Ёки покер даҳоси қандай қилиб «Брайтон» ва «Юнион» футбол империясини яратган?
Сир эмаски, бугунги кунда футбол клублари тобора молиявий корпорацияларга ўхшаб бормоқда. Уларда трансфер битимлари асосан катта маълумотлар манбаи ва қўшимча ўрганишлар асосида тузилади. Аммо баъзи клублар бу каби алгоритм ва статистик кўрсатгичларга кўр-кўрона ёндашса, бошқалари скаутлар маҳоратига таянади. Тони Блум эса бу борада ўзига хос «олтин оралиқ»ни топган. У ўз қўл остидаги жамоалар фаолиятида мукаммал созланган тизимни яратиш асносида «Брайтон» ва «Юнион Сент-Жиллуаз»ни битта машинанинг асосий қисмларидек узвий меҳанизм остида ишлайдиган кўринишга келтирган. Аниқроқ айтганда, кимлардир юлдуз футболчилар учун миллионлаб пул сарфлаётган паллада Тони кўпроқ ёшлик ва иштиёққа таянмоқда. Бундай стратегия эса замонавий футболда қандай қилиб муваффақиятга эришиш ҳақидаги тасаввурни ўзгартирадиган даражада самарали.
Келинг, барчасини бошидан бошлаймиз. Аслида Блумнниг фалсафасини тушуниш учун скаутликни санъат сифатида қабул қилиш ғоясидан воз кечиш керак. Тони учун бу эҳтимоллик фанидир. Шу боис унинг Star Lizard компанияси футболчилар ҳақидаги маълумотлар якуний сўз эмаслигини ҳисобга олиб, клубга мос бўлмаган вариантларнинг 95 фоизини филтрлайдиган махсус тизим ишлаб чиққан. Қолган 5 фоиз эътибор скаутларга қаратилади: Янги иқтидор? Хўш у бизнинг тизимимизга мос келадими? Текшириш керак.
Биргина Мойсес Кейседони олайлик. 2020 йилда унинг Эквадор лигасидаги статистикаси қизиқ бир парадоксни кўрсатди. Гап шундаки, майдонда рақиб ҳужумини тўхтатиш билан шуғулланувчи («бузғунчи») деб баҳоланган ўйинчи аслида плеймейкерларнинг статистикасини кўрсатди: жамоасига тегишли майдон ярмидан ҳужумчилар томон 92 фоиз тўп узатиш. Айтиш керак мазкур кўрсаткич, ҳатто юқори лигаларда ҳам бор-йўғи бир нечта ўйинчилар эришган статистикадир. Унинг ҳар бир ўйиндаги зарбалар кўрсатгичи эса Н'Голо Кантенинг энг яхши давридаги натижалари билан бир хил. Аммо асосийси унинг «прогрессив масофаси» эди - ҳар бир ўйин учун 180} метр. Хуллас Тони Блум яратган тизим Кейседони классик «олтинчи рақам» эмаслигини, балки гибрид футболчи (рақиб ўйинини бузиш ҳамда олдинги чизиқда ташаббус кўрсатиш) эканлигини тан олди. 5 миллион евролик нарх ёрлиғи эса улар учун хавф эмас, балки муваффақиятга эришиш эҳтимоли ҳисобланган сармоя эди.
Алексис МакАллистернинг ҳикояси эса янада нозик. Айтайлик унинг Аргентинадаги асосий кўрсаткичлари унчалик таъсирли эмасди: 23 ўйинда 3та гол. Аммо айрим маълумотлар бунинг аксини кўрсатди: у Жанубий Америкада ўз ёшига нисбатан прогрессив паслар бўйича 94-процентильни, ярим ҳимоядаги узатмалар бўйича 89-процентильни эгаллади. Энг муҳими, унинг тўпга эгалик қилиш индекси юқори бўлиб марказий ҳудудларда тўп йўқотишлар 10 фоиздан кам эканлиги аниқланди. Бу эса Алексиснинг шунчаки техник маҳоратдан ташқари тактик жиҳатдан ?ам интизомли футболчилигидан далолатдир.
Каору Митома эса ўйинчилардан кўп қирралиликни излашнинг яққол мисолидир. У J-Лига баҳсларида 15Қ прогрессив ҳаракатлар билан Европанинг энг яхши вингерлари даражасидаги кўрсатгични намойиш этган. Майдоннинг учинчи қисмдаги муваффақиятли дриблинглар 80 фоизга тенг. Бу эса Маненинг кўрсатгичларига яқин. Аммо тизим осиёлик футболчида ҳам ўзига хос параметрни аниқлади: чап ва ўнг қанотлардаги ҳужум ҳаракатларининг 70 фоиз аниқлиги. Кўпчиликка тушунарлики, тактик мослашувчанлик даврида бу сифат кўплаб мақсадлардан кўра қимматроқ. 3 миллион евролик трансфер нарх эса бундай иқтидор учун арзимас маблағ албатта.
Мазкур тизим ҳақида ким қандай фикрда?
«Юнион» техник директори Филипп Борманс Het Laatste Nieuse нашрига берган интервьюсида: «Биз шунчаки фермер клуби эмасмиз. Биз ғоялар ва ўйинчилар синовдан ўтадиган лабораториямиз. Вазифамиз нафақат истеъдодларни ривожлантириш, балки уларни «Брайтон» тизимига тайёрлашдир».
«Брайтон»нинг собиқ бош мураббийи Роберто Де Зерби: «Сафимизга «Юнион» футболчиси олиб келинганда у бизнинг принципларимиздан аллақачон хабардор бўлиб улгурган бўлади. Уларга юқори прессинг нима эканлигини, тўпга эгалик қилишда қандай ишлаш кераклиги ва бошқа масалаларни тушунтиришга ҳожат йўқ».
Ҳа тўғри эҳтимол Блум Американи кашф қилмагандир. Лекин футболда скаутлик тўлиқ маълумот бера олмаслиги, уни янада самаралироқ қилиш учун қандайдир ечим топиш кераклигини ҳаммадан теранроқ тушунди. Бошқа клублар «юлдуз» ўйинчиларни йиғиш билан банд бўлаётган паллада у ўзининг тактик тизимига жуда мос келадиган истеъдодларни излаш билан овора бўлди.
Натижада у қисқа фурсат ичида трансферлардан 400 миллион евродан ошиқ даромад ишлаб топди. «Юнион»да йўлга қўйган тизими шуни кўрсатадики, замонавий футболда энг юқори нархни таклиф қилган шахс эмас, балки энг яхши ҳисоб-китобга эга томон фойдада бўлади. Шунингдек, айрим гранд жамоалар муваффақиятсизлик гирдобидан тезда қутулиб қолиш учун катта маблағ сарфлаётган бир пайтда Блум узоқ йиллар давомида ўз мевасини берадиган барқарор моделни қурмоқда. Лекин кўриниб турибдики, бу унинг жаҳон футболидаги сокин инқилобининг бошланиши холос.
Манба: sports.ru,
ХУРШИДБЕК тайёрлади