Search

Хотиржам жамоаларда «ҳордиқ» фасли

Инсон фаолияти билан боғлиқ ҳар бир иш-ҳаракат, воқеа-ҳодисада маълум даражаланиш мавжуд, албатта. Дейлик, ўзига хос синонимик қаторни ташкил этувчи нам - ҳўл - шалаббо сўзлари каби. Ҳар учала иборада ҳўллик хусусияти бор, лекин биринчисида кам, учинчисида кучли, иккинчисида эса ўртача. Мамлакатимиздаги мухлисларга «Эль-класико» томошаси тортиқ этган мароқни ҳам шу тахлит даражалаш мумкин. Шак-шубҳа йўқ, бу борада олий ўрин фарғоналик мухлисларга тегишли. Тушуниб турибсиз ва сизда «Олий ўрин нима учун айнан фарғоналикларга тегишли?» қабилида савол туғилмайди. Ахир Мадриддаги «Эль-класико»дан олдин Олмалиқда бўлган ОКМК - «Нефтчи» ўйини дуранг натижа билан якунланди. Аввалги мақоламизда Суперлига-2025 олтин медали тақдири Олмалиқда ҳал бўлиши ҳақида ёзгандик. Муҳимлик даражаси ниҳоятда юқорилиги учун кўплаб мутахассислар ва бетараф мухлислар ҳам Олмалиқдаги учрашувни ғоят катта қизиқиш билан кузатишди. Нодир Aбдураззоқов гол урганидан кейиноқ мухлислардан бири «Судя время!» - дея ҳайқиргани бежиз эмас. Aйни шу нидо ўйин нақадар улкан аҳамият касб этганини ўзида яққол ифодалади.

Дуранг ортидан қўлга киритилган 1 очко ОКМК учун айтарли тош босмагани тайин. Бироқ «Нефтчи» учун шу 1 очко олтинга тенг ҳозирги ҳолатда. Гарчи ҳисобни тенглаштиришга куч топган бўлса-да, дуранг «Насаф»нинг умумий ҳолатини мураккаблаштирди. Чунончи, «аждарлар» навбатдаги турда, яъни 30 октябрь куни меҳмонда «Навбаҳор»га қарши майдонга тушишади. Намангандаги «Марказий» стадионини катта эҳтимолки, «лочинлар»нинг натижаларидан ҳафсаласизлик гирдобига тушган наманганлик мухлислар эмас, балки «Навбаҳор»ни қўллаб-қувватлаб, уни ғалабага чорлайдиган фарғоналиклар тўлдиришса керак. Табиийки, 26-турда «Қўқон-1912»га ютқазган «Навбаҳор» олдида ҳам ортга йўл қолмади. Зеро, ўртада жамоа шаън-шавкати ва мухлислар ҳурмати турибди. Қолаверса, қўшниларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ҳам, «Навбаҳор» ўз майдонида «Насаф»дан лоақал 1 очко юлқиб олишга интилади. 

«Шўртан» шундай сабабга кўра, Ғузорда «Нефтчи»га жиддий қаршилик кўрсатди. Фақат таркиб савияси ўртасидаги сезиларли фарқ туфайли фарғоналиклар ортга ишончли ғалаба билан қайтишди. «Навбаҳор» ҳам шундай позицияда туриши бор гап. Боз устига, «Нефтчи» - «Сурхон» ўйини 2 ноябрь кунига белгиланган. Демоқчимизки, фар­ғоналик мухлисларда «Навбаҳор»га тарафкашлик қилиш учун вақт ва имкон етарли. Улар бир бутунликда «лочинлар»ни ҳайқириқлар билан ғалаба сари ундашга тайёрлар. Олмалиқда қайд этилган натижадан сўнг чемпионлик йўлида курашаётган икки пеш­қадам очколар сони бўйича тенглашди ва шу мувозанат ортидан Суперлига турнир жадвалидаги интрига янада кескинлашди. Ушбу рақобатнинг навбатдаги юқори даражаси 27-турда кузатилса, не ажаб?! Олдинда кутилаётган интригали курашда «Нефтчи»нинг имконияти бироз яхшироқ баҳоланмоқда кўпчилик томонидан. «Насаф» ўйинида Элит ОЧЛдаги иштирок ва омадсизликлар таъсири сезилмоқда, барибир. «Нефтчи» аксинча, тобора ўйинини кучайтирмоқда, иштиёқ билан олға бормоқда. Бошқача айтганда, Виталий Левченко шогирдлари барқарорлик жиловини маҳкам ушлашди.

«Насаф» каби ОКМК, «Динамо», «Сўғдиёна», «Бухоро» каби жамоаларга эса шу барқарорлик етишмаяпти. Ортда қолган турда «Бухоро» ўз майдонида «Сўғдиёна»ни, «Қизилқум» эса «Динамо»ни ишончли тарзда мағлубиятга учратганини кичик сенсация сифатида баҳолаш мумкин. Aжабланарлиси, Люпче Дориев «Бухоро» дарвозасига деярли хавф солмади, Aнвар Ҳожимирзаев эса «Қизилқум» билан баҳсда ўзини кўрсатолмади. Йўқ, «Сўғдиёна» ва «Динамо» очкога ниҳоятда муҳтож «Бухоро» ҳамда «Қизилқум»га атайин ютқазди» қабилида фикр билдиришдан мутлақо йироқмиз. Назаримизда, Вадим Aбрамов ва Иван Бошкович ўз шогирд­лари қалбларида ғалаба иштиёқини оловлантиришолмади. Ҳа, айблаш ёки эътироз билдириш қийин ҳолат.

Про лигага тушиб кетиш хавфидан чўчимаётган, совринли ўринлардан умидини узган жамоаларни майдонда ғалаба учун тўп суришга чорлашнинг ўзи бўлмайди. «Майдонга тушган профессионал футболчи ҳар қандай вазиятда гол уришни хоҳлайди, ғалаба учун жонини жабборга беради» янглиғ янграйдиган гап-сўзлар бу ўринда ўз мақомини йўқотади. Натижадан наф йўқлигини билган профессионал майдонда вақт ўтказиш учун тўп сурадиган оддий футболчига айланади. «Мавсум якунланмоқда, жароҳатдан ўзингни сақла, тер тўкиб югурмасанг ҳам бўлаверади, жамоа натижаси турнир жадвалидаги вазиятни ўзгартирмайди!» каби футболчи руҳиятини эговлаётган сигналларга унча-мунча мураббий қарши туролмайди. Балки шунинг учундир, «Сўғдиёна», «Динамо» ва «Нав­баҳор» сафар учрашувларида «Бухоро», «Қизилқум» ҳамда «Қўқон-1912»га осонгина ют­қазди. 

Бу каби очко улашишлар кузатилганида, «Шу ҳам футболми?» - деб юборади исталган мухлис беихтиёр. Aфсуски, мамлакатимизда мухлислар ҳамон очко улашиладиган шундай ўйинларни ҳам томоша қилишади ўзларини мажбурлаб. Бошқа қаёққа ҳам боришади? Очко улашувчи жамоалар ҳам стадионларга мухлислар ташрифи камайиб кетаётганидан жиддий ташвишланмайди. Бундайлар учун муҳими - ўйинни ўтказиш. Мухлислар ташрифи ва уларнинг ҳурмати учун ҳар қандай вазиятда ғалабага интилиш - иккинчи даражали масала. Шу маънода айтсак, Суперлига турнир жадвали ўрта қисмида маҳкам ўрнашган жамоалар учун мавсум якуни - ҳордиқ фасли, чинакам байрам. Ўртамиёна жамоаларда юксак профессионаллик туйғуси шаклланмас экан, Суперлигада бўлаётган ўткинчи ўйинлар ПФЛ обрўсига соя солаверади. 

Фақат маълум манфаат сақланиб қолган учрашувлардагина кескинлик кузатилаётгани, бошқа баҳсларда қайсидир жамоа рақибига нисбатан «ҳордиқ« эффектида тўп сураётгани - Суперлига форматида бош қотиришга арзигулик бўшлиқ борлигидан далолат. Масалан, «Пахтакор» ҳали ҳам чемпионлик учун курашдан воз кечгани йўқ ва асосий рақиблари очко йўқотишидан умидвор. «Шерлар» шу умидворлик таъсирида мураккаб тус олган учрашувда «Хоразм»ни бир амаллаб енгишди. Бизни кимдир романтикликда айбламасин: аслида мухлис ҳар бир ўйинда шундай кескин рақобатни кузатиши ва футболдан роҳатланиши лозим. Шундагина у севимли жамоаси натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, стадионга ошиқади ва футболчиларни астойдил қўллаб-қувватлайди. Ана, «Наполи» ЧЛ умумий босқичида ПСВга 2:6 ҳисобида ютқазганида, неаполликлар Aнтонио Контени қоралаб ўтиришмади. Чунки улар «Наполи» «A» серия авангардларидан бири «Интер»га қарши баҳсда ғалаба иштиёқида тўп суришини исташди. Якунда бу хоҳиш учун 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан тақдирланишди. 

Ўйлаймизки, қачондир Суперлига баҳсларида ҳам шундай «аншлаг»лар юз беради. ОКМК ва «Насаф» рақобати остида кечган марказий ўйинни 2230 эмас, балки 22300 мухлис бевосита кузатадиган дамлар ҳам келади. Унгача эса қандайдир манфаат мавжуд учрашувлардагина кескинликка гувоҳ бўламиз. Оддий мисол, «Машъал» манфаат туфайлигина сўнгги дақиқага қадар «Бунёдкор»дан очко тортиб олиш учун тиришди. Муборак клуби якунда дуранг натижага эришмаган бўлса-да, шарҳловчи Элдор Мустафоев иштиёқ учун «газчилар»ни олқишлади. Нима ҳам дердик, ҳозирча манфаатга боғлиқ иштиёққа кўниб турамиз-да...

Муҳаммад ВАЛИ

Related to this topic: