлашни истаётганликларини сездириб қўйишса, буни мухлислар ҳеч қачон тушунишмайди, тушунишни хоҳлашмайди ҳам. Танқид ва олқиш исканжасида қийналаётган Суперлиганинг бугунги манзараси шундай!